Sentabr 17, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

“Бор меҳримиз сенга, болажон!”

 873 total views,  3 views today

Халқимиз асл бахтни фарзандлари саломатлиги, бахту камолида деб билади. Айниқса, бирор дардга йўлиққан болажонларнинг саломатлиги учун курашиш, уларнинг оёққа туриши учун бор имкониятини ишга солишга тайёр турган ота-она учун бу истакнинг амалга ошиши ҳаёт-мамот масаласидир. Қон хасталиклари, жумладан, оғир даражадаги камқонлик, қон саратони (лейкоз), қон ивиш тизими ишининг бузилиши (гемофилия) каби касалликлар билан оғриган болалар, албатта донорлар кўмагига муҳтож.

Республика ихтисослаштирилган гематология ва қон қуйиш илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда унинг ҳудудий бўлимларида “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан “Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остида беғараз донорлик акцияси ўтказилди.

Ҳар йили “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” муносабати билан ташкил этилиб, анъанага айланган мазкур хайрия акцияси карантин шароити ҳамон давом этаётган бугунги кунда ҳам жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини кенг тарғиб қилишга қаратилганлиги билан аҳамиятли бўлди.

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Республика бўйлаб барча ҳудудлардан Кенгаш ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, маҳаллий кенгаш депутатлари, Аёллар қаноти, “Ёш адолатчилар” Кенгаши аъзолари, партия фаоллари ва кўплаб юртдошларимиз савобли ишга ҳиссаларини қўшиш мақсадида хайрия акциясида иштирок этишди. Донорлар орасида давлат, жамоат арбоблари, турли вазирлик, муассаса, ҳамда ташкилотлар масъул ходимлари ҳам бор.

— Мазкур акцияни ўтказишдан мақсад тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш, инсонларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш орқали беморларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини кенг тарғиб қилишга қаратилган, – дейди партия Сиёсий Кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов. – Бугунги “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни”да шифокорлар ҳам эҳтиром кўрсатилишга лойиқ. Зеро, ушбу марказда тиббиёт ходимлари болаларга меҳр кўрсатиш орқали шифо беришга уринмоқдалар. Марказда даволанаётган беморлар учун ҳаёт манбаи – қон муҳим эканлигини ҳис этган ҳолда “Адолат” СДП юртдошларимизни донорликка чорлади.

Вилоятлар ва туманлар марказидаги кўп тармоқли болалар шифохоналарида ўтказилган беғараз донорлик акциясида турли касалликлар ёки бахтсиз ҳодисалар туфайли қонга муҳтож бўлган бемор болажонларга ҳаёт бағишлаш ва уларнинг соғайиб кетишларига ҳисса қўшишдек хайрли ва савобли ишга бел боғлаган юртдошларимиз ихтиёрий равишда қон топширди.

— Давлатимиз томонидан қон хизмати муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш, қон ва унинг таркибий қисмлари хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, кенг жамоатчилик орасида беғараз донорликни ривожлантиришга қаратилган қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилмоқда, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Зуҳра Ибрагимова. —  2002 йил қабул қилинган “Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни юртимизда бу борадаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солади. 2016 йили мазкур қонунга бир қанча ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, жумладан, унга кўра “Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” кўкрак нишони таъсис этилди. Бундан асосий мақсад қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини ривожлантириш, аҳолининг кенг қатламларини бепул донорликка жалб этишдан иборатдир.

Акция давомида барча донорлар бемор болажонларга ҳаёт бағишлаш ҳамда уларнинг соғайиб кетишларига ҳисса қўшганидан ҳурсанд эканликларини билдирдилар. Ушбу хайрия тадбири кўнгиллиларни бирлаштириб, инсонпарварлик ва меҳр-оқибат намуналарини ўзида акс эттирган акция болажонлар учун чин маънодаги ғамхўрлик белгиси бўлди.

— Беғараз донорлик кимнингдир саломатлиги, унинг ҳаёти учун ҳадя этиладиган бебаҳо неъматдир. Айниқса, болаларнинг саломатлигига қаратилган бўлса, савоб қилишга янада кучлироқ ундайди, – дейди Республика ихтисослаштирилган гематология ва қон қуйиш илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим бошлиғи Наргиза Бобохонова. – Донорлик учун тарғиботни кучайтириш доимо долзарб масала бўлиб келган. Қон топшириш соғлом одам учун хавфсиз. Нафақат хавфсиз, балки фойдали ҳамдир. Айниқса эркакларга фойдали бўлиб, инсульт ва инфаркт­дан ҳимоялайди.

— Хайрия акциясига ташриф буюрганларнинг кўзида аввало меҳрни кўряпман, – дейди Рес­публика қон қуйиш маркази катта ҳамшираси Муҳаббат Каримова – Уларни соғлом ҳолда ва ана шу саломатлик неъматининг қадрига етган инсонлар деб биламан. Донорлар қанча кўп бўлса, шунча яхши. Чунки қонга муҳтож беморларимизга бировнинг қони малҳамдек шифо беришга қодир. Аксарият ҳолларда энг кучли дори-ю жиддий муолажалар ҳам қон ўринини босолмай қолади.

Тиббиёт ходимлари томонидан акция иштирокчиларига донорликнинг организм учун фойдали жиҳатлари, афзалликлари хусусида  кенгроқ тушунча берилди. Бугунги тадбирнинг бош мақсади ҳам инсонларда қон қуйиш учун хавфсиз қоннинг муҳимлиги ва қон донорларининг зарурлигини чуқурроқ англашларини шакллантиришдир.

— Ҳар йили икки марта қон беришга одатланганман. Донорлик менда безовталик туғдирмайди, аксинча, қон топширгач, ўзимда енгилликни сезаман, – дейди донорлардан бири Шерзод Қосимов. – Хаста болалар тузалишига кўмаклашиш истаги бугун мени бу ерга бошлаб келди. Соғлиғим кўтарар экан, қўлимдан келар экан, беморларга ёрдам беришни ўз бурчим деб биламан.

Тадбирда болажонларга шифо улашаётган тиббиёт ходимлари партия Сиёсий Кенгашининг фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, фаол донорларга ҳам ташаккурнома ва совғалар тақдим этилди.

Бугун партия билан ҳамкорликда бошқа ташкилотлар ҳам беморларга меҳр кўрсатишда очиқ бўлди. Жумладан, “Беғараз ёрдам” фонди болажонларга ўз ҳадяларини тайёрладилар.

— Инсондан яхшилик қолади. Айниқса, бир оғиз ширин сўзга муҳтож беморларга мурувват кўрсатиш фаолиятимиз асосидир, – дейди фонд раҳбари Гулнора Каримова. – Бугун айнан бемор болаларга атаб пархезбоп маҳсулотлар ва китоблар олиб келганмиз. Уларни эгаларига топшираётиб, кўзларидаги қувончдан ўзимиз ҳам ҳаяжонга тўлдик. Марказдаги барча нуридийдаларга шифо тилаймиз. Бундан кейин ҳам улар билан елкама елка туриб, ёрдам беришга тайёрмиз.

Бухорлик Хуршида Хотамованинг қизи апрель ойидан бери шу ерда даволанмоқда. Саккиз ёшли қизчага ўткир анемия ташхиси қўйилган. Қондаги гемоглабин миқдори 80-90 рақамларини кўрсатса, “Қоним кам экан”, дея хавотирга тушамиз. Бу қизалоқда эса гемоглабин миқдори атиги 4.8 ни кўрсатмоқда. Касалликнинг сабаби эса тиббиётда ҳозирча тўлиқ ўрганилмаган. “Аломатлари нисбатан камайиб, қизимнинг аҳволи яхшиланаётганидан хурсандман, лекин ҳали яна анча даволанишимиз керак”, дейди унинг онаси. Байрам ва совғалар она-боланинг кўнглини тоғдек кўтарди.

Яқинда 11 ёшни қаршилаган Бекзод Тўлибоев марказга Қорақалпоғистон Республикасидан келган. Унда ўткир лейкоз (оққон) қайд этилган бўлиб, ҳозирда кучли муолажаларни қабул қилмоқда. — Катта бўлсам, шифокор бўламан, – дейди у. – Лекин шифокорлик осон эмаслигини кўриб турибман. Яхши ўқиб, шифокор бўлсам, ўзим каби болаларни даволайман. Уларни тез тузатсам, кунларини касалхонада дори, уколлар билан ўтказмасдан, мактабга боришади, мазза қилиб ўйнашади…. Шу каби, кўзга ёш қалқитган, юракларни ўртаган суҳбатларга акция давомида кўп бор гувоҳ бўлдик.

“Адолат” СДП ташаббуси одамлар ўртасида меҳр-оқибат занжирини янада жипслаштириб, бемор болажонларнинг тезроқ соғайиб шифо топиш­ларида етакчи омил бўлаётир. Қолаверса, кўнгилли донорларнинг инсоният олдидаги хизматларини рағбатлантириб, уларга миннатдорчилик билдирилди.

Беғараз донорлик акцияси Республика бўйлаб барча қон қуйиш марказлари филиалларида давом этмоқда. Партиянинг ҳудудий Кенгашлари фаоллари акцияларда ташкилотчилик ва ташаббускорлик билан жонбоз­лик кўрсатмоқда. 

Дурдона АЛИМОВА,

“Адолат” СДП Матбуот хизмати ходими