Sentabr 17, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

“Бизниям эшитасизми, ҳоким бобо?”

 1,335 total views,  2 views today

Ажойиб одамлар бор-да… Қайси куни қиш­лоққа боргандим. Кейин сафарим қариб, Тошкентга қайтадиган бўлдим. Қишлоқдаги катта йўлда туман марказига кетиш учун машина кутиб ўтирсам, қишлоқдошим Қимтинбой ака келиб, қўлимга бир хат берди. Шуни почта қутисига ташлаб кет, деб илтимос қилди. Ҳайрон бўлдим, ҳозир хат ёзишишлар бўлмаса керак, деб ўйлаб юрардим. Қарасам, хат туман ҳокимига ёзилган экан. Бировнинг хатини ўқиш беодоблик бўлишини билсам-да, ичида нима ёзилганига жуда қизиқдим. Охири чидолмадим. Ўзинг кечир, дедим-да, мактубни секин очиб ўқий бошладим:

“Ассалому алайкум, ҳоким бобо! Мен туманингиздаги Ришват қишлоғида яшовчи Қимтинбой Чидамовман. Ҳол-аҳвол сўрамасдан гапимни бошламасам, бўлмайди, чунки кичкина ўғлим Ривожбек: “дада, ручкамни ишлатиб бўлдингизми, дарс қилишим керак эди”, деб сўраяпти.

Ҳоким бобо, сиз билан учрашиш учун пешонасига семиз-семиз ҳарфлар билан “ХАЛҚ ҚАБУЛХОНАСИ” дея ёзилган бинога бир неча марта бордим. Лекин гоҳ ичкарига киритишмади, гоҳ сизни йўқлигингизни айтишди. Охири нима қилишни билмай, хат ёзишга қарор қилдим. Кошки, шу бир парча қоғоз биз сиғмаган хонангиз эшигига сиғиб, қўлингизга тегса…

Ушбу мактубимни ёзишимдан муродим қуйида келтириб ўтилажак муаммоларимиз ҳал этилгусидан умидимиз борлигидир. Энди муаммоларга бир-бир тўхталиб ўтсак.

Ўзим деҳқонман, бор даромадим шу деҳқончиликнинг орқасидан. Экин-тикинларни минг заҳмат ила сув талашиб, ҳали у, ҳали бу билан ёқалашиб, ҳали у касалликка қарши, ҳали бу ҳашаротларга қарши курашиб, етилтириб оламиз. Кейин сотиш учун бозорга олиб чиқамиз. Йўл ҳақи ҳам қиммат бўлиб кетган. Шафёрлардан сабабини сўрасам: “Эй, ака, газнинг нархи ошиб кетган, йўлларда “яма” кўп, машинани тез-тез тузатиб туришга тўғри келяпти. Бу ҳам майли, бир “налог”га тушсам, қайтиб ўзимни ўнглолмай кетаман”, дейди. Ҳа, уларга ҳам қийин экан, деб қўйдим ичимда.

Шу десангиз, бозорнинг ичида маҳсулотимни сотиш учун жой йўқ. Қаерга бориб ўтирмай, бир олиб-сотар келиб, бу менинг жойим, дейди. Ноилож бозордан чиқиб, кўчанинг четига жойлашсам, бир бозор ходими келиб “чек” сўрайди. Бироздан кейин эса уч-тўртта мелитсионерлар келиб, “бу ер бозор эмас, кўча”, деб мен ва менга ўхшаганларни қувиб солади.

Майли, булар арзимаган муаммолар. Бир амаллаб олиб келган нарсаларимни сотаман. Энди уйга бозор-ўчар қилиш керак. Нарх-наволарни эшитиб чуқур ўйга толаман. Уч литр пахта ёғи олсам, йўл ҳақига пул қолмас экан, лекин болаларга ширинчой қилиб ичиши учун шакар ҳам олишим керак эди. Ёғдан камроқ олиб турамиз-да, бош­қа илож йўқ. Янаги бозоргача ёғни кам кўтарадиган овқатлар қилиб турармиз. Катта ўғлим Юксалбекка дарёдан балиқ тутишингни йиғиштир, дейман. Буёғи ов мавсуми ҳам тугаган. Ўзи яқинда иккита экология ходими бошимни қотириб, чўнтагимни қуритиб кетганди. Қолаверса, икки литр ёғга уч марта яхшилаб балиқ қовурсангиз, қозонда бир ялам ҳам ёғ қолмайди. Қорин бир гап бўлар-у, лекин уч ўғлим – Юксалбек, Бирдамбек ва Ривожбекларнинг келажагини ўйлашим керак. Кичкинаси мактабда ўқийди. Иккитаси эса мактаб ва коллежни битирган. Ишининг мазаси йўқ, иккови ҳам Россияга кетсамми, деб юрибди. Уйланинглар энди, десам, улар: “дада, бу уйга тўй қилиб, келин тушириб бўлмайди”, дейди.

Узр, ҳоким бобо, сизга айт­моқчи бўлган асосий гапимни сал қолса, унутай дебман. Деҳқончилик қилишим учун ўн сотихгина бўлса ҳам ер ажратиб берсангиз, девдим.  Ҳарна рўзғорга қўшимча даромад бўлиб ётарди-да. Албатта, бу илтимос сифатида. Чунки ерлар нархи қимматлигини биламан. Яқиндагина қўшним фермер билан келишиб фермер хўжалиги ерининг бир чеккасидан уй қуриш учун олган жойига неча пул берганини эшитганимда ёқамни ушлагандим. Хуллас, шу илтимосимни бир кўриб чиқасиз, деган умиддаман.

Айтганча, ҳоким бобо, кеча телевизорда айтиб қолди, “НАСА” деганимиди ё бошқасимиди, ишқилиб, космосга ракета учирганмиш. Ўлсин, уни бизга зиёни бўлмас-а?..”

Муродбек ҲАЙДАРОВ,

ЎзЖОКУ талабаси