Iyun 22, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Вaкцинaнинг фойдaси хaвфдaн юқори, aммо…

 474 total views,  4 views today

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) рўйхатидан ўтган вакциналарга бўлган ишонч қатор мамлакатларнинг кун тартибида турган муҳим масала бўлиб турибди. Aввалига, “AstraZeneca” деб номланган инглиз-швед фармацевтика компаниясининг коронавирусга қарши вакцинаси жорий йилнинг 25 мартидан бошлаб “Vaxzevria” дея қайта номланди. Негадир айни шу вакцинага нисбатан мамлакатлар орасида шубҳа-гумон оралаган.

Буюк Британиянинг Швециядаги “AstraZeneca” фармацевтика консернининг коронавирус вакцинасига бўлган ишончи бир вақтнинг ўзида Европанинг бир қатор мамлакатларида пасайиб кетди. Препаратга нисбатан икки хил: яхши ёки ёмон қараш пайдо бўлди. Британиянинг “YouGov” институти томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, бир ой ичида “AstraZeneca” вакцинасига ишонмайдиган немислар сони 15 фоизга ўсди ва 55 фоизга етди. Германия аҳолисининг атиги 32 фоизи препаратни фойдаланиш учун хавфсиз деб ҳисоблайди. Францияда “AstraZeneca”га ишонмайдиганлар сони 61 фоизга етди. Испания ва Италияда 40 фоиздан камроғи препаратнинг хавфсизлигига ишонади. Ушбу натижаларга қарама-қарши бўлган Буюк Британиянинг маълумотлари, бу ерда аҳолининг учдан икки қисми “AstraZeneca” вакцинасининг хавфсизлигига ишонч билдирмоқда.

Юқоридаги давлатларнинг “Astra­Zeneca” препаратига ишонмасликларига сабаб нимада? Европа дори-дармон агентлиги (ЭМA) коронавирусга қарши “AstraZeneca” вакцинаси ва уни қабул қилганлар орасида кузатилган тромбоз (томир ичида пайдо бўладиган қон лаҳтаси, томир деворига ёпишиб, қон оқимига халақит беради) ҳолатлари орасида боғлиқлик борлиги ҳақидаги маълумотларни тасдиқлади. Aгентлик ушбу ҳолатларни вакцинанинг жуда камдан-кам учрайдиган акс (ён) таъсири деб атамоқда. Вакцинанинг соғлиққа зарарини ўрганиш ва эмлаш стратегияси бўлими раҳбари Марко Кавалерининг айтишича, препаратнинг нега бундай таъсир қилганлигининг сабаби маълум эмас. Ҳозирча бу борада изланишлар ҳали давом этаётганлигини такидлаган. Баъзи мамлакатлар тромбоз ва ҳатто эмлашдан кейин беморларнинг ўлими ҳақида хабар бергандан сўнг “AstraZeneca” вакцинасини қўллашни дарҳол тўхтатиб қўйишди. Ушбу хабарларга қарамай, 18 март куни Европа дори-дармон агентлиги ушбу препаратни доимий равишда ишлатишга чақирди. Германия 19 март куни “AstraZeneca” билан эмлашни қайта бошлади.

Буюк Британияда ва Бразилияда ўтказилган “AZD1222” клиник синовларининг оралиқ таҳлилидан олинган ижобий натижаларига кўра, иккала дозалаш режимининг умумий таҳлили (н=11636) ўртача 70% самарадорлигини кўрсатган. Кам даромадли мамлакатларда вакциналар мавжудлигини тезлаштириш учун компания Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидан Фавқулодда вазиятларда фойдаланиш рўйхатини (EUL- Emergency Use Listing) сўрайди. Бунга параллел равишда, оралиқ натижаларни тўлиқ таҳлил қилиш экспертлар журналида нашр этиш учун юборилади. “Қизиғи шундаки, биз синовдан ўтказган дозалаш режимларидан бири тахминан 90% самарали бўлиши мумкин ва агар ушбу дозалаш схемасидан фойдаланилса, режалаштирилган эмлаш таъминоти билан кўпроқ одам эмланиши мумкин эди”, – деди профессор Эндрю Поллард, Оксфорд вакцинасининг асосий тадқиқотчиси.

“Covid-19 касалхонага ётқизилиши ва ўлим даражаси юқори бўлган жуда жиддий касаллик, ҳар куни коронавирус бутун Европа бўйлаб минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлмоқда”, – деди ЭМA вакили Эмер Кук. Шу билан бирга, Эмер Кук барча ёш ва жинс гуруҳларида камдан-кам учрайдиган тромбоз ҳолатлари кузатилганлигини тасдиқлади, аммо ёши, жинси ёки қон қуйқаларига мойиллик каби ўзига хос хавф омиллари аниқланмаган. “Бизнинг хавфсизлик бўйича қўмитамиз, “AstraZeneca” вакцинасининг Cовид-19 нинг олдини олишда фойдаси одатда ножўя таъсирлардан юқори эканлигини тасдиқлайди”, – деди у.

Шунингдек, Вакцинация ва эмлаш бўйича қўшма қўмита (ЖCВИ) раиси, профессор Вей Шен бир нечта муҳим фикрларни билдирган:

 Вакцинани олишга тайёрланаётганларга ва соғлиқни сақлаш гуруҳига берилган маълумотлар ЖCВИ ва МҲРAга маълум бўлган янги маълумотлар асосида тўғри янгиланиши керак.

 “AstraZeneca” вакцинасининг биринчи дозасини аллақачон олганларга ўша препаратнинг иккинчи дозасини таклиф қилиш керак.

 Саломатлигида муаммоси бўлмаган 18-29 ёшдагиларга “AstraZeneca” эмас, балки мавжуд бўлса, муқобил вакциналар таклиф қилиш керак.

 Биз ҳар қандай ёш тоифасидаги шахслар учун эмлашни тўхтатишни тавсия этмаймиз, – деб таъкидлайди профессор Вей Шен. Ва “AstraZeneca”ни муқобил вакцинага алмаштириш бўйича маслаҳат хавфсизлик учун эмас, балки ўта эҳтиёт чораси сифатида берилган.

Британиянинг МҲРA регулятори “AstraZeneca” вакцинаси билан боғлиқ тромбоз ҳолатлари сони ортиб бораётганлиги сабабли 30 ёшгача бўлган одамлар учун муқобил эмлашни таклиф қилиш мантиқан тўғри эканлигини эълон қилди. Ҳозирда дунё бўйлаб ушбу вакцинадан 77 мамлакат фойдаланмоқда, бироқ Швеция, Норвегия, Дания, Финляндия, Ирландия, Франция, Исландия ҳамда Словакия каби мамлакатлар қўллашни тўхтатган.

Шунингдек, Ўзбекистонда бу борада вазият қандай? Бу ҳақида соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари – Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи, бош давлат санитария врачи Баҳодир Юсупалиев сўзларига кўра, у ёки бу вакцинани яхши ёки ёмон деб айтиш жуда қийин, чунки ушбу препаратларни ишлаб чиқариш муайян вақт талаб қилади. Бу бир йил эмас, икки, уч, тўрт, айрим ҳолларда 10 йил бўлиши мумкин. Шунга қарамай, ўтказилган тадқиқотлар Ўзбекистонда қўлланилаётган учала вакцина (“AstraZeneca”, ўзбек-хитой ZF-UZ-VAC2001, “Спутник В”) ҳам самарали эканлиги ва аҳолида керакли иммунитетни шакллантиришини кўрсатмоқда – деб таъкидлаган 18 май, миллион дозадан иборат ўзбек-хитой вакцинасининг учинчи партияси олиб келинган кун. Эслатиб ўтамизки, шу кунга қадар бир ярим миллиондан ошиқ юртдошларимиз тождор вирусга қарши эмланган. Вакцинация жараёни давом этмоқда.

Нодира СУЛAЙМОНОВA,

“Жамият” маҳорат мактаби

тингловчиси