Sentabr 17, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Устозлар — қутқарувчилар!

 221 total views,  4 views today

Тошкент шаҳар Яшнобод туманидаги 52-сонли имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактабнинг фао­лиятини қутқарувчилар ҳаётига ўхшатиш мумкин. Ушбу масканда 189 нафар ўқувчи таҳсил олади.

Уларнинг ҳаётга бўлган муҳаббати кўзларида намоён. Ҳаёт мураккаблашиб, қийинлашиб боргани сари ширин туюлади. Биз кўпинча, ўзимизга берилган бахтни ҳис этмаймиз. Бироқ имконияти чекланган болаларнинг эрта тонгдан  сафда туриб соғломлаштириш машқларини бажаришини кўрган киши, албатта, ўзидан ийманиб кетади.

Қувноқ мусиқа садоси остида ўтадиган бундай  бадантарбиялар  болаларга  завқ ва яхши кайфият бағишлайди. Улар шарқ ривоятидаги каби оқ сичқон ва қора сичқон биз осилиб турган илдизни кемираётганини ҳар лаҳзада ҳис қилиб туради. Ваҳоланки, ушбу ибратли ривоятни Лев Толстой “Иқрорнома” асарининг бош ғояси этиб олган. Биз бундай асарларни кўплаб ўқиганмиз, ҳатто, кўзимизга ёш келган. Аммо минг марта эшитгандан бир марта кўрган афзал дегандек, бу жараённинг гувоҳи бўлгачгина тўлиқ англаймиз.

Ўқувчиларни руҳлантириб, кўнглини оғритмасдан таълим бериб келаётган устозлар эса ҳақиқий қаҳрамонлардир. Мактаб директори Муқаддас Нурмуҳамедованинг айтишича, инсон фақат яхшилик билан кўзини очиши ва шукрона билан уйқуга кетиши жоиз.

Маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари  Ҳилола Aкрамова  ва бошқа жонкуяр  ишчи ходимлар меҳнати ўлароқ  болалар нигоҳида мамнунлик, миннатдорлик акс этади.

Ўқувчилар орасида соғлиғидаги муаммолари кучайиб, мактабга қатнай олмаётган ёки  илм олиш истаги бору  мактабга чиқиш имкони йўқ  болалар сони 30 нафар. Уларнинг  ҳар  бири  учун ўқитувчилар бириктирилиб, махсус ўқув режа асосида уйларига бориб дарс ўтилади.

Одам қандай касбни эгалламасин, қай маконда яшамасин, кўнглида эзгулик бор экан, у ўз мақсадига эришади. Бу мактабда жонкуярлик қилаётган устозлар ҳам биз назарда тутган одамлар сафида эканига шубҳа йўқ.

Муштарий ТОЖИЕВА,

Маънавият тарғиботчиси