Sentabr 17, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Унутилмас онларимиз мужассам бунда

 1,042 total views,  4 views today

“Сўнгги қўнғироқ!” Бу сўзларни эшитганда юракларимиз бехос ҳапқириб кетади. Айниқса, мактабни битирганингга кўп йиллар ўтган бўлса…

Мактаб билан хайрлашган илк кунимиз кўз олдимизда намоён бўлади. Парадлар ташкил этиб, кўчаларни тўлдириб юрганимиз, “Мустақил ҳаётга илк қадамингиз”, деган гапларни устозлардин эшитибоқ, орзулар оғушига шўнғиб кетган дамларимиз, худди бошқа кўришмайдигандай тасаввур пайдо бўлиб, синфдошлар, устозлар билан битирув оқшомида кўзёш тўкиб хайрлашган онларимиз… Энди келадиган биринчи синфлардан бирини қайсидир синфдошингиз елкасига олиб, даврани айлантириб қўнғироқ чалдираётган пайтдаги орзуларингизни бир эсланг!.. Сўзга чиққанларнинг барчаси ширин тилаклар билдирган, “орзу-истакларингиз сари илк қадамни қўйдингиз”, деган сари ўзингизни бошқа оламда тасаввур этганингиз ёлғонми?

Айни кунларда юртимизда ана шу ҳислар яна жунбушга келди. Ушбу қувончли айёмда мамлакатимиздаги барча мактабларда “сўнгги қўнғироқ”лар янграб, қарийб 438 минг нафар ўқувчи ёшларимиз етуклик шаҳодатномаларини қўлларига олмоқда. Ачинарлиси, мана, икки йилдирки, бу байрамнинг завқини илгаригидай туя олмаяпмиз. Дунёдаги мураккаб эпидемиологик шарт-шароит бунга йўл қўймаётганини барчангиз англаб турибсиз.

Коронавирус пандемияси муносабати билан умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун дарслар онлайн тарзда ўтказилмоқда. Карантин талабларига кўра бу йил мактабларда “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари аввалгидек ўтказилмайдиган бўлди. Бу эса битирувчиларнинг кайфиятига салбий таъсир этиши мумкин. Чунки мактаб билан хайрлашув тадбири бир умр инсоннинг хотирасида сақланиб қоладиган ҳолатлардан биридир.

Шундай бўлса-да, мактаб­ларимизда очиқ майдонларда қисқача тадбирлар ўтказилишига рухсат берилди. Уларда Президентимизнинг битирувчиларга тилак ва таб­риклари етказилди. Ана шундай тадбирлардан бири пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги 39-сонли умумий ўрта таълим мактабида ҳам бўлиб ўтди.

Тадбирда мактабни аъло баҳоларга битирган, турли мусобақаларда, фан олимпиадаларида ютуқларга эришган ўқувчилар тақдирланди. Олий таълим вазирлиги мутасаддиси битирувчиларни руҳлантириб, барчасини олий ўқув юртларига таклиф этди. Спортчиларнинг чиқишлари, ўқувчилар томонидан тайёрланган куй-қўшиғу фусункор рақслар байрамга ўзгача тароват бахш этди.

—      Бу йил таълим масканимизни 41 нафар ўғил-қизларимиз тамомламоқда, — дейди мактаб директори  Гулнора Иноғомова. — Барчасининг юз-кўзида қувонч. Бу нафақат азиз фарзандларимиз, балки ота-оналар, устоз-мураббийлар учун ҳам ғоят қувончли ва ҳаяжонли воқеа. Чунки, қалби пок орзу-умидлар билан тўлган нав­қирон, азму шижоатли ёшларимиз тимсолида биз учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган таълим-тарбия соҳасидаги саъй-ҳаракатларимизнинг яна бир амалий натижасини, халқимиз ва Ватанимиз келажагини кўрамиз. Бу байрамда барчамизнинг энг унутилмас онларимиз мужассам. Умид қиламанки, фарзандларимизнинг барчаси ўзи орзу қилган ҳаётни танлайди. Мустақил ҳаётида қоқилмай ўз йўлини белгилайди.

Нуриддин УБАЙДУЛЛАЕВ