Sentabr 17, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Пора олмаслик қаҳрамонликми?

 1,632 total views,  2 views today

“Фалончи бунча пора олмагани учун бунча пул мукофоти билан тақдирланди” ёки “писмадончи пора олишдан бош тортиб, қаҳрамонлик кўрсатди, натижада пул мукофоти билан тақдирланди”.

Юқоридаги ҳолат сизнингча, тўғрими ёки нотўғри?

Фараз қилинг, бундан бир неча йил аввал чекмасдингиз. Орадан вақт ўтиб, сизда чекиш одати пайдо бўлди. Яқинларингиз сизни чекмасликка чақирди. Натижада, чекмадингиз. Бир дўстингиз сизга “меҳмондўстлик” қилиб, сигарет тутди. Сиз эса бош тортдингиз. Шундан сўнг яқинларингиз  (ўша сигарет нархида) пул мукофоти беришди.  Нега аввал, ҳали чекишни бошламаган пайтингиз мукофотланмагансиз? Чекишдан воз кечганингиздан сўнггина мукофотланяпсиз.

Бугунги кунда ўз кундалик вазифасини бажараётган шахс­ни қаҳрамонга айлантириш анъанамизга айланиб улгурган кўринади. Худдики, чап қўлдан олмасдан ўнг қўлдан олиш санъати ёки «икки ўн беш — бир ўттиз» формуласи орқали иш тутиш — фахр туйғусини юзага келтириш.

Айтмоқчи бўлганим, «агар мен ҳозир бу порани олмасам, бунча мукофот беришади» деган ғоя илгари сурилётгандай кўриняпти. Аммо пора олмаслик ўша кишининг виждони олдида бошини тик тута олиши учун муҳим эмасми? Одатда бундай мукофотлаш ҳолати ички ишлар органларида кузатиляпти. Энди савол туғилади. Ходимлар фаолиятини бошлаётганда қасамёд қабул қилмасмиди? “Мен, Фалончиев Писмадончи Фалончиевич, ички ишлар органларидаги хизматга кирар эканман, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мамлакат тинчлиги, осойишталиги ва хавфсизлигини мустаҳкамлаш борасидаги бурчимни ва зиммамга юклатилган мажбуриятларни виждонан, сидқидилдан бажаришга ваъда бераман.

Ватанимга ва Ўзбекистон халқига содиқ бўлишга қасамёд қиламан”, қабилида?

Ходим зиммасидаги вазифаларни, мажбуриятларни виждонан ва сидқидилдан бажаришга ваъда беряпти. Ҳа, албатта, «сидқидилдан» ва «виждонан» деган жойи бор. Энди сиз виждонан айтингчи, тақдим қилинган порани рад этиш янгиликми? Ахир, унинг бурчи-ку! Ҳамма бурчини адо этётган кишиларга мукофотлар берилётган бўлса, бошқа касб эгаларига ҳам мукофотлар берилсин, ахир улар ҳам кечани кеча, кундузни кундуз демай тер тўкяпти.

Масалан, шифокорларга берилсин, тиним билмай халқ хизматида, ўқитувчиларга берилсин, келажагимиз эгаларини билимли қилишга бел боғлашган. Журналистларга ҳам берилса бўлади, улар ҳам халқимиз ва давлатимиз учун иссиқни иссиқ, совуқни совуқ демай ишлашяпти.

Хуллас, ҳамма ўз ишини қиляпти, ахир! Демак, ҳаммани мукофотлаш керак экан-да. Ҳатто, ўғри, жиноятчилар ҳам ўзича зиммасига олган хунрезликларни бажаряпти. Ўғрилик қилмагани учун мукофот беришга ўхшаб қолмаяптимикан янги амалиётимиз?

Достонбек БАХТИЁРЗОДА,

“Жамият” маҳорат мактаби

тингловчиси