Iyun 22, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Манғитободда дув-дув гап

 126 total views,  2 views today

Баъзан телевизор ёки интернет орқали чет эл, хусусан, Европа давлатларининг қишлоқларини кўрсатишганда, ҳаяжонланиб кетаман: бир текис уйлар, хонадон теварагидаги анвойи гуллар, равон йўллар, таълим ва тарбия даргоҳларининг ўзига хослиги ҳар қандай одамнинг ҳавасини келтиради. Шуларга қараб туриб, бизнинг минг йиллардан бери ёзда чангу қишда лойдан бўшамайдиган кўчаларимизда ҳам қачонлардир  ўзгариш бўлармикан, деб юрардим.

Бўлар экан! Фақат бунинг учун йиллар давомида лоқайдлик тўшагида муд­раб ётганларни уйғотиш фурсати етмаётган экан. Бугун ана шу вақт келди. Гарчи жуда кўп нарсаларга кечиккан бўлсак-да, ҳалиям отни қамчилашга улгуриш мумкинлигини узоқ ва чекка қишлоқларимизда рўй бераётган ўзгаришлардан, ободончилик ва маънавий-маърифий юмушларнинг баланд руҳда ҳаётга татбиқ этилаётганидан  ҳис қилиш мумкин.

Ургутни биласиз — энг чекка туман. Камига тоғли ҳудуд. Буям камлик қилгандай, фойдаланадиган ери ҳам чумолининг инидай, аҳоли сони бўйича эса республикадаги олд ўринларда туради. Қўли гул ҳунармандлари, элакда ҳам сув ташишга қодир тадбиркорлари, юртга довруқ солган зиёли-ижодкорлари билан машҳур бу туманга шу кунларда йўлингиз тушиб қолса, қалбингизда фахр уйғонади. Одамларнинг қўлни қўлга бериб, ўзи туғилиб ўсган манзилу маконларни обод ва саранжом-саришта қилишга уринаётганининг гувоҳи бўласиз. Ана шундай ободончилик юмушлари яқинда Ургутнинг “Манғитобод” маҳалласида ҳам уюшқоқлик билан ўтказилди. Бу ишлар шунчалик тез ва сифатли бажарилдики, ҳалиям дув-дув гапнинг тафти ва ҳаяжони босилгани йўқ.

Аҳолиси 7 минг нафардан ошган бу маҳалланинг аҳволи ўта танг эди. Ички йўлларда юриб бўлмас, чанг-тўзон ҳаммани ҳолдан тойдирган, одамлар давлату ҳукумат қилиб беради, деб юрган бир пайтда маҳаллага янги раис сайланди. Илгари: “Ким сайланса ҳам нима фарқи бор, барибир ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди”, деб ҳатто янги раҳбар сайловига келмаганлар бугун ҳар қадамдаги ўзгаришни кўриб, ие, наҳотки шу ишлар ўнгимизда бўлаяпти, деб бир-бирини чимчилаб кўрмоқда. Ҳа, шу маҳаллада туғилиб, вояга етган, узоқ йиллар ўқитувчилик ва ички ишлар тизимида ишлаган, катта ҳаётий тажрибага эга Фахриддин Қурбонов раис бўлди, деганда кўпчилик қийқириб юборгани бежиз эмас экан. У бугун ғайрат камарини белига маҳкам боғлаб, мудраётганларни уйғотди, уйғонганларни эса ёниб яшашдек эзгу мақсадга чақирмоқда.

Ана шу чақириқ ва ватанпарварликнинг намунаси сифатида куни кеча бу маҳаллага тошу шағални ортган, тиббий жиҳозланган, ўнлаб шифокору муҳандисларни тўлдирган юздан ортиқ техника кириб келди. Вилоят ва туман мутасаддилари, пойтахтдан ташриф буюрган вазирлару ва яна бошқа масъул кишилар гувоҳлигида қўй сўйилиб, дуойи фотиҳа ўқилди. Чиройли ниятлар билан бошланган иш самараси ҳам жозибали бўлди: кечагина юришга юрак бетламайдиган кўчаларга тош тўкилди, равонлашди. Ўндан ортиқ йўналишдаги шифокорлар гуруҳи эса кексаю ёшни кўрикдан ўтказди. Мисолларга мурожаат қиламиз:

•      Туман “Сув Оқова” ДУК томонидан ичимлик суви тармоғи таъмирланиб, аҳоли хонадонларининг ичимлик сувига бўлган муаммолари бартараф этилди.

•      Ёнғинга қарши кураш жамияти томонидан аҳоли хонадонларида ёнғин хавфсизлигини олдини олиш мақсадида тушунтириш ишлари олиб борилиб, 85 та хонадон дудбўронлари тозаланди.

•      Соғлиқни сақлаш бўлими томонидан 300 дан ортиқ фуқаролар бепул чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.

•      Маҳалла ҳудудида 1 дона янги трансформатор ўрнатилиб, 1,5 км оптик толали интернет тармоғи тортилди.

•      Аҳолига 350 тадан ортиқ суюлтирилган газ балонлар етказилди. Маҳалланинг 14 км ички йўллари тош қопламали йўлларга айлантирилди.

—      Бу хайрли ва кенг кўламли ишлар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ, — дейди “Манғитобод” маҳалласида истиқомат қилувчи нуронийлардан бири Худойназар бобо Салимов. — Президентимизнинг қишлоқ ҳаётини яхши билиши, муаммоларни дилдан ҳис этиши, асосийси, шу ҳалқни жону дилидан яхши кўриб, уни рози қилишга интилиши туфайли мана шундай натижаларга эришаяпмиз. Очиғи, узоқ йиллардан бери қишлоғимиз қаровсиз эди. Кимга дардимизни айтишни билмасдик. Мана энди тизим ўзгарди, маҳалла деган идоранинг нуфузи яхшиланди. Ким маҳаллага раис бўлиб ўзини кўрсатса, ўшани ҳоким қиламан, деган Юртбошимизга раҳмат. У кишининг бундай қанотбахш гапи юрагида шижоати бор, кечаю кундуз тиним билмайдиган раисимиз Фахриддин Қурбоновга ўхшаганлар учун айни муддао бўлди. Мана шундай хайрли юмушларга бош-қош бўлаётган туманимиз ҳокими Ботиржон Жабборовга ҳам мингдан-минг раҳмат!

Алломалар: “Бир дилни шод қилсанг, ер юзини обод қилгандек савоб оласан” дейишган. Илло, бугун муҳтарам президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида кўз ўнгимизда, ёнимизда, атрофимизда рўй бераётган улуғвор ишлар туфайли минг-минглаб диллар шод бўлмоқда, нуронийлар дуо қилмоқда, йиллар давомида тушкунликка тушиб, ҳамма нарсадан умидини узганлар қалбида ишонч ва эртанги кунга ихлос уйғонмоқда. Бинобарин, Саманқанд вилоятининг биргина энг чекка ва сўлим гўшаси — Ургут туманида барча соҳаларда кўп янгиликлар, ўзгаришлар ва айтиш мумкинки, асрга татигулик ишлар амалга оширилмоқда. Буларнинг бари инсон манфаати, Ватанимизда умргузаронлик қилаётган барча фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини кафолатли ҳимоя қилиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишига айланганига айни далилдир. Зотан, давлатимиз раҳбари айтганидек: «Биз ўз фаолиятимиз билан энг аввало, халқимизни рози қилишимиз керак. Агар бизнинг фаолиятимиздан халқимиз рози бўлса, Яратган ҳам биздан рози бўлади».

Мақсуд ЖОНИХОНОВ