Sentabr 17, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Халқаро кузатиш ва халқаро эътироф

 216 total views,  2 views today

2021 йилнинг октябрь ойида мамлакатимизда ўтказиладиган Президент сайлови муносабати билан ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси экспертлари Президент сайловига тайёргарлик жараёнларини ўрганиш учун Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар кузатувчиларининг сайловларда иштироки демократик сайловларни очиқ ва ошкора ўтказишда муҳим аҳамиятга эга.  Кўпчилик мамлакатларда ўтказилаётган сайловларни кузатиш инсонларнинг сиёсий ҳуқуқларининг таъминланишида муҳим жиҳат ҳисобланади.

Сайловларга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек сайлов куни овоз бериш жойларида ва овозларни санаб чиқишда бошқа давлатлардан, халқаро ташкилотлардан кузатувчиларнинг иштирок этиши мумкинлиги Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексида белгилаб қўйилган.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ўтказилаётган сайловларда хорижий ва халқаро кузатувчилар сонининг кўпайиши кузатилмоқда: 2016 йилда ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида  555 (2015 йилда – 296) нафар чет эллик кузатувчи иштирок этган бўлса, 2019 йилги парламент сайловларида уларнинг салмоғи 825 (2014 йилда – 331) нафарни ташкил этди. Мазкур ҳолат Ўзбекистонда сайловлар туб ўзгаришлар ва демократик ислоҳотлар, вужудга келаётган янги сиёсий муҳит шароитида ўтказилаётганлигига халқаро ҳамжамиятда ҳам эътибор кучайиб бораётганидан далолатдир.

Ўтган сайловларда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги, ЕХҲТ Парламент ассамблеяси, Мустақил давлатлар ҳамдўстлигининг Парламентлараро ассамблеяси каби халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда хорижий давлатларнинг қонунчилик ва сайлов органларидан кузатувчилар иштирок этган.

Кузатувчилар сайловларда иштирок этар экан, бўлиб ўтаётган сайлов жараёнларига баҳо бериш учун маълумот тўплашади, сайлов қонунчилиги ва амалиётини  ўрганишади, сайлов комиссиялари фаолиятига баҳо беришади.

Бюронинг мандати

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг асосий вазифаларидан бири бу инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш, шунингдек барқарор демократик институтлар ва қонун устуворлигини қўллаб-қувватлаш ҳисобланади.

ЕХҲТга аъзо давлатлар, шубҳасиз ва ҳақли равишда инсонийлик мезонлари ўлчови масалалари давлатларнинг фақатгина ички иши эмас, балки халқаро миқёсда иштирокчи давлатлар томонидан алоҳида эътиборга олинадиган масала деб ҳисоблайди. Шу мақсадда, ЕХҲТга аъзо давлатлар томонидан 1990 йилда иштирок этувчи давлатлардаги сайловлар бўйича алоқалар ва маълумотлар алмашинувини таъминлаш учун “Эркин сайловлар бўйича бюро” ташкил этилган эди (Варшава). Бюро чекланган миқёсларда сайловларни кузатиш бўйича тадбирларни амалга оширишга киришди.

1992 йилда ушбу тузулма “Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюро” деб атала бошлади. Унинг мандати кенгайтирилиб, инсонийлик мезонларининг бошқа жиҳатларини ҳам қамраб ола бошлади. 1994 йилдан ДИИҲБ сайлов жараёни устидан – сайлов бошланишидан олдин, сайлов даврида ва сайлов ўтганидан кейин кенг қамровли кузатишни бошлади.

ЕХҲТнинг 1999 йили Стамбулда  ўтган олий даражадаги учрашувида қабул қилинган “Европа хавфсизлиги Хартияси”да иштирокчи давлатлар ўзларидаги сайловларни кузатиш учун ДИИҲБни таклиф этиш юзасидан зиммаларига махсус мажбурият олдилар. 2006 йилда Брюсселда ЕХҲТ Вазирлар кенгашининг учрашувида иштирокчи давлатлар ДИИҲБнинг сайловларни кузатиш бўйича мандатини яна бир бор тасдиқлади.

Ўзаро ҳамкорлик

Ўзбекистоннинг сайловлар ўтказиш жараёнида ЕХҲТ ДИИҲБ  билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Бундай ҳамкорлик самараси ўлароқ мамлакатимиз миллий сайлов тизимини янада демократлаштириш, сайлов қонунчилиги ва амалиётини умум эътироф этилган халқаро демократик стандартларга уйғунлаштириш орқали фуқароларнинг сайловга оид ҳуқуқларини янада кенг ва тўла таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ушбу ҳамкорлик ўзининг 22 йиллик тарихига эга. Бюронинг Миссияси 1999 йилдан бери мамлакатимизда парламент ва президент сайловларини кузатишда иштирок этиб келмоқда. Бу эса Ўзбекистонда сайловларни умум этироф этилган ва энг илғор амалиёт, мамлакатимиз сайловлар соҳасида олган мажбуриятларига асосан адолатли, ҳалол ва шаффоф ўтказилишига ўз таъсирини кўрсатмоқда.

Бу борада ЕХҲТ ДИИҲБ Миссиясининг ҳар бир  сайлов натижалари бўйича Якуний ҳисоботида ўз аксини топган тавсияларнинг  мақбуллари Ўзбекистон сайлов қонунчилиги ва амалиётига имплементация қилиниб,  сайловларга оид миллий ҳуқуқий база  такомиллаштирилмоқда. 

Ўтган вақт мобайнида Ўзбекистон ЕХҲТ ДИИҲБ миссиясининг сайловларни кузатиш борасидаги бир қатор тавсияларини амалга оширди. Сайловга оид қонунлар ва қонуности ҳужжатлари тизимлаштирилиб, ягона Сайлов кодексига бирлаштирилгани, сайлов жараёнига ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилгани каби кўплаб кўрсаткичлар бунинг ёрқин далилидир.

Сайлов кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилишда ЕХҲТ нинг ДИИҲБ ролини алоҳида таъкилаш лозим. ДИИҲБ сайловларни кузатиш бўйича миссияси томонидан миллий сайлов ҳуқуқий меъёрларини тизимлаштириш ва тартибга солиш зарурлиги 2016 йилдаги муддатидан олдин бўлиб ўтган  Президент сайлови бўйича Якуний ҳисоботда ҳам ҳуқуқий меъёрларни уйғунлаштириш масаласини кўриб чиқиш бўйича тавсиялар берилган эди.  Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев ташаббуси билан Сайлов кодексининг қабул қилиниши миллий қонунчилигимизни мустаҳкамлаш, демократик сайловларни ўтказишни янада такомиллаштириш, шунингдек Ўзбекистонни халқаро имиджини янада юксалтириш йўлида қўйилган муҳим қадам бўлди.

Кодекс лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида  сайлов соҳаисда халқаро стандарталар ва бир қатор хорижий давлатларнинг илғор тажрибасига таянилди. Шунингдек, лойиҳа юзасидан халқаро экспертиза ўтказилиб,  ДИИҲБ ва Европа Кенгашининг Венеция комиссиясидан тавсиялари ва тегишли хулоса олинди.

Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси ўзи нима?

ЕХҲТда иштирокчи давлатлар томонидан белгиланган қоидаларга мувофиқ, ДИИҲБ сайлов жараёнлари билан боғлиқ ваколатлар доирасида  иштирок этувчи давлатларга сайлов қонунчилигини такомиллаштиришда ва амалга оширишда ёрдам беради. Кузатувчилар томонидан қўлланиладиган Сайловларни кузатиш бўйича қўлланмалар ишлаб чиқади, сайловларнинг ўтказилишини ЕХҲТ мажбуриятларига ва демократик сайловлар бўйича бошқа халқаро стандартларга мувофиқлигини баҳолайди ва тавсияларни тақдим этади.

Бюро сайловгача, сайлов пайтида ва ундан кейинги жараёнларни кузатиши мумкин. Сайловгача кузатиш тадбирлари Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси (ЭБМ) ишидан бошланади. Одатда, ЭБМ мамлакатга муайян сайлов бошланишидан бир неча ой олдин сайловолди вазиятини, шу жумладан сайловга тайёргарликни баҳолаш учун юборилади.

Миссиянинг асосий вазифаси — сайлов билан боғлиқ тадбирларни ўтказишнинг мақсадга мувофиқлиги хусусида тавсиялар ишлаб чиқишдан, агар шундай тадбирлар зарур бўлса, уларнинг айнан қандай шаклда бўлиши аниқланган эҳтиёжларга яхшироқ жавоб беришини белгилашдан иборат. ЭБМнинг ишлаш даври бир неча кунни ташкил этади. Миссия таркибига ДИИҲБнинг сайловлар бўлими ходимлари ҳамда бошқа мутахассислар киради.

ЭБМнинг ташрифи давомида сайлов органлари ва давлат ҳокимияти органларининг вакиллари, сиёсий партиялар, ОАВ, фуқаролик жамияти ташкилотлари ва ЕХҲТнинг жойлардаги миссиялари ходимлари, шунингдек ЕХҲТга иштирокчи давлатларнинг дипломатик вакиллари ва бошқа тегишли халқаро ташкилотларнинг вакиллари билан учрашадилар ва сайлов билан боғлиқ фаолият хусусида тавсиялар тайёрлайди.

ЭБМ ҳисоботига сайлов билан боғлиқ у ёки бу тадбирнинг аниқ шакли, ҳажми ва миқёси ҳақидаги тавсиялар киритилади.

ЭБМ томонидан сайлов билан боғлиқ жараённи  кузатиш бўйича  фаолиятининг қуйидаги шаклларидан бири тавсия этилиши мумкин:

сайловни кузатиш бўйича тўлақонли миссия;

сайловни кузатиш бўйича чекланган миссия;

сайловни баҳоловчи миссия ёки экспертлар гуруҳини юбориш.

Ҳисоботда назарда тутилаётган миссия вазифаларини бажариш учун зарур бўладиган экспертлар сони, шунингдек сайловни ҳар томонлама кузатишни таъминлаш мақсадида иштирокчи давлатлардан сўралиши мумкин бўлган узоқ муддатли кузатувчилар ва қисқа муддатли кузатувчилар сони кўрсатилади.

Жумладан, 2019 йилги парламент сайловларида ДИИҲБнинг ЭБМ  Ўзбекистон тарихида илк бор сайловлардан олти ой аввал таклиф этилган эди.

ЭБМ ҳисоботида сайловолди муҳити ва сайловларга тайёргарлик жараёни, мамлакатда эркин ва демократик сайловлар ўтказилишини таъминлаш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар ижобий баҳоланди.

Хусусан, ЭБМ ҳисоботида Ўзбекис­тон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида иқтисодиёт ва давлат бошқаруви соҳасида, шу жумладан валютани тартибга солишни либераллаштириш, виза режимини соддалаштириш ва қўшни мамлакатлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш, бир қанча сиёсий маҳбусларни озод этиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимидаги узоқни кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотларнинг янги босқичи алоҳида қайд этилди.

Ўзбекистон томонидан Сайлов кодексининг қабул қилиниши, жазони ўташ жойларида сақланаётган айрим тоифадаги шахсларнинг сайловларда иштироки борасидаги чекловларнинг олиб ташлангани, тўғридан-тўғри сайлов принципларига зид бўлган Қонунчилик палатасидаги ўринлар учун квоталар институтининг бекор қилингани ва ЕХҲТнинг яна бошқа бир қатор  тавсиялари бажарилгани ижобий баҳоланди.

Юқоридагиларни иноботга олиб, ЭБМ Ўзбекистонда парламент сайловларини кузатиш учун ЕХҲТ ДИИҲБнинг  кенг кўламли миссиясини юбориш мақсадга мувофиқлиги ҳақида хулоса берди.

Ўзбекистон Республикасининг Марказий сайлов комиссияси ЕХҲТ ДИИҲБ билан конструктив мулоқотга тайёр ва очиқ ҳамда сайловларнинг барча босқичларини  чинакам эркин, демократик ва адолатли ўтказишда олиб борилаётган ҳамкорликдан кенг ва самарали фойдаланади.

Гулноза РАҲИМОВА,

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссиясининг

доимий асосда ишловчи аъзоси