Iyun 22, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

“Бу ерларда бақириб яшаймиз!”

 1,282 total views,  2 views today

Бизнинг чуқур-чуқур йўллардан юриб кўришибди. Юзлари иссиқдан куйган бўлиши ҳам мумкин. Ёки тўсатдан турган шамол ҳамма ёқни чанг-тўзон қилган бўлса, кўзларига гард кирган, уст-бошлари чанг бўлган.

Болалигимдан бир ҳодисанинг гувоҳи бўламан. Кўп ҳолларда шаҳар ёки бошқа яхши ривожланган қишлоқдан бизнинг томонларга меҳмонлар келишса “бу ерда қандай яшайсизлар-а?” дейишади. “Бақириб-бақириб яшаймиз!” деймиз. Чунки бизнинг уй билан қўшнимизнинг уйи оралиғида анча масофа борда. Бақирмасангиз сизнинг овозингизни эшитмайди. “Асфальт йўлларининг расво, сувларинг шўр, дарахт ҳам кам” дейишади. Аламларимизни қўзитади. Уларнинг гапига гап билан жавоб берамиз. Қишлоғимизни мақтай кетамиз. Тўғри, уларда асфальт йўл ҳам, ёки истеъмолга яроқли чучук сув ҳам, дарахтлар ҳам бордир. Лекин бизга буларни табиат беради. Сувни ҳам, йўлни ҳам. Бизда қудуқ қазисангиз текин сув бор дегани, машина бир-икки юрса тайёр йўл ҳам пайдо бўлади.

Юқорида айтганларим қаторида биз томонларга ТВ мухбирлари “Ташриф буюрибди”. Бир момо бор. Вақтида Украина давлатидан бизнинг қишлоққа келин бўлиб тушган. Ўша момонинг ҳаётини ёритгани келишибди. Онамдан эшитганларимни эсласам, ҳақиқатдан ҳам у момонинг ҳаёти бошқаларга ўрнак бўладиган даражада экан. Момонинг ҳаёти билан танишсангиз, ҳақиқий шукроналик ҳиссини англайсиз. Момо ҳар қандай аёл учун ўрнак бўладиган тирик қаҳрамонлардан бири эканига гувоҳ бўласиз.

ТВдан келганлар хаёлида ҳам “бу ерда одамлар қандай яшар экан-а?” деган ўй ўтгани табиий. Ўзларини қишлоқ аҳолисининг ўрнига қўйиб кўра олишармикан!? Қўёлмайди. Тасаввур ҳам қилишолмайди. Биз бир мамлакат фуқаросимиз, барчамиз тенг ҳуқуқли ва тенг бурчлимиз. Нега энди шаҳар жойда қилинаётган имконият қишлоқ жойда бўлмаслиги керак? Нисбатан ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилган аҳолига ўша қулайликлар яратилиши керакми? Масалан, қишлоқнинг чанг кўчасига тош йўл қурилди. Бошқа кўчага қурилмади. Тош йўл ётқизилган кўчада бир ёши катта отахон туради, унга тез тиббий ёрдам керак бўлиб қолса, қишнинг лойли йўлларида машинанинг юролмаслигини сабаб қилиб кўрсатишади. Аммо бошқа кўчадаги, бошқа ёши катта инсон турадиган жойга тош йўл ётқизилмади. Сабаб тош йўл ётқиздирган нуроний ўзининг ҳуқуқини талаб қилиб чиққан. Аслида, ҳар иккаласига ҳам тенг ёрдам кўрсатилиши керак эмасми? Ўз ҳуқуқини талаб қилмаган одам оддий ҳаёт кечираверадими?

Гўёки, бизнинг иқтисодий ривожланишимиз ҳам бўлиниб қолгандек. Иқтисоди паст туман ҳудудидаги қишлоқ тумани билан бирга пастликда тураверади. Аксинча, иқтисоди баланд туман ҳудудидаги қишлоқ барча имкониятларга эга бўлади. Юртимизда иқтисодий томондан яхши туманлар қатори ривожланишда оқсаётган туманларга ҳам эътибор қаратилиши тарафдоримиз. ОАВда кўп муаммолар ҳақида гапирилади. Ўша чекка-чекка жойларга бориб кўринг муаммонинг “жайдари”сини кўрасиз.

Ҳар қандай муаммонинг ечими унинг илдизида бўлади. Қишлоғимизга келиб кетган ТВчилар асфальт йўлларимизга эътибор беришмаган шекилли. Чанг йўлларда, чанг кўчаларда қандай яшашимизни сўраб-сўраб кетишибди. Қиш­лоқдаги муаммоли жойларни ҳам телеэкран орқали кўрсатишганида яхши бўларди.

Ҳурматли меҳмонлар, сизлар бизнинг қишлоқни яшаш учун оғир ҳолатда деб айтасиз. Сиз биз кўрган бошқа қишлоқларни кўрмабсиз. Асфальт йўли тугул мактабининг харобалигини кўриб, бизнинг қишлоққа нисбатан фикрингиз ўзгаради. Ўз ҳуқуқини талаб қилган яхши яшаши ёки талаб қилмаган ёмон яшаши керакми? Бир мамлакат фуқаросимиз, барчамизнинг бир хил шароитда ва имкониятга эга ҳолда яшашга ҳаққимиз бор.

Шунчаки, ўзимдаги бор саволларни ўртага ташладим. Бугун юртимизда улкан ўзгаришлар кетмоқда. Умид қиламизки, бизнинг қишлоғимиз ҳам назардан четда қолмайди.

Жамшид АМИРОВ,

“Жамият” маҳорат мактаби

тингловчиси