Sentabr 17, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Ҳар сўзи ҳикмат, ҳар иши сабоқ эди

 1,345 total views,  2 views today

1985 йилнинг баҳор ойлари эди. Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси жойлашган Пушкин кўчасидан ўтиб бораётсам, бино олдида адабиётшунос Муҳсин Олимов билан шоир Абдулла Орипов суҳбатлашиб туришган экан. Муҳсин домла “ТошДУ”да дарс берар, биз талаба эдик.

Салом бериб, йўлимда кетмоқчи эдим, домла тўхтатиб, саволга тутди: “Ҳа, шоири замон, бу депараларда бахтингизни излаб юрибсизми?”, деди доимгидек ҳазиллашиб. Абдулла ака ҳам туриш-турмушимга қизиқди. Муҳсин домла қўқонча шевада: “Абдуллажон, бу ўзимизнинг баллардан, шеърлари билан матбуотда кўриниб туради. Билмадим, “ёғли” жойми, ошхоналар трестида ишлайди” – деди. Абдулла ака эса: “Ижодкор одам, шу муҳитга яқин бўлгани маъқул”, деди. Шу алфозда гаплашиб турган эдик, уюшма биносидан сочларига оқ тушган, кўзойнак таққан, бўйи пастроқ бир киши чиқиб, биз томон кела бошлади. У уюшма раисининг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Собир Салаев, деган киши экан. Муҳсин домла ундан: “Собир ака, манави йигит бизнинг шогирдлардан, у боп бирор иш йўқми?”, деб сўради.

— Ярим штатдан сантехник ва дурадгорга жой бор. Эпласа, эртадан ишга келаверсин, — деди. Бу гапга Абдулла ака қўшилиб: “Сигир йўғида эчки ҳам сигир, хўп деб келавер, шоир. Сен бизга теша чопишдан дарс берасан, биз сенга шеър ёзишни ўргатамиз” – деди. Хуллас, икки яримни бут қилиб, иш бошладим.

Иш кабинетим ҳам иккита: биттаси ертўлада, иккинчиси ҳовлида. Уларнинг на деразаси бор, на ўриндиғи. Аммо, иш кўп эмас. Ҳар-ҳар замонда эшикларнинг қулфи бузилади, гоҳида “нулевой” кабинетлардаги  жўмраклардан сув тошади, холос. Тўрт ой деганда амал пиллапоясидан кўтарилиб, уюшманинг Ишлар бошқарувчисига айландим. Бу орада Абдулла ака билан анча иноқлашиб кетдик.

Халқимизда “Яхшиларга эргашиб етдим муродга, ёмонларга эргашиб қолдим уятга” деган пурмаъно мақол бор. Шу мақол қачон эсимга тушса, Абдулла ака билан умргузаронлик қилган даврлар, воқеалар ҳам кўз ўнгимдан ўтаверади.

“Меҳнат ярмаркаси”

Кунларнинг бирида пойтахтнинг Эски шаҳар тарафига йўлимиз тушиб, “Ачавот” маҳалласидан ўтиб бораётсак, бир тўп лўли хотин-ҳалажлар нималарнидир бақир-чақир қилаётганига кўзимиз тушди. Абдулла ака машинани тўхтатишни буюрди. Улардан сал ўтиб тўхтадик. Хаёлимдан ҳозир Абдулла ака ёниб турган оловга керосин сепади, деган ўй кечди. Бироқ воқеа ривожи бошқача тус олди.

Абдулла акани кўриб ғала-ғовур қилаётган аёллар бирдан тинчиб, уни ўраб олишди. Бири қўйиб, бири гапирар, аммо гап нимада эканлигини англаб бўлмасди. Шу пайт уларнинг орасидан бир кампир чиқиб, ҳиндуларга ўхшаб ўнг қўлини кўтарган эди, ҳаммаси тинчиди-қолди. У Абдулла ака билан ҳудди қадрдонлардай сўраша кетди. “Энанг айлансин, ўзимнинг шоир бачам, депутат бачам! Қачон сени ойна қути (телевизор)да кўрсам, бир гаплашишга орзуманд бўлардим. Худонинг ўзи сени бизга етказди”.

У тўпланганлардан бирига: “Ҳой, Азимнинг бачаси, тез уйингга чоп, курси келтир”, – деди. Дам ўтмай, курси ҳам келтирилди. Уни тасвирлаш учун одам бинойидек рассом бўлиши керак, менимча. Курсининг икки оёғи узумнинг зангидан, қолгани тол дарахтидан ясалганга ўхшайди. Ўтирғичининг қопламасиям камида беш хил матодан. Хуллас, Абдулла ака курсига чўкди ва машварат бошланди.   Бу орада ўтган-кетганлар ҳам  қизиқиб, “кўча мажлисига” қўшиларди.

Кампир гап бошлади: “Абдуллажон бачам, мана ўзинг кўр, йўлнинг нариёғи “Чинни заводи”. Аммо у ерга бирор-бир лўли бачасини ишга олишмайди. Ўғирликни ўзлари қилиб, айбни нуқул лўли бачаларга тўнкашади. Ташмачилари ташиб чиқиб, чойнак, пиёла, косани бизга пуллашади. Мелиса деганиям, суякка ўрганган кучукдай, бачаларни пойлагану пойлаган. Битта белкураги йўқолса ҳам ўғри ким, лўли бача! Ахир ўзинг ўйла, ишлай деса, иш бермаса, кўчада тиланчилик қилса, ушлаб кетса, уйига қуруқ қайтса, отасидан хипчин еса, нима қилсин шу бечоралар. Улар ҳам инсонни боласи-ку. Иш сўраб борсак, бири ҳайдаб солади, бировида бир хил жавоб: “Айтамиз, есть қиламиз!” Бир ёрдам бер, шоир бачам, сени Худо ярлақасин”, деди ва қўлини очиб, лўлича шевада узундан узоқ дуо қилди.   

Шу куниёқ, Абдулла ака ўша пайтдаги Тошкент шаҳар ижроия қўмитаси раиси И. Фозилбеков билан бу масалада телефон орқали гаплашиб, улар индин куни “Ачавот” маҳалласида учрашиш вақти-соатини келишиб олишди. Менга эса топшириқ берди: “Шоир, “Ачавот”га бориб, ҳалиги кампиршони топасан. Унга учрашув вақтини билдириб, фақат ишсиз эркак ва аёлларни ёнига олиб, заводнинг олдида кутиб туришликни, ғала-ғовур қилмасликни, бола-чақасини етаклаб бормасликни, тайинлаб айт”! Хуллас, ҳозирги замон тили билан айтганда, Абдулла аканинг “Меҳнат ярмаркаси”да қирққа яқин “Ачавот” маҳалласининг фуқаролари доимий иш ўрнига эга бўлди.

Дил нима,  ҳувайдо-чи?

Абдулла ака ёнига чақириб: “Шоир, якшанба куни бўшмисан, сен боп бир юмуш чиқиб қолди”, деди. Мен ўша куни бўшлигимни, лекин у юмушни бажариш қўлимдан келиши ёки келмаслиги муҳимлигини айтдим.  Негадир ишонч билан “қўлингдан келади”  – деди, у. Алқисса, сал аввалроқ Абдулла аканинг ҳадислар мазмунидан келиб чиқиб ёзган шеърлари алоҳида тўплам ҳолида нашр этилган, унинг “Муборак бўлсин”ига Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари  шоир хонадонига ташриф буюраётган эканлар. У пайтда ҳар иккиси собиқ Иттифоқ олий кенгаши депутатлари эди. Буюрилган юмуш  — меҳмонлар учун файзли дастурхон тузаш, биринчи таомга қайнатма шўрва, иккинчисига “девзира” гуручдан ош дамлаш.

Абдулла ака бозор-ўчар учун пулни аввалдан бериб, обдон тайинлади: “Шоир гўшт-ёғни мусулмончиликни таниган қассобдан, мева-чевани ҳам сарҳилидан ол! Яна ухлаб қолиб кечикмагин, соат 11 яримга шўрва, бир соат ўтиб, ош тайёр бўлиши керак, уқдингми?”, деди. Хуллас, ўша куни  тонг саҳарлаб бозорга тушиб, айтилган ҳаражатлар билан Абдулла аканинг хонадонига кириб келсам, устоз эндигина хавотирга тушаётган экан. Ишга киришиб, бир қозонга шўрва ташладим. Ора-сирада ошнинг масаллиғини ҳам тайёрлаб, зирвагини қовуриб қўйдим.

Абдулла аканинг оиласи Дўрмондаги дала ҳовлига чиқиб кетишгани боис, икковимиз дастурхон тузашга киришдик. Келиши кутилган меҳмонларнинг сони номаълум эди. Шунинг учун таваккал қилиб олти кишилик жой ҳозирладик. Соат салкам 11 да меҳмонлар икки киши бўлиб кириб келишди. Фотиҳадан сўнг, дастурхондаги ноз-неъматларга марҳамат қилинди. Муфтий ҳазратлари Абдулла аканинг янги тўплами адабиёт ва мусулмон оламида катта воқелик бўлгани, китобни севиб мутолаа қилганини, умуман, шоир шеъриятининг азалдан чин мухлиси эканлигини юракдан изҳор қилди. Мен ошхонада бўлганим учун, уларнинг суҳбатдан тўлиқ баҳраманд бўла олмасдим. Шу орада, таомни тортишга ижозат сўраб, шўрвани қуйиб узатдим. Бироз вақт ўтказиб, чойни янгилаш учун улар ўтирган хонага кирдим. Шунда муфтий ҳазратлари Абдулла акага: “Шўрва ҳам байтларингиздай тотли ва мазали бўлибди. Бу ошпаз укамиз, барака топсин, шогирдларданми?”, деб сўрадилар. Бу гапга Абдулла ака: “Ҳа, шундай, шинаванда йигит, у ёнимда бўлса, кўнглим тўқ”, деди. 

Косаларни йиғиб, ошхонага чиқиб кетдим. Ош пишгунча, бир икки бор чойни янгилашга кирдим. Сирланган катта баркаш сопол лаганни салгина қиздириб, таомни сузишга тайёрлаб қўйдим. Девзира гуручга дамланган, зиранинг иштаҳани қўзғатувчи ҳиди келиб турган лагандаги ош муфтий ҳазратларига маъқул тушди чоғи, мен томон кулимсираб қараб қўйдилар. Чиқиб кетмоқчи эдим, у киши ошни бирга ейишликни сўрадилар. Ошдан 5-6 ошамдан олинган пайтда Муфтий ҳазратларига ҳамроҳ бўлиб келган киши дабдурустдан оғзидаги луқмасини чайнаганча даврага гап ташлаб: “Абдулла ака, айримлар сизни баъзи-баъзида “оқидан” ҳам уриб туради, дейишади. Шу гап­лар ростми?”, деса бўладими?

Шу топда шайхнинг ҳам, Абдулла аканинг ҳам томоғидаги луқмаси ғиппа тиқилганга ўхшади. Муфтий ҳазратлари унга бир ёвқараш қилдилар-да, таомдан қўл тортдилар. Абдулла ака, чойдан бир ҳўплаб, зимдан Муфтийга қаради. У киши бошини пастга имлаб, билганча жавоб бераверинг, дегандай бўлдилар. Абдулла ака: “Ака, айбга буюрмайсиз, саволингизга саволим билан жавоб берсам, нима дейсиз?” – деди. У маъқул, дегандай бош силкиди. “Хўш айтингчи, дил нима, ҳувайдо нима?” Бу саволга ҳартугул Ҳувайдо тахаллуси билан шоир борлигини эшитгани, аммо маъносини билмаслигини тан олди. “Билмасангиз билиб олинг, инсоннинг энг пок нарсаси бўлган дил унинг қалбида бўлади. Ана шу дилнинг ичида эса чигитдан минг карра кичикроқ ҳувайдо бўлади. Афсуски, сизда на дил бор, на ҳувайдо”. Энди бевосита саволингизга келсак, Яратгандан яширмаган, келиб-келиб сиздан яширармидим. Тўғри, баъзи диққинафас бўлган пайтларим сиз айтган “оқидан” тотиб тураман. Шоядки, бу гуноҳимизни Аллоҳ кечиргай. Лекин бундай шум саволингиз билан қалбимга етказган заҳрингиз жабрини мен кечиришим мумкин, бироқ Аллоҳ кечирадими, йўқми, ёлғиз ўзига аён. Агар гапларим оғир ботиб, мезбончиликка хос иш қилмаган  бўлсам, сиздан узр сўрайман”, деди Абдулла ака.

Шу орада муфтий ҳазрат мен томонга ҳиёл энгашиб, паст овозда: “Пиширган ошингиз жуда мазали бўлибди, раҳмат, барака топинг,  аммо ошга “пашша” тушиб, иштаҳани расво қилди. Энди лаганни олсангиз ҳам бўлар”, дедилар. Мен лаганни олиб ошхонага кирган ҳам эдимки, ортимдан у киши кириб: “Сиздан бир илтимосим бор, агар малол келмаса, манави пулга анави шеригимни  таксига солиб юборсангиз, манзилини ўзи айтади. Ҳа, айтганча, кўчада қора рангдаги машина турибди. Унинг ҳайдовчисига Абдулла акага аталган нарса бор экан, деб айтсангиз, бериб юборади”.

У киши узатган пулни олдим. Сўнг дастурхонга фотиҳа тортилиб, дуо ўқилди. Дас­турхондан турилгач, муфтий ҳазратлари шеригига қарата: “Сизни бу укамиз кузатиб қўядилар, биз бироз ушланиб қоламиз. Маҳтал бўлиб қолмаслигингиз учун сизга рухсат”, дедилар. Меҳмонни кузатиб, айтилган нарсани олиб чиққанимда, улар ўтирган хона эшиги юзига ёпилган эди. Киришга ботинмай, ошхонада куймаланиб турдим. Ярим соатдан мўлроқ вақт ўтиб, Абдулла ака кириб ҳазрат йўқлаётганлик­лари айтди. Аввал муфтий ҳазратлари сўнгра Абдулла ака бир-бирларига зарбоф чопон кийгазишди. Икки даҳо, икки сиймо анча вақт бир-бирларни қучиб, елкаларини силашди. Ҳазрат Қуръон тиловат қилиб, дуо-фотиҳа қилдилар.

Бу гапга 35 йилдан зиёд вақт ўтди. Абдулла ака ҳаётлик пайт­ларида бу ҳақда кўп эслардик. Гарчи тўй-маросим, мажлисларда Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг маърузаларидан баҳраманд бўлган бўлсам-да, бироқ у инсон билан бир дастурхонда таом ейиш қайтиб насиб қилмади. Бугун уларнинг ҳар иккиси орамизда йўқ. Бироқ улар ёқиб кетган илм-маърифат, зиё чироқлари порлаб ёниб қалбларни чароғон этмоқда.

Саидолим ҲАЙДАРОВ,журналист