Iyun 22, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

“…Тур ўрнингдан, кимни боласисан?”

 635 total views,  6 views today

Бизнинг боғлар топишмоқ, ёпишмоқ ва ўпишмоққа ихтисослашган.

Шошманг, нима ҳақида гап очганимни сезган бўлсангиз ҳам ўқимасдан қолдирманг. Ёки бирдан жаҳлга берилманг. Киноя қилганим ичимдаги аламдан. Хафа бўламан-а! Бошингизни қотирмоқчимасман. Муддаонинг калласини «ғарч» тишлаганим маъқул деб ўйладим.

Шу десангиз, тунов куни акам бола-бақрасию янгамини Тошканга олиб келибди. Қишлоқдан. Бир келиб қолибсизлар деб шаҳарни айлантиришга тиришдим. Илк борар манзилимиз ҳамма биладиган Aмир Темур хиёбонидан бошланадиган бўлди. Хиёбондан кириб борар эканмиз, жиянларим «амаки, анави ака билан опа кураш тушяптими, бир-бирини белидан маҳкам ушлаб олишибди», деди. Ер ёрилмади, мен ҳам тушиб кета қолмадим. Янгамга қарасам, рўмолининг бир учидан тишлаб, уялганидан ўзини олиб қочишга жой қидиради. Юз ранги қайдан олди билмайман, помидорга ўхшаб қолган. Қишлоқда иссиқни ҳам писанда қилмай ишлайвериб қорайиб кетган бу юзлар қандайин бу рангга кириши мумкин, ҳайронман…

Хуллас, шарманда бўлдим. У ердан одамлар тилида «сквер» деб аталувчи йўлнинг нариги тарафига ўтдик. Йўлак бўйлаб ҳар хил ўйинлар ташкил қилинган, уларга қарамай, «Мустақиллик майдони» метро бекати томон ҳаракатландик. Навбат Aдиблар хиёбони. Рассомлар турадиган тарафдан бурчаклаб метро томонга кетган йўлакдан юра кетдик. У ерда ҳам майсалар усти янги келин-куёвлар чимилдиқда қовушгандай ҳис қилаётган «севишганлар» билан лиқ тўла. Оббо, буларнинг дас­тидан оилавий сайр қилиб ҳам бўлмайди. Қай дарахтни соясига қараманг, қучоқлашиб, ўпишиб, ялаб-юлқашиб турган гўрсўхталарни кўрасиз. Ёш болалар ҳайрон. «Aмаки, анави опани ер кўтармайдими, анави акани тиззаларига ўтириб олибди?».

Aдиблар хиёбонига ҳам етиб келдик. Анча бўлибди келмаганимга. Атрофдаги майсалар яхшигина ўсган, қарасанг кўзинг қувнайди. Аммо, афсуски, бу ерда ҳам шу аҳвол. Ҳайкаллар ҳам хижолатда тургандек туюлди. Болаларни айлантириб, у ерда ҳайкали ўрнатилган жамики ёзувчи-ю шоирлар билан таништириб чиқмоқчи эдим. Aнави бир-бирига «тўймаётганлар»нинг иштаҳасини бузмайлик, деб яна ортимизга қайтдик. Ундан кўра бирор ошхонага кириб овқатланамиз-да қайтамиз деб қарор қилдик. Яхшиям дадам билан онам бўлишмади акам ва унинг оиласи ўрнида. Бўлмаса, «ҳе, сени Тошканингни ҳам… Йиғиштир кўч-кўронинг­ни. Қани олдимга туш, қиш­лоққа кетасан», деб мени олиб кетишлари тайин эди.

Ўқишга, қўшимча дарсларга, камига оз бўлса-да, ишга боришимни ота-онам телефон орқали назорат қилиб тургани учун атрофга кам эътибор бераман. Озиб-ёзиб бир келган жигарларимни ҳам кўнгилдагидек сайр қилдиролмадим.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига қойил қолмадим. Уларнинг кўзига фақат ўтган-кетганнинг иякка тушган ёки тушмаган ниқоби кўринади. Шу бефаросатларнинг ёнидан ўтиб-қайтяпти, аммо кўрмагандек. Aгар ниқобингиз иягингизга тушиб оғзингиз очиқ қолганини кўрсин, дарров «ниқобни кўтариб олинг», дейишни билишади. Лекин бениқоб тумшуқлар қовушишига тўсиқ йўқ, шекилли.

Болаларимизнинг бундай иллатларни кўриб, ўрганиб катта бўлишини хоҳламаймиз. Ўзи шундоқ ҳам униб-ўсётган ёшларнинг тарбиясини анча бўш қўйиб қўйган кўринамиз. Маданият ва маънавиятни сохта севги-муҳаббат билан кафанлаб, шу дарахт­лар соясига кўмилишига йўл қўймайлик. Бунга жиддий қарайлик, ҳурматли ҳурматлилар. Бу каби маънавиятсизлик ва маданиятсизликнинг олдини олиш ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимларининг ваколатига кирадими ёки ваколатдан ташқаридами? Агар ташқарида бўлса, киритиш керак ўша ваколатга. “Жамоат жойи, оилавий сайрга чиққан одамлар кўп, ор-номусинг, ғуруринг борми, ў, йигит, уятинг, иффатинг борми, ў, қиз?”, дейиш имкони бордир, ҳарқалай?

Умуман, бу борада оммавий ахборот воситаларида жуда кўп гапирилган. Одамларимиз ҳам “Жамоатчилик назорати” деганда фақат бировларнинг камчилигини қидириш эмас, балки мана шундай келажак заволи бўлган иллатларни бартараф этишда ҳам фаол бўлса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Сўз устаси айтганидек, “… тур ўрнингдан, кимнинг боласисан, нима қилиб ўтирипсан бу ерда?” деб ҳам ҳар биримиз сўраб турсак, бири гап қайтарар, бири жаҳл қилар, бири яна бошқа нарса қилар, барибир охир зада бўлади ёки уялишади. Демак, бу иллатга қарши курашиш у қадар қийин эмас. Биз ёшлар тенг­қуримизга бу гапни айтсак, кор қилмас, назарга илмас, аммо шу атрофдаги орган ходимлари айтса, албатта, таъсири юқори бўлади. Ёши катталарники инчунун…

Достонбек БАХТИЁРЗОДА