Sentabr 17, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Сизга ўхшайманми, дада?!

 955 total views,  4 views today

— Дада, менга ақл ўргатманг. Энди ёш бола эмасман, ҳарҳолда.

— Ҳалиям боласан. Мен ақл ўргатмасам ким ўргатади. Индамай айтган ишларимни қил. Ҳозир калтак ейсан.

— Йўқ, асло. Ўзим билганимни қиламан. Бундан буён ишларимга аралашманг.

— Нега аралашмас эканман, ахир, отанг бўлсам?

— Ота бўлиб, нима иш қилиб бердингиз? Ўзим ишлаб машина олдим, уйни таъмирлатдим. Нима қилган бўлсам, ўз кучим билан эришдим. Сизнинг ҳақингиз қолмади менда.

Кеча қўшни амаким билан ёши йигирмага ҳам тўлмаган ўғлининг юқоридаги “суҳбати”ни эшитиб, турган жойимда тошдек қотдим. Ота билан ўғилнинг муносабати шунақа ҳам бўларкан-да, деган ўй-хаёллар юрагимни эза бошлади. Шу воқеани сўзлаб беряпман-у, бир савол дилимни ўртаяпти: ахир, бунинг тамоман акси бўлиши керак эмасми?

Арасту: “Одам — ижтимоий мавжудот” деганида ўзи тўлиқ англамаган ҳолда инсон билан жамият ўртасида нафақат узвий боғлиқлик, шу билан бирга тафовут, ҳатто, зиддиятлар ҳам борлигини эътироф этган экан.

21 га киряпман, ҳали ҳам дадамнинг кўзига тик қараб гапирмайман. Битта мен эмас, опа ва акаларим ҳам. Бирор истагимиз бўлса, онам орқали етказамиз ёки юзимизни ерга хам қилганча зўрға айтамиз. Дадангиз жуда қаттиққўл бўлса керак деб ўйлаётгандирсиз. Асло. Бу қаттиққўллик ёки қўрқишдан эмас. Балки ота ва бола ўртасидаги ҳурмат, андишанинг белгиси. Чунки дадам бизга қаттиқ гапирмаган, бирор марта қўл кўтармаган. Нотўғри иш қиладиган бўлсак, тўғри тушунтирган. Юқоридаги ҳолатни кўриб, дадамнинг бир гапи ёдимга тушди: “Ўғлим, энди ёш бола эмассан. Дунёнинг ишларини кўряпсан. Сизларга тарбия беришда отамнинг ўгитларини қўлладим. Сен ҳам ота бўласан. Шунда унутмаки, фарзандларингни тарбиялаётганингда ота-ўғил ўртасида андиша пардаси бўлиши кераклиги эсингдан чиқмасин. Фарзандларингга қўрслик қилма, вақти келса, эркалат. Лекин бойлик тарбиядан устун эмас. Абдулла Қаҳҳорнинг бир гапи бор: “Ўз болангизга ҳеч… илк маротаба қўл кўтаришингиз қийин. Бир шапалоқ урдингизми – тамом, иккинчи марта қўлингиз ўзидан-ўзи кўтарилаверади. Оила ва фарзанд тарбиясида ҳам шундоқ. Бир куни “сан-ман”га бордингизми, эртасига ёқалашиш ҳеч гап эмас”…

Юқоридаги каби ота-ўғилнинг суҳбатига бир эмас, икки уч марота дуч келдим. Наҳотки, миллий тарбия ва ахлоқимиз шу даражага бориб қоляпти? Абдулла Қодирийнинг Отабеги, Юсуфбек Ҳожисининг муомаласини доим гапирамиз, тилимизда достон қиламиз. Бироқ бунга амал қиляпмизми? Бу савол ҳар бир отанинг, ота бўлажак ҳар бир эр йигитнинг ўзига берилиши керак бўлган саволдир. Афсуски, ёши бир жойга бориб қолган оталарга жабр қилувчи ва танбеҳ берувчилар ҳам учраяпти. Абу Мансур Мотуридий  “Отанг хатоси учун танбеҳ берувчи бўлма” деган. Бундай оталар фарзандига ёшликдан тарбия беришда нотўғри йўлдан боришяпти. Баъзилари билишмайдики,

“Гўдакликдан ёмон феълга ўрганса,

Юз меҳнат-ла уни кам қилиб бўлмас.

Яхши йўлга солай дебон уринма,

Ўсиб қотган шохни хам қилиб бўлмас”

Ўғиллар ахлоқий тарбияни отадан олади. Бошқача қилиб айтганда, болалар сувга ўхшайдилар, сув идишининг шаклини олганидек, болалар ҳам отанинг одати, ахлоқини қабул қиладилар. Бундай “кўнгилсизлик”ларда оталарнинг ҳам айби бор. Сабаби фарзандларига тўғри тарбия бера олмаяпти. Баъзи ота-оналарни кўрдим оила ва фарзандлар бахти деб мол-дунёни ҳисоблашади. Озод Шарафиддиновнинг бир гапи бор: “Фарзандларингизни моддий неъматларга кўмиб юборишингиз мумкин, лекин буларнинг ҳеч қайсиси фарзанднинг қобил бўлиб чиқмоғи учун етарли бўлмаслиги мумкин”.

Гапнинг индаллоси шуки, Юсуф Хос Ҳожиб айтмоқчи: “Ота болани кичиклигидан бебош, қўрс, такасалтанг қилиб ўстирса, болада гуноҳ йўқ, барча жафо отада”. Яна бири буким: “Ўғил-қизнинг феъл-атвори ярамас бўлса, бу ярамасликнинг айбдори фақат отанинг ўзидир, бошқа киши эмас. Ота фарзандини ўргатиб, тергаб тарбияласа, улар улғайгач, ўғлим-қизим деб севинса арзийди”.

Муроджон РАҲМАТОВ