Sentabr 17, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Оқ қўчқор, қора қўчқор

 1,252 total views,  2 views today

Озарбойжон адиби Анорнинг “Оқ қўчқор, қора қўчқор” номли қиссасини ўқиганман. Қисса “Малик Муҳаммад” номли халқ эртаги мотиви асосида ёзилган. Эртакда олис сафарга чиққан Малик Муҳаммаднинг олдидан битта оқ, битта қора қўчқор чиқади. У иккисидан бирига миниши керак. Агар оқ қўчқорга минса, ёруғликка, ўзи кўзлаган манзилга олиб боради. Қора қўчқорга ўтирса, уни ер остига, зулмат маконига олиб кетади.

Анорнинг асарида эса, бош қаҳрамон, журналист Малик Муҳаммад рамзий маънода ҳар икки “қўчқор”га ўтириб, ўз юртининг ёруғ ва қоронғи келажагига саёҳат қилади.

 Асарнинг биринчи қисмида у Озарбойжоннинг ёруғ келажагини кўриб завқу шавққа тўлади. Бу пайтда Озарбойжоннинг барча муаммолари ҳал қилинган, ҳудудий яхлитлиги таъминланган, аҳолининг турмуш фаровонлиги Бирлашган Араб Амирликларидан ҳам ошиб кетган, мамлакат ҳам моддий, ҳам маънавий тарафдан юксак даражада тараққий этган, хуллас Озарбойжон орзудаги идеал давлатга айланганди.

 Иккинчи қисмда эса журналист ўз юртининг энг ёмон сценарий  асосидаги  келажагини кўради. Яъни мамлакат  яқин келажакда турли сиёсий кучлар таъсирида уч қисмга бўлиниб  кетади: унинг биринчи қисмида журналистнинг қора чодрага ўранган,  ўз эрки ва ҳуқуқларидан маҳрум аёли яшайди. Эркаклар тоат ибодат, пиру имомларга кўр-кўрона эргашган, мамлакат бир неча аср орқага кетиб қолган, ҳукумат экстремис­тик кучлар қўлига ўтиб кетган, хуллас юртнинг бу исми  ўрта асрлардаги феодал тузумга қайтиб кетган. Журналистнинг ўғли мамлакатнинг коммунистлар бошқарувидаги қисмига тушиб қолганди. Ҳудудда ўтган асрнинг 30 йилларидаги атеизм, коммунистик қатағон авж олган, диний ва миллий қадриятлар тақиқланган, коммунистик ғоялар яна давлат мафкураси сифатида ўрнатилган эди. Бош қаҳрамоннинг қизи эса Озарбойжоннинг Ғарб демократияси таъсири остидаги бошқа бир ҳудудига ўтиб қолган. Бу ерда Ғарбга хос бўлган ЛГБТ, бир жинслилар никоҳи, казино, кабаре, жинсий инқилоб, оммавий маданият  сингари иллатлар аҳоли учун одатий турмуш тарзига айланганди. Хуллас, бош қаҳрамон шу тарзда бутун бошли миллат, мамлакат парчаланиб, ўзлигидан, ўз қиёфасидан, эркиндан тамоман маҳрум бўлганини кўради.

 Бу асарни ҳар гал ўқиганимда, унда Ўзбекистоннинг келажагига оид  икки хил сценарий кўз олдимга келаверади. Ўзимни шу икки хил “сценарий” қаршисида турган бош қаҳрамондек ҳис қиламан.

 Айниқса, сўнгги бир неча йилда одамларимиз онгида юз бераётган ўзгаришлар, фикрий бўлинишлар мени ана шундай бадбин тасаввурларга чорлайди. Узоққа бормайлик. Яқин икки йил ичида  Суриядан ҳукуматимиз ташаббуси билан 500 га яқин адашган аёллар ортга қайтарилди. Ҳали яна қанчаси Ироқда, Сурияда бошқа давлатлардан сарсон-саргардон. Қанча эркакларимиз пуч ғояларга эргашиб, қон тўкмоқда, қурбон бўлмоқда. Яна қанча минги турли минтақаларда бемақсад, қурол кўтариб изғиб юрибди. Яна  қанча-қанча нохуш ҳолатлар кўз ўнгимизда юз берди. Қайсидир диний оқимлар таъсиридан Ватан, миллат, халқ каби тушунчалардан буткул  юз ўгирганлар истаганча топилади. Бундан бир неча йил аввал пойтахт марказида террорчиларнинг қора байроғи илиб кетилгани ҳам катта мунозарага сабаб бўлганди.

 Бундан бир ойча вақт илгари Амир Темур хиёбони атрофида юз берган шармандали ҳолатлар-чи? Куни кеча ЛГБТ мавзусини ҳатто тилга олишга ҳам уялар эдик. Бугун эса улар пойтахт марказида жавлон уришяпти. Бир гуруҳ “уларга эркинлик бериш керак, бу демократия тантанаси” деб бонг урса, яна бир гуруҳ уларни жисмонан йўқ қилишга чақирди. Натижада, уч-тўрт ҳарфли қавм раҳнамоси аёвсиз дўппосланди, кинода айтилганидек, “тухумлар, товуқлар, каптарлар, яна бир балолар бўп кетди”.

Куни кеча парламентдаги тил муаммоларию, ортидан Халқлар дўстлиги майдонида собиқ империя байроғининг баланд кўтарилиши-чи?… Менимча, бу ўз тилини ҳимоя қила олмаган депутатлар учун яхшигина қўнғироқ бўлди. Бугун айрим депутатларимиз “оғаларимиз, қардошларимизнинг қорни оғриб қолса, қайси тилда дўхтир чақиради?” дея “инсонийлик” кўрсатиб, “тил учун курашмоқчи бўлганларни “оломон”га чиқаришяпти. Ҳолбуки, шу юртда  яшайдиган ҳар бир фуқаро унинг давлат тилини ҳурмат қилиши, шу тилни лоақал  дўхтирга ёки ички ишларга ўз муаммосини айта оладиган даражада билиши шарт эмасми?

Орадан икки кун ўтиб, парламент биносидан юз метр нарида “оғаларимиз” “мана сенга” дегандек, Совет байроғини баралла кўтариб чиқди. Халқ ишониб сайлаган ноиблар бугун шундай кўнгилчалик қилиб туришар экан – Аллоҳ кўрсатмасин деб дуо қиламан – эртага улар ишлаб ўтирган муҳташам бинонинг тепасига ҳам шу қизил байроқ ҳилпирашига худди шундай муносабат билдиришармикин? 

 Аслида  бутун халқимиз боши устида, керак бўлса, ҳар биримизнинг қалбимизда   қора, қизил ёки камалакранг байроқлар эмас, бутун юртнинг орзу умид­лари, мақсаду муддаоларини ифода этувчи Ватан байроғи ҳилпираши лозим.  

 Хуллас, Анор башорат қилган икки хил манзара бизни ҳам мулоҳазага, хавотирга  чорлаши керак. Ё бир ёқадан бош чиқариб, ўзлигимизни, ўз йўлимизини, ўз қиёфамизни чуқур англаб, кўзланган манзилимизга етамиз ёки…  “қора қўчқорнинг думбаси”га осилиб, ўз келажагимизни барбод қиламиз.

Рустам ЖАББОРОВ