Sentabr 17, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

“Фарзандларимни Қодирий мактабида ўқишини хоҳлайман!” дейди таржимон Марк Риз

 251 total views,  6 views today

Ўзимизга ўзимизнинг назаримиздан кўра ўзганинг назари ва баҳоси қизиқ ва аҳамиятлидир. Адабиёт халқларни бирлаштирувчи, гуманистик моҳиятга эга экани аниқ. Фақат турли тилларда ифодаланиши нуқтаи назаридан фарқланади, холос. Худди шу маънода уларни бирлаштириб турувчи мустаҳкам кўприк бу таржима санъатидир. Таржима қалбларни туташтирувчи, халқларни бир-бирига яқинлаштирувчи ижтимоий восита қуролидир. Таржимон  — дўстлик тилмочи. У таржимага чоғланаркан, иккала халқни бирдек севади, таржима асари сабаб дилларни бир-бирига боғлайди, кайфиятларни чоғлайди.

Яқиндагина Абдулла Қодирий номидаги ижод мактабига келган аризоналик тилшунос Марк Риз мисолида юқоридаги мулоҳазаларнинг тасдиғини кўриш мумкин. Марк Ризнинг ватанимизга, халқимизга муҳаббати беқиёс. Ундаги бу меҳр туйғуси бундан 27 йил аввал туғилгани сир эмас. Халқимизнинг табиати ва тийнатига хос бўлган урф ва фазилатлар уни тамомила ром этган ва у диёримизга айрича нигоҳ билан қарай бошлаган. Академик, таржимон сифатида у кўп хайрли ва маърифий ишларга бош-қош бўлган.  Халқнинг халқ ҳақидаги фикрлари одатда унинг адабиёти ва санъатида ўз аксини топишини яхши идрок этган Марк Риз Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романининг таржимасини муваффақиятли амалга оширган. У бу вазифани 2002 йилда Тошкентда аспирантурада ўқиб юрган дамларида бошлаган эди. Романни таржима қилишга уни илҳомлантирган яна бир жиҳат муайян муддат Қўқонда яшаб, ишлаб юрган давридаги эҳтиёжларни қондириш ва тарихимизни ўрганишдир. Ўзбек романчилигининг асосчиси Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” асарини таржима қилишга аҳд қилгани бежиз эмас. Халқимизнинг ўтмиши, эътиқодда собит, бой анъана ва қадриятлари уни қизиқтиргани аниқ.

У ўз нутқида “Менинг таржимам 1926 йилдаги жадид тилидан араб ёзувидан кирилл ёзувига ўгирилган асл матн асосида бўлди. Қодирий давридаги Марказий Осиё, у даврдаги маданий муҳитни тушунтириб бериш учун таржимага 500 га яқин изоҳлар қўшганман. Ўзбек тилшунослари ва адиблар таҳрирлашган. Ушбу асар таржимаси учун барча сарфу харажатларни ўз зиммамга олганман. Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби жамоаси мени илиқ кутиб олди, айниқса, ўқувчиларининг билимга қизиқиши ва қобилияти мени лол қолдирди”, — дейди Марк Риз. Бу унинг маънавий бойликни моддий бойликдан устун қўйиши ва адиб номидаги ижод мактабига ихлоси юқори эканининг белгисидир.

Тадбирда “Қодирий издош­лари” тўгараги аъзоларининг ижодий чиқишлари намойиш этилди. Бадиий саҳна кўриниши ташриф буюрган меҳмонларга манзур бўлди. Кўтаринки руҳда ўтган тадбир очиқ мулоқот тарзида ўқувчиларнинг савол-жавоблари билан уланиб, айрича завқ бахш этди.

Юртимизда адибнинг 127 йиллиги муносабати билан амалга ошириладиган ишлардан бири Марк Риз томонидан қилинган роман таржимасининг тақдимоти бўлиши эътироф этилди. Ўзбекистоннинг Вашингтон шаҳридаги элчихонасида инглиз тилида илк бор нашр этилган Абдулла Қодирийнинг «Бйгоне дайс» («Ўткан кунлар») китоби икки халқ орасидаги маънавий жабҳадаги муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши муқаррар. Марк Ризнинг самарали меҳнатини алоҳида таъкидлаш жоиз. У романнинг таржимаси устида ўн беш йилдан кўпроқ ишлаган. Энг муҳим томони шундаки,  ушбу китоб сотувга чиққандан сўнг у кўп ўтмай «Беш юлдуз»ли рейтингга эга бўлган.

Ташриф давомида Марк Риз Ўзбекистонда ўтказган йиллари ҳақида ўзининг яхши хотиралари, таассуротлари билан ўртоқлашаркан, «ҳар бир хорижлик ҳеч бўлмаганда Ўзбекистонга бир марта ташриф буюриши, унинг бой тарихий мероси, бетакрор меъморчилиги ва олийжаноб халқига гувоҳ бўлиши керак”, деди.

 Инсон кўрган-билганлари, гувоҳ бўлган нарса-ҳодиса ҳақида ўртоқлашади. Ижтимоий тармоқларда ҳам бу ҳақда кўп ва хўб ёзди. Бу борада унинг “Агар менга имкон берса, ўз фарзандларингни қайси мактабда ўқитган бўлардингиз деган бир савол билан мурожаат қилинганда, ўз фарзанд ва набираларимни айнан Абдулла Қодирий номидаги ижод мактабида ўқитган бўлар эдим”, деган фикри бежиз эмас. Худди шунингдек, “Марк Ризнинг ижодий фаолияти мобайнида жуда кўп учрашув ва мулоқотлар қилгани, буларнинг ичида  энг олий  даражадаги учрашув Абдулла Қодирий номидаги ижод мактабида ўтди деганлари бизнинг ўқувчиларимизга, мактаб жамоаси фаолиятига берилган баҳодир”, деди  ижод мактаби директори педагогика фанлари номзоди, доцент Нилуфар Йўлдошева.

Хорижлик мутахассис мамлакатимиздаги Янги Ўзбекистон руҳи янгича дунёқараш шукуҳига эътиборни таълим даражаси, кадрлар масаласи, агентлик тизимида бошқарувда гендер тенглигига амал қилингани борасида сўз юритди. Марк Риз қарийб ўн беш йил мобайнида “Ўткан кунлар”нинг таржимаси устида ишлаш асносида тил хусусиятида элнинг табиати ва тийнати борлигини англаб етди. Бунга ўзбек миллий қадриятларини қишлоқма-қишлоқ, шаҳарма-шаҳар юриб яқиндан танишиш орқали эришгани рост. Миллий колоритни бериш мақсадида  “чойхона, меҳмонхона” каби сўзларни инглиз тилига таржима қилмасдан, ўз ҳолатида қўллаганини ҳам эътироф этди. Марк Риз келажакда “Меҳробдан чаён” асарини ҳам инглиз тилига таржима қилиш ниятида эканини таъкидлади.

Академик, аризоналик таржимон Марк Ризнинг мамлакатимиздаги таълим тизими давлат раҳбари таъкидлаган учинчи Ренессансга тагзамин бўлиши ва халқимиз ўтмиши ҳамда миллий қадриятлари борасидаги эътирофи ҳақлидир.

Раҳимбой ЖУМАНИЁЗОВ,

Филология фанлари

номзоди, Ўзбекистон

Ёзувчилар уюшмаси ва “Маърифат”

тарғиботчилар жамияти аъзоси