Sentabr 17, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Ернинг асл эгалари бободеҳқондир!

 996 total views,  2 views today

Бу ҳудуднинг ўзига хос жиҳатлари кўп. Улардан бири республиканинг юқори нуқтасида жойлашгани, об-ҳавосининг бошқа жойларга нисбатан сезиларли даражада фарқ қилишида. Вилоятнинг жанубий ҳудудларида кўклам тантана қила бошлаган бир пайтда Булунғур далалари ҳали оппоқ қор оғушида бўлади. Шу боисдан ҳам бу ерларда пахта экилмайди. Асосан сабзавотчиликка эътибор қаратилади. Боғлар, узумзорлардан ўринли фойдаланилади. Қайта ишлаш корхоналарида ишлаб чиқариладиган помидор, олма ва бошқа турдаги мева-сабзавотларнинг аксар қисми хорижга экспорт қилинади. Буни булунғурликлар Яратган томонидан берилган катта имконият деб тушунишади.

— Кейинги йилларда туман қишлоқ хўжалигида деҳқончилик маданиятининг юксалиши, ҳосилдорликнинг ошиши борасида  сезиларли ўзгариш­лар кўзга ташланди, — дейди туман ҳокими Баҳодир Баҳромов. — Бу эса, ўз навбатида, фермернинг, соҳа меҳнаткашларининг турмуш фаровонлиги яхшиланишига хизмат қилди. Ернинг ўз эгасини топиши, маҳаллий шароитга қараб, экинлар жойлашувидаги ихтисослашувга ўтилиши эса ҳар бир фермер, деҳқоннинг масъулиятини оширди. Фермер хўжаликларини оптималлаштириш борасидаги ишлар ерга бўлган муносабатни ўзгартирди.  Умуман, қишлоқ хўжалик соҳасига, хусусан, фермерларга бўлган муносабатнинг ўзгараётгани, уларга  меҳнат қилиш, яшаш учун етарли шароитларнинг яратиб берилаётгани қувонарли. Масалан, уларнинг имтиёзли кредит олишга бўлган имконияти ишга бўлган муносабатини ўзгартирибгина қолмай, моддий шароитини яхшилашга ҳам йўл очди. Туманимизда 2021 йил ҳосили учун жами 6290 гектар майдонга ғалла экилган.  44000 тонна дон ишлаб чиқарилиши ва ўртача ҳосилдорликнинг 70 центнерга етказилиши режалаштирилган. Шартномавий режа асосида давлатга 20471 тонна дон топширилади.  Фермер хўжаликлари ихтиёрида эса 23530 тонна дон қолдирилади.

Туманда 2021 йил ҳосили учун асосий майдонларга 9276 гектар, такрорий майдонларга 5872 гектар, жами 15148 гектар майдонга турли экинлар экилди.  Биргина картошканинг ўзидан  128 минг тонна ҳосил олинди. Сабзавотчиликда ялпи ҳосил миқдори 145 минг тоннага, дуккакли экинларда  3550 тонна, мойли экинларда 3436 тоннани ташкил этди.

Ўтган  йили 7660 гектардаги асосий майдонлардан ташқари  ғалладан бўшаган ерларнинг бир қисмида такрорий экинлар парваришланди.  Уларнинг асосини картошка, дуккакли ва мойли экинлар ташкил қилганди. 2219 гектардаги картошка учун 7766 тонна уруғ талаб этилди. Унинг 6695 тоннаси фермер хўжаликлари томонидан экилди. 1009 тоннаси эса четдан олиб келинди.

Бундан ташқари, туманда жами 4563 гектар боғ, 2518 гектар ток майдони бўлиб, уларнинг 2170 гектари интенсив майдонлардан иборат. 2020 йилда боғ ва токзорлардан 30 545 тонна мева ва 33 334 тонна узум ҳосили олинди.

2020 йилда ҳудудларни ихтисослаштириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди. Жумладан, Ўзбекистон, Ипак Йўли, Мингчинор, Бешкуви ва Дўстлик агрофирмалари ҳудудларидаги фермер хўжаликларининг асосий ер майдонлари сабзавот экишга ихтисослаштирилди. Навоий, Х.Олимжон, А.Махсумов, Ф.Йўлдош ва Килдон агрофирмалари ҳудудларидаги фермер хўжаликларининг ер майдонларининг асосий қисми картошкачиликка ва Чўянтепа агрофирмасини 655 гектар ер майдони тўлиқ узумчиликка ихтисослаштирилди.   

Туман қишлоқ хўжалик бўлими бошлиғи Дилшод Сулаймонов  2021 йилда амалга ошириладиган чорвачилик лойиҳалари ҳақида шундай фикр юритади:

— Туманда 2021 йил чорвачилик ва унинг тармоқларини ривожлантириш мақсадида жами 14 та лойиҳа шакллантирилган бўлиб, унинг 5 таси қорамолчилик, 3 таси қўй-эчкичилик, 1 таси паррандачилик, 2 таси  балиқчилик ва 3 таси қуёнчилик йўналишида. Қорамолчилик бўйича бажариладиган лойиҳалардан мақсад туман ҳудудида аҳолининг сифатли гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган талабини қондириш ва ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга қаратилган. Бунинг учун 141,8 миллиард сўмлик маблағ сарфланади. Унинг  7,1 миллиард сўмини тадбиркорлар маблағи, 3,5 миллиард сўмини эса банк кредитлари ва 131,2 миллиард сўмини хорижий инвестициялар ташкил этади. Ушбу лойиҳаларнинг ишга туширилиши натижасида йилига 200 тонна гўшт ва 10 минг тонна сут маҳсулотлари етиштириб берилади.

Паррандачилик йўналишидаги лойиҳа қуввати 10 минг бош гўшт йўналишидаги паррандага мўлжалланган. Лойиҳа ташаббускорнинг  3,5 миллиард сўм  маблағи ҳисобидан амалга оширилади. Ушбу лойи­ҳа ишга туширилиши натижасида йилига 40 тонна парранда гўшти ишлаб чиқарилишига эришилади. Балиқчилик ва қуёнчилик йўналишларидаги лойиҳаларнинг ишга туширилиши наслли қуёнлар ҳамда парҳез гўшт етиштиришни кўпайтириш имконини яратади.

Қоровултепа қишлоғида истиқомат қилувчи отахон Ҳазратқул Сафаров узоқ йиллар мобайнида фермерлик қилган,  ҳозир эса ўғиллари унинг ишини давом эттиришяпти.

— Фермер бўлишимдан анча аввал ўқитувчилик қилганман, — дейди у. — Мактаб директори, хўжаликда касаба уюшма қўмитаси раиси, агроном ва яна бошқа вазифаларда ишлаганман. Педагогика билим юрти, педагогика институти ва яна қишлоқ хўжалик институтида  ўқиганман.         

Ҳазратқул Сафаров айни пайтда 71 ёшда. Тумандаги “Ғўбдин” маҳалла фуқаролар йиғинида нуронийлар ишлари бўйича раис ўринбосари вазифасида ишламоқда. Асосий фаолиятини ўқитувчи, агроном, фермерликка йўналтирган Ҳазратқул ота “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими аълочиси”, деган юксак номга мушарраф бўлган. 2009 йилда “Шуҳрат” медали, Ўзбекис­тон мустақиллигининг 20 ва 25 йиллиги кўкрак нишонлари билан тақдирланган. Турмуш ўртоғи Шафоат опа билан олти нафар фарзанд тарбиялади.

Фермерлик Ҳазратқул ака меҳнат фаолиятининг асосини ташкил этади. У дастлаб, 1994 йилда Булунғур туманида “Қуёш” фермер хўжалигини ташкил этганди. Шу пайтда 16 гектар майдонда боғдорчилик, ғаллачилик ва картошкачилик билан шуғулланганди. Кейинчалик эса фермер хўжалиги ер майдони 60 гектарга етказилди. Ўзи нафақага чиққач, бу хўжалик негизида учта мустақил фермер хўжалиги ташкил этиб, ҳар бирига 20 гектардан ер ажратди ва уч ўғлини уларга раҳбарликка тавсия қилди. Айни пайтда ўғли Салим Сафаров етакчилигидаги “Қуёш” фермер хўжалигида боғдорчилик йўлга қўйилган. Салим фермер мавжуд 20 гектар ер майдонида интенсив олмазор ва қорализор барпо этган.

 “Ғўбдин Юқори нуқта” фермер хўжалиги ўғли Илҳом Сафаров тасарруфида. Илҳом сабзавотчиликни йўлга қўйган. Полиз экинлари, олма, қоралидан ҳам мўл ҳосил етиштиряпти. Мавжуд майдонларига қўшимча равишда 60 гектар лалми майдонда масхардан ҳам дурустгина  ҳосил олишга эришди. Шунингдек, у яна 10 гектарлик майдонда доривор ўсимликлар ҳам етиштиряпти.

Олимжон Сафаров бошлиқ “Олтин бошоқ” фермер хўжалигида ҳам ишлар юришиб кетган. Олимжон 8 нафар фуқарони иш билан таъминлаган. Улар ғалла, картошка ва пиёз экади. Ғўбдин тоғ этакларида уч фермер хўжалиги ишларини юритаётган ўғилларидан Ҳазратқул ака хурсанд.

Ҳа, фарзандлар ота ишончига муносиб  бўлишмоқда. Отанинг эса кўнги тўқ. Энди у фарзандлар, набиралар,  ардоғида бўлишга ҳақли. 2013 йилда ҳаж сафарини адо этиб келгани ҳам ана шу ардоқнинг бир кўринишидир.

 “Мингбулоқ” ҳудудидаги тадбиркор Шерали Холдоровни кўпчилик билади. Унинг иссиқхона ишини юритишига, кўп йиллик дарахтпомидор парваришини йўлга қўйганига ҳавас қилишади. Туман қиш­лоқ хўжалиги бўлими бош­лиғи Дилшод Сулаймонов ҳамроҳлигида Шерали Холдоров иссиқхонасида бўлдик.

Шерали тадбиркор иссиқхонасида помидорнинг 19 хил нави парваришини йўлга қўйган. Уларнинг 18 навини Россиядан келтирган экан. Ҳаммаси серҳосил, чидамли.  Улар орасида энг эътиборлиси, дарахтпомидорнинг ҳам борлигидир.

— Помидорнинг бу тури бутун йил мобайнида ҳосил беради, — дейди Шерали Холдоров. — Иссиқхона шароитидаги дарахтпомидордан 7-8 йил мобайнида фойдаланиш мумкин. Йил сайин ҳосилдорлиги ошиб бораверади. Фақат парваришига эътибор қаратилса, бас.

Бугун Булунғур далаларида ўзгача файз, ўзгача шукуҳ. Деҳқонлар, фермерлар, томорқа эгалари деҳқончилик маданиятини, самарадорлигини ошириш йўлида изланмоқда. Ҳаракат ва изланишлар эса тўкинлик, фаровонлик сари йўл очади.

Абдурасул САТТОРОВ