Sentabr 17, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Ҳаром луқма тешиб чиқмай қўйдими?

 305 total views,  4 views today

Биринчи манзара: Бир кекса киши ёлғиз ўзи яшайди. Кунига бир марта инқиллаб-синқиллаб кўчанинг нариги юзидаги дўкондан ўзига яраша яримта буханка нон олиб қайтади. Кўпроқ нон олай деса, эртаси куни қотиб қолади. Ҳар замонда яқинлари йўқлаб келганда шукрона қилиб ўтирганини айтади.

Иккинчи манзара: Бу одам илгари бир неча воҳага раҳбар бўлган. Охирги пайтда бир ножўя ҳаракати туфайли тутқунликка тушган. “Афсус, мен шу номаъқул ишни қилдим”, деб надомат чекади. Ишонасизми, шу одам бояги ёлғиз қариянинг ўрнида бўлишни дилдан орзу қилади. Ҳаммаси эркин ҳаётнинг олдидан ўтаверсин.

Чархи кажрафтор шунақа. Агар инсоф, диёнат устун келганда иккинчи ҳолатдаги шахс бунчалик ачинарли аҳволга тушмасди. Ахир унинг айтгани айтган, дегани деган эди. Атрофдагилар каттанинг қош-қовоғига қараб ҳаракат қилар, баъзиларга Худо каби эди. Биттагина нарса аралашмаса, ҳаммаси жойида эди. Нима ўша нарса дейсизми? Бутун жамият, соф виждонли инсонлар нафратланадиган қилмиш — коррупция.

Ҳозир Ўзбекистонда шу балони таг-томири билан йўқотиш вазифаси қўйилган. Ният аниғу амалда қандай ҳаракат қилишни топиш қийин бўляпти. Агар туман, маҳаллалардаги учрашув-мулоқотларда воиз коррупцияга қарши кураш ҳақида гапирса, тингловчилар зимдан кулиб ўтиришади. Бу иллатни сиз йўқотолмайсиз, демоқчи бўлишади. Нега дейсизми? Ўша минбардаги  “уламо” юракдан гапирмайди, шунчаки сиёсатга мос сўз айтмоқчи бўлади. Жазо чораларини кучайтириш керак, Хитой ёки араб мамлакатларидаги жисмоний қийноқ билан қўрқитиш керак деб, ечим излашади.

Бизнингча, халқимизнинг азалий қадриятлари ёрдамга келиши керак. Коррупция қўрқув тимсоли эмас, балки одамлар ундан чексиз нафрат, ғазаб туйғусини ҳис қилишсин. Ариқдаги сувда оқиб келган олманинг асл соҳибини сўраб, ижозат олиш орқали истеъмол қилган халқнинг зурёдларимиз ахир. Нафақат бировнинг ҳақини ейиш, балки кимнингдир дилини оғритиш, норози қилиш ҳам гуноҳдир. Зотан, Президентимиз уқтирмоқда: “Халқни рози қилайлик” деб. Шу ақидага амал қилсак, коррупция ўз-ўзидан барҳам топмайдими?!

Халқимизда бирор ҳолат ҳақида гап кетганда “Ишқилиб, охири бахайр бўлсин” деган сермазмун нақл бор. Холисона баҳо беринг, қайси коррупционернинг иши охири бахайр бўлди? Ҳаммаси афсус-надомат балосига гирифтор бўляпти-ку. Тинч, бехавотир яшашни истайсизми? Бировнинг ризқига кўз олайтирманг. Ўз ҳалол, пешона тери эвазига топган бойлигингизни болаларингизга едиринг. Агар шу луқмага ҳаром аралашса, оилангиз келажаги куйиб кетиши аниқ.

Эл-улус ичида “Ҳаром луқма тешиб чиқади” деган нақл бор. Бу ибора минг йиллар сабоғи натижасида айтилган. Томоқдан ўтган насиба бирор жойдан тешиб чиқмайди, балки охир-оқибат у одамга юқмайди, наф келтирмайди, деган маъно бор бу ерда. Шундай экан, бировнинг ҳақидан ҳазар қилайлик.

Баъзан эшитиб қоламиз: кимдир ўқишга киритиш ёки ишга жойлаштириш учун фалон доллар олаётганда ушланди деб. “Бу энди қўлга тушгани” дейишади. Қўлга тушган одамнинг ёқасидан оламиз, пора берган зотни қонунни билмасликда айблаймиз. Асл сабабини суриштирмаймиз. Минг афсуски, шунақа ишларни пул бериш орқали битириш кўп ҳолларда оддий воқеага айланиб кетган. Ишга қабул қилувчи каттакон бўш иш ўрнига мутахассисни харажатсиз жойлаштириш ҳақида ўйлармикан? Ёки шу ердан ўзига “нон чиқариш”ни хаёл қиладими?

Кимдир янги нарса сотиб олса, “буюрсин” деб қўйишади. Бу гапда ҳам катта маъно бор. Агар ўша буюм ҳалол меҳнат эвазига олинган бўлса, буюради, яъни насиб этади. Аксинча бўлса, қўлдан бой берилади.

Қонун ижодкорлари яхши билишади: мамлакатимизда қонун ишлаб чиқишда жаҳон андозаларини назарда тутган ҳолда миллий қадриятларимиз ҳам инобатга олинади. Худди шунинг­дек, коррупцияга қарши курашда ҳам бой ўтмишга эга бўлган бебаҳо қадриятларимиз ҳисобга олиниши керак. Ҳаётий мисол дейсизми? Истаганча топилади.

Бу борада маънавиятчиларнинг зиммасига катта вазифа юкланади. Турли шакл-шамойилда, халқ онгига етиб борадиган ифодаларда коррупциянинг қанчалик ярамас иллат эканлигини, ундан жамият аҳли нафратланишини кўрсатадиган лавҳаларни намоён этишимиз лозим. Ахир таъсирли фильмлардан юзлаб одамлар кўзда ёш билан чиққанига гувоҳмиз-ку.

Бу дунёда бирор иш нимадир чўзмасанг битмайди, деган тушунча бор. Абдулла Ориповнинг “Шарҳ” сарлавҳали шеърини ўқийлик.

Бу дунёда соддалар бисёр,

Ўтмишда ҳам учраган анча. 

Бири дейди: – Иқтидоринг бор,

Шунинг учун бергансан қанча?

Бошқаси дер: -Ақлинг зўр чиндан,

Гапни гапга роса уладинг.

Жон оғайни, яширма мендан,

Бунинг учун қанча тўладинг?

Шу ўринда шоир ўз хулосасини баён этади:

Дейман,  йўқдир уларнинг нархи,

Улар – ҳаёт, улар – зарурат.

Лекин бордир озгина шарҳи:

Текин эрур нодонлик фақат.

Зийрак шеърхон ҳар қандай натижага ўз-ўзидан эришилмаслигини, бунинг учун меҳнат, интилиш зарурлигини англаганлиги табиий, албатта. Лекин шунинг учун коррупция керак, деб ҳисоблайдиган одамлар йўқ эмас. Юртимизда ҳалол меҳнати эвазига катта ютуқларга эришаётган инсонлар қанчадан-қанча. Респуб­лика “Нуроний” жамғармаси Васийлик кенгаши шу йил баҳорда жаҳон спорт ареналарида ва фан олимпиадаларида юксак натижаларга эришиб, Ўзбекистон номини дунёга танитган ёшларнинг оналарини “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирлагани ҳам ҳалоллик эътирофи сифатида кенг жамоатчилик томонидан қизғин қўллаб — қувватланди.

Болалигимда кекса бувимнинг “Пора ҳар кимнинг иродасини пора-пора қилиб юборади” деган гаплари ҳеч эсимдан чиқмайди. Инсоннинг ҳалол, пок бўлиб ўсиши оиладаги муҳитга, тарбияга ҳам боғлиқ. Сиз ҳар қанча пинҳона иш тутманг, мурғак бола хонадонга кириб келаётган нарсанинг ҳалол ёки ноҳалол эканлигини кўриб туради ва ўрнак олиб яшайди. Қуш уясида кўрганини қилади, дегани бежиз эмас.

Ҳалоллик, ростгўйлик, поклик янги авлод тарбиясида муҳим аҳамият касб этади. Йиллар мобайнида меҳнатсеварлик туфайли эл-юрт ичида обрў қозонган замондошларимиз ҳаётини идеал қаҳрамон сифатида акс эттириш айни муддаодир. Халқимизнинг эзгу хислатлари, бой анъаналари ҳаётий мақсадларга элтиш йўлида муҳим восита эканлигини назарда тутайлик.

Фарзанд тарбиясида “Нонни увол қилма”, “Сувга туфлама”, “Ўзингдан каттани ҳурмат қил” деган насиҳатлар қаторида “Ўзганинг ҳақини ема”, “Ҳаромдан ҳазар қил”, “Нафсингни тий” каби уқтирмалар асосий ўринни эгаллаши керак. Одамнинг тарбияси болалик чоғида онги қандай шаклланишига боғлиқ. Рисоладагидек тарбия кўрган инсон кейинчалик ҳам одоб доирасида намунали камол топади.

Ижтимоий тармоқларда айрим экспертлар коррупция миллат менталитетига айланган одат, ўзбекчиликнинг хос белгиси дейишяпти. Бу мутлақо нотўғри қараш. Миллий менталитетимиз илдизлари ҳалоллик, софлик, имон-ишонч бўлиб келган. Ҳамиша ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё эканлигини ёдда тутайлик.

Шуҳрат ЖАББОРОВ,

Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган журналист