Iyun 22, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

“Ҳар кимсаки ақли кўнглидин зойулдур…”

 624 total views,  2 views today

Одамийликнинг, илму маърифатнинг қадрига етиш учун Навоийнинг қолдирган улкан меросини ўрганиш зарур. Эътибор берсангиз, буюк аллома шоиримиз яратган асарнинг — шеъру ғазал ва ҳикматли ибораларнинг ҳар бир бандида инсонийлик шеваси, адаб ва хулқ қоидалари теран маъно касб этганини кўрамиз.

Навоий ҳамиша ўз қарашларида фарзанд тарбиясига, болани кичик ёшидан бошлаб хушхулқ, яхши фазилат эгаси бўлиб камол топиши муҳимлигини уқтирган. Энг зарур вазифа болани ёшлигидан тарбиялаш, уни илму адабга ошно қилишда деб билган.

Улча эрур тифлға шоиста иш,

Билки кичикликда эрур парвариш.

Ушбу сатрларда Навоий ҳаётдаги энг биринчи вазифа бола тарбияси эканлигини қатъий баён этган. Ота-она учун фарзанд бебаҳо неъмат эканини барчамиз яхши биламиз. Аммо фарзанднинг оиладаги ўрни унинг хулқи билан, илму ҳунарга мойиллиги билан белгиланади. Бу дунёда  яхши ном қолдириш учун яхши амалларга эргашиш, ҳар қандай вазиятда ҳам эзгулик сари кадам ташлаш одамийликнинг ягона белгисидир. Бу ҳақда Навоий шундай ёзади:

Бу гулшан ичра йўқдур бақо гулига сабот,

Ажаб саодат эрур қолса яхшилик била от.

Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонини ўқиб, муболағасиз айтиш мумкинки, асарда инсон боласининг кичиклигидан бош­лаб илм ўрганишга интилишини, ҳунар эгаси бўлиш учун ўқиш, изланиш, билимларни мукаммал эгаллаш муҳимлигини Фарҳод тимсолида жуда таъсирли ифодалаган. Зотан, Фарҳод болалигидан ўқишга, илм эгаллашга иштиёқ билан ёндашади. У ҳоқон фарзанди, тахт вориси бўлишига қарамай, илмни, ҳунар эгаси бўлишни афзал билади, ҳар  бир ишга қунт билан киришади. Фарҳоднинг Қорандан тош йўнишни, Монийдан сурат чизишни, Бонийдан бино қуришни ўрганганини Навоий ибрат қилиб кўрсата олган.

Деди: “Ҳар ишки қилмиш одамизод,

Тафаккур бирла билмиш одамизод…”, деган мисраларни ўқиганимизда ҳар бир ишнинг бошини тутишдан олдин ақл ва билимнинг зарур эканлиги алоҳида таъкидланади. Инсонларга нафинг тегиши учун ҳар бир даврда тадбиркорлик ва ҳунарпешаликнинг аҳамияти тўлақонли очиб берилади. Фарҳоднинг халқ фаровонлиги учун тоғни қазиб сув чиқариши, боғ-роғлар бунёд этиши, бино ва қасрлар қурилишида иштирок этиши унинг юксак ақл эгаси, меҳнатсевар ва элпарвар эканидан далолат.

“Ҳунарни асрабон неткумдир охир,

Олиб туфроққаму кеткумдир охир”, деган сатрларда эса достон қахрамонининг идеал сифатлари, юксак инсонийлик фазилатлари яққол ифодаланган.

Мамлакатимиздаги ҳозирги инқилобий ўзгаришлар, Янги Ўзбекистонга монанд замонавий кўркам биноларнинг, “ақлли шаҳар”ларнинг барпо этилаётганида беихтиёр Фарҳодлар тимсолини кўргандек бўламиз. Замонамиз Фарҳодларининг жасорати қалам аҳлининг қалбини жунбишга келтиради! Ўшанда Навоийга қайтгинг, Навоийни ўқигинг келаверади!

Улуғ шоирнинг қайси бир асарига мурожаат қилманг, улкан маънавий озуқа топасиз. Одамларни инсоф ва диёнатга, тўғрилик ва ҳалолликка ундовчи гўзал мисралардан баҳраманд бўлишимиз, яхшилик ва эзгуликни, адолат ва садоқатни тараннум этувчи битиклардан катта бир маънавий сабоқлар чиқаришимиз зарурлиги му­ҳим вазифага айланмоқда. Айниқса Навоий яратган ҳикматли сўз ва ибораларда ҳалол бўлиш, бойлик, мол-дунё ҳирсига берилмаслик хусусида ибратли фикр айтилади.

Гадо улдурки, сочмағаю тергай.

Ёки:

Не ишқим шаҳ топиб андин Навоий,

Вале юз қатла ор этгай гадоий

Навоий бойлик орттириш, қимматбаҳо нарсалар ортидан чопадиганларни, ҳамиша ганжу тажаммул илинжида юрадиган кимсаларни қоралайди.

Ганж умидидин кимки чеккан ранж,

Ранж зойиб эмас  чу топқай ганж.

Бундан англашиладики, Навоий очкўз ва муттаҳамларни, порахўру юлғичларни жуда ёмон кўрган. Бош вазир лавозимида бўлганида ҳам бундай иллатларга асло йўл қўймаган. Халқни алдаб ортиқча хирож тўплаган кимсаларни қаттиқ жазолаган. Ҳозирда жамиятимизда кечаётган салбий ҳолатларни – коррупциянинг турли шаклларини ўзида намоён этаётган порахўрлик, ўғрилик, бировлар меҳнати эвазига бойиб кетиш каби иллатларини Навоий ошкор этган жиҳатларга менг­заш мумкин. Демакки, бош илдизи маънавиятсизликка, ахлоқсизликка бориб тақалади.

Нима бўлганда ҳам одамларни юксак маънавиятга, комиллик саодатига элтувчи ягона йўлни Навоий ақлу ҳикматда, илмда деб билган. Навоий маънавияти паст кишиларни

“Ҳар кимсаки  ақли кўнглидин зойулдур,

Қорун эса оқил қошида сойилдур”, дея таърифлаган. Яъни Қорун каби энг бадавлат бўлса ҳам ақллилар олдида гадолардир. Президенти­миз таъбири билан айтганда, нафақат ёшлар, балки бутун жамиятимиз аъзоларининг билими, савиясини ошириш учун, аввало, илм-маърифат, маънавият керак. Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади.

Шарқ донишмандлари “Энг катта бойлик бу — ақл заковат ва илм, энг катта мерос бу — яхши тарбия, энг катта қашшоқлик бу — билимсизликдир!” дея таъкидлаган. Шу сабабли ҳаммамиз учун замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланиши керак.   

Айтилган бу сўзлар Навоий бобомиз илгари сурган ғояларга жуда мос тушган. Бугун ҳам сира аҳамиятини йўқотмай, замонамизга ҳамоҳанг жаранглаб турибди.

Навоий адабни, яъники, одоб-ахлоқни жуда қадрлаган. У киши яшаган даврда ақидага кўра ахлоқ ҳар кимнинг пешонасига азалдан ёзилган илоҳий ҳолат деб қаралар эди. Албатта, бу хато фикр бўлган. Навоий ахлоққа одам фаолияти маҳсули деб баҳо берди ва уни  тузатишга фақатгина инсоннинг ўзи қодир, деган фикрни илгари сурди.

Бордур инсон зотида онча шараф,

Ким  ёмон ахлоқни этса бартараф.

Навоий илмни эгаллаб, ақлга асосланиш инсон тарбиясидаги асосий бош мезон деб қараган. Бу билан ул зот ақл кучи билангина киши инсонни зийнатловчи фазилатларни эгаллайди деб хулоса қилган.

Дарҳақиқат, нафақат Навоий даврида, балки бугун ҳам бу ғоя ўз кучида турибди. Иккинчи Ренессанс даврида улуғ боболаримиз илгари сурган маънавий-маърифий қарашлар ҳозирга келиб янгиланаётган Ўзбекистонда Учинчи Ренессансга пойдевор бўлса, ажаб эмас. Бу пойдевор фақат ва фақат илму-маърифат орқалигина бунёд этилади.

Ҳозирда мамлакатимизда  ёшларнинг ўқиб билим олиш­лари учун барча шарт-шароитлар муҳайё. Хорижнинг нуфузли олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ёшларимиз сафи тобора ортмоқда. Уларнинг халқаро фан олимпиадаларида қўлга киритаётган ютуқлари ҳам мақтовга лойиқ. Интеллектуал салоҳиятга эга бўлган, изланувчан ёшлар жамиятимизнинг куч-қудратига айланажак. Навоий орзу қилган кунларга етиб келдик. Келажак бугунги шижоатдан юксалмоқда.

Алишер Навоий бир умр адолат, ҳақиқат ва тўғрилик курашчиси бўлиб яшади. Юрт фаровонлиги, мамлакат ободлиги адолатли ҳукмронга боғлиқ деб ҳисоблар ва бир вақтнинг ўзида подшоҳларни одил бўлишга чорлар эди.

Шоҳ ки иши адл ила бунёд этар,

Адл бузуқ мулкни обод этар.

Навоий ўзининг севимли қахрамонлари — Фарҳод, Қайс, Ширин, Лайли, Дилором, Искандар орқали ана ўша ёвузлик, макр ва зулмга қарши кескин курашга чоғланди ва маънан зафар қучди. Ҳозир ҳам улуғ Навоийнинг бебаҳо асарлари инсонни маънавий камолотга етказишда, ёшларни қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим дастуриламал бўлиб келяпти.

Навоий ижоди, унинг адабий мероси улкан уммонга ўхшайди. Қат-қатлари дурга тўла. Унга шўнғиган сари турфа гавҳарларни, маънолар хазинасини топасиз. Толеимизга битилган ана шундай бебаҳо чашмадан баҳраманд бўлмоқ керак.

Юртдошимиз ташаббуси билан юртимизда  маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини тубдан яхшилаш борасида катта вазифалар олдимизга қўйилаётган экан, биз ижодкорлар ижодий-маънавий тарғибот ишларини Навоий олами билан боғлаб олиб борсак, айни муддао бўлур эди.

Шундай экан, азизлар, маънавий оламимизни бойитишда Навоийни ўқишимиз, Навоий асарларини ҳамиша ўрганиб боришни одатга айлантиришимиз зарур. Унинг ғояларини, ўлмас асарларини  ёшлар онгига сингдириб бориш ҳар бир зиёли инсоннинг маънавий бурчи бўлиб қолсин.

Ашурали БОЙМУРОД