Iyun 22, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

АҚШ доллари бўлса, АҚШга ҳам жўнатамиз, ишга жойлаш экан-ку!

 950 total views,  2 views today

Хўжаободлик Маъмура Бобожонова кунларнинг бирида бир аёл билан танишди. Ҳозирда қишлоқ врачлик масканида доя бўлиб ишлаётган Мукаррамхонга қайнонаси маслаҳат солиб, республика шошилинч тез тиббий ёрдам маскани Андижон филиалида иш борлигини билдирди. Қайнонага Мукаррамнинг таниши айтганмиш, у ҳам ўз набирасини шаҳарга ишга жойламоқчи экан. Албатта, катта одамдан жўяли фикр чиқиб, маслаҳатли тўй тарқамас деганлар.

Онахоннинг таклифига келин рози бўлди. Мукаррам бу борада Маъмура билан гаплашди. Филиалда катта ҳамшира бўлиб ишловчи Маъмурахон Мукаррамнинг таниши орқали 500 АҚШ доллари талаб қилди. Афсуски, бу айтмоққа осон, ким қанча сўраса, бераверсанг, хазина ҳам тугайди-ку, деган ўй онахонни безовта қилди ва келини учун “тиш коваги”да асраб юрган 400 АҚШ доллари борлигини айтди. Мукаррамнинг ўртоғи  Салима Яқубова бу пулларни тезроқ берса, иш тез ҳал бўлишини билдирди. Албатта, бу гаплар аллақачон ўзаро маслаҳат қилинган, фақат қайнона-келин ҳали Маъмуранинг ҳийласидан бехабар эдилар. Хуллас, Мукаррам сўралган пулни Булоқбоши туманидаги ошхоналардан бири ёнида талабгорга топширди. Йиғиб-терилган 400 АҚШ доллари ва 380 минг ўзбек сўми Маъмурага берилгач, бу ўзбек сўми нега керак деган савол Мукаррамни қизиқтириб қолди.

— Тиббий кўрик ҳужжатларини расмийлаштиришга керак, — аллақачон жавобни топиб қўйган Маъмура қаршисидаги аёлни тинчлантирди. 

Ажабки, Маъмура кейинроқ яна Мукаррамга сим қоқиб, ҳарбий гувоҳнома учун озроқ пул сўради. Сўралган салкам 170 минг сўм ҳам унга етказилди. Аёл пулларни қайтариб ҳам бермади, ҳеч бир ҳужжат ҳам расмийлаштиришга уринмади, шунчаки, осон келган пулларни ўз эҳтиёжи учун сарфлаб юборди, холос.

Энди алдов навбати Салима Яқубовага келди. Маъмура унинг жияни ўша кезда Маъмура ишлаётган шифохонадан бўшаётганини билди-ю, унинг ҳузурига чопди. “Жиянингизга “харажат” қилганман, ўшани қопласангиз, набирангизни жиянингиз ўрнига жойлаб қўяқоламиз”, деди. Қаранг-а, қандай осон, гўё хамирдан қил суғургандек. Фақат Маъмура сарф қилган “Харажат”ни қоплаш учун яна АҚШ доллари тўланса, кифоя. Шундай бўлди ҳам, бу гал ҳам Маъмуранинг режаси иш берди. Салима Яқубовадан фирибгарлик йўли билан такроран 300 АҚШ доллари ва 556 минг ўзбек сўмини олиб, аввалгидек ўз эҳтиёжлари йўлида сарфлаб юборди.

Бу орада куз ўтиб, қиш келди. Декабрь бошланди. Кунларнинг бирида шифокор вазифасига ишга кириш истагида бўлган яна бир аёл ўз оёғи билан Маъмуранинг қаршисига келиб қолди. Қаршисидаги аёлга Маъмура ўзини гўё шаҳар болалар шифохонасида ишлашини, агар истаса, уни ҳам шу даргоҳга ишга киритиб қўйиши мумкинлигини маълум қилди. Бунинг учун шифохона раҳбарига пул берилса, бас. Маъмура бу гал ҳам муродига эришиб, аёлнинг 300 АҚШ доллари ва 550 минг ўзбек сўмини тумандаги дорихоналардан бири ёнида олди. Кейинги гал катта ваъдалар эвазига яна бир аёлдан 500 АҚШ доллари ва 800 минг сўмни ҳам қўлга киритди.

Бугина эмас, Маъмура юқорида айтиб ўтилганидек, ўзининг қинғир ишларига Булоқбоши туман тиббиёт бирлашмасида ишловчи Замира Миралимовани ҳам жалб қилди. Икки аёл Мадина Мамасолиевага унинг жиянини республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиалига ишга киритиб қўйишга ваъда берди. Мадинанинг жияни 2018 йилда Асака тиббиёт коллежини тамомлаган бўлиб, энди ишга кириш ниятида эди.  Мадина Замирага бориб учраганида у, албатта, шаҳарда танишлари кўплиги, бироқ бу ишлар пулсиз ҳал бўлмаслигини маълум қилди. Эртасига улар туман марказида гаплашиб олиш­лари кераклигини билдиргач, Мадина ва унинг жияни уйга қайтишди. Маъмура ва ҳамтовоғи айтилган муддатда айтилган манзилга келиб, Мадинага жияни учун харажатларга жами 800 АҚШ доллари лозимлигини, бу пуллар нималарга сарфланишини ипидан игнасигача тушунтириб берди.

Эртаси куни Мадина ва жияни сўралган пулни олиб, тумандаги келишилган дорихона олдига келишди. Замира пулни олиб, қизнинг ҳужжатлари ичига ўради-да, ҳамёнига солди.

— Энди қачон бу иш ҳал бўлади? — қизиқсинди Мадина.

— 5-6 ойда бўлиб қолади, — Комил ишонч билан деди Замира.

Бироқ икки аёлнинг масаласи улар ҳали юқоридаги шахсларнинг масаласини ҳал этиб улгурмасидан ечилиб қўяқолди. Чунки қилни қирқ ёрувчи қонун нозирлари оқ либосга доғ туширган бу икки аёлнинг кирдикорларидан аллақачон воқиф бўлган. Нозирлар нафс амридан ўзгасини кўзга илмайдиган ушбу икки шерикни шу куни жиноят  устида қўлга олишди.

Қонун ўз сўзини айтди – жиноят ишлари бўйича Булоқбоши туман суди ўтказган мажлисда ушбу масалага ойдинлик киритилди. Жиноят кодекси маълум модда ва бандларига кўра айбли деб топилган Маъмура иш ҳақининг 20 фоизини давлат фойдасига ушлаб қолиш шарти билан 2 йил 7 ой 21 кун, Замирахон иш ҳақининг 10 фоизини давлат фойдасига ушлаб қолиш шарти билан 1 йилу 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига тортилди.

Мирзоюнус МУҲИТДИНОВ,

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг

Булоқбоши туман

бўлими бошлиғи,

Икромжон МАНСУРОВ,

журналист