Sentabr 17, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

“Ё Ватан ё шарафли ўлим!”

 799 total views,  2 views today

Қадриятлар ҳар бир миллатнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини намоён этувчи бамисоли бир кўзгу. Айтиш жоизки, миллий қад­риятлар аждодларнинг илмий-маънавий мероси асосида шаклланади ва даврлар оша такомиллашиб боради. Хусусан, асрлар давомида аждодларимизнинг бой маънавий мероси асосида шаклланган миллий қад­риятларимиз барча умуминсоний ахлоқий фазилатларни ўзида акс эттирган.

Бугунги тезкор глобаллашув шароитида ҳам ўз миллий қадриятларига мустаҳкам суяниб келаётган халқимиз беқиёс маънавий бойлиги, аждодлар хотирасига садоқат, катталарга эҳтиром, кичикларга иззат-икром, айниқса ота-онага ҳурмат, қариндошлик ришталарини мустаҳкамлаш, меҳмонни улуғлаш, бировнинг айниқса, етимларнинг, қўни-қўшниларнинг ҳаққига ҳиёнат қилмаслик, эҳтиёжманд кишиларга  хайр-эҳсон қилиш, ҳар қандай шароитда ҳам ҳаё ва андишани сақлаш, оилани асраб-авайлаш сингари эзгу умуминсоний қадриятларни ўзида мужассам этган ўзига хос анъаналари, урф-одатлари билан бошқа халқлардан тарзда ажралиб туради.

Халқимизнинг асрлар оша ўзининг юксак қад­рини бир лаҳзага бўлса-да, йўқотмай келаётган эзгу инсоний фазилатларидан бири  ўзи туғилиб ўсган она юртига – Ватанга муҳаббат, ватанпарварлик фазилатидир.

Бу каби юксак инсоний фазилат ва бундай муқаддас туйғу халқимизнинг қон-қонига сингиб кетгани айни ҳақиқатдир. Шу ўринда тарихга назар солсак, юртимиз цивилизациялар чорраҳасида жойлашгани боис ушбу жаннатмакон заминга эгалик қилишни кўплаб империялар, ҳукмдорлар истаган. Афсоналарга айланиб кетган Широқ, Тўмарис, Спитамен каби шахс­лар ватанни ҳимоя қилиш, уни душмандан кўз қорачиғидек асраш йўлида бор куч имкониятини сафарбар этиб, бу йўлда моли-ю жонини, шаънини, ҳаёти ва оиласини ҳам аямаган. Шунинг учун ҳам бундай ватанпарвар инсонларнинг буюк хизматлари тарих зарварақларида ўчмас из қолдирган.

Кейинчалик, мўғуллар босқини даврида Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик каби халқ қаҳрамонлари ўзларидан бир неча баробар катта қўшинга қарши мардонавор жанг қилган, мислсиз жасорат кўрсатган. Ватан олдидаги муқаддас бурчни бажаришда нафақат саркардалар, балки Наж­миддин Кубродек ўз даврининг дин пешволари, тариқат шайхлари душманга қарши чиқиб, халқни ҳам ватан ҳимоясига сафарбар бўлишида катта ҳисса қўшган. Ҳаттоки Чингизхон Нажмиддин Кубронинг ёши улуғлиги, етук шайхлиги ва дин пешвоси эканлигини инобатга олиб, унга зарар етказмасликни таклиф қилса-да, у зот рози бўлмаган ва “Ё Ватан ё шарафли ўлим!” шиори билан душман қўшини билан сўнгги қони қолгунча курашиб, Ватан ҳимояси йўлида жон берган. Халқимизнинг мўғуллар босқинига қарши кураши бир қарашда бесамар кўринган бўлсада, аксинча кейинчалик ватанпарварлик руҳида тарбия топган Жалолиддин Мангубердининг жияни ва издоши – Сайфиддин Қутуз мўғулларни тор-мор этади. Мўғуллар бос­тириб келган чоғида қул сифатида сотиб юборилган Сайфиддин тоғаси Жалолиддин Мангубердининг ишини давом эттириб, бутун дунёни мўғуллар чангалидан қутқаришга муваффақ бўлган. 

Шу ўринда яна бир буюк шахс, Бухорони шариф этган зот – Сайфиддин Бохарзийни ҳам ёдга олиш ўринли. Ушбу улуғ аждодимиз Нажмиддин Кубронинг шогирди саналади. Сайфиддин Бохарзий мўғулларнинг Ироққа қилган ҳужумларига қаттиқ қаршилик кўрсатган, кейинчалик мўғул қўшинларининг етакчи кучлари у зотга катта ҳурмат кўрсатгани  манбаларда зикр қилинади.

Динимизда ватанпарварлик, ватанни севишга муносабат олий қадрият сифатида қаралади. Жумладан, Пайғамбаримиз с.а.в.: “Қасамки, Сен (Макка) Аллоҳ таолонинг энг яхши ерисан ва Аллоҳ таолонинг заминида Аллоҳга энг севимлисисан. Сени аҳлининг мени сиқиб  чиқармаганида, асло чиқиб кетмас эдим”, дедилар” (Имом Термизий ривояти).

Ҳадиси шарифда баён қилинганидек, Ватан Аллоҳ таоло томонидан инсониятга берилган улкан неъмат, илоҳий муҳаббат туйғусидир. Унинг қадрини бирор моддий бойлик билан ўлчаблаб бўлмайди. Балки, Ватан тараққиёти ва равнақи, унинг ҳимояси йўлида нафақат молу-давлат, балки жонлар ҳам фидо қилинади.

Ватанга бўлган муҳаббат Аллоҳ таоло томонидан инсоният фитратига солиб қўйилгандир. Шу маънода инсон ўз Ватанини севиши, уни обод этиши, ҳамда Ватанни кўз-қорачиғидек асраши, ҳимоя қилиши ҳам муқаддас ва шарафли бурчдир.

Ислом илмларининг пешвоси ва йирик имоми Иброҳим Адҳам ўз ибодатларини тартибга солишда нафси билан курашишга имкон топиб, нафсни Ватанга талпинишига чора топа олмаганини таъкид­лайди. У Маккада истиқомат қилиб юрган кезларида, нафси туғилиб ўсган Бағдодга қайтишга уни ундашига йўл топа олмаганини тан олиб: “Ватандан ажралишдан кўра бирор нарсани тарк қилишга қийналмаганман”, дейди.

Ватанга бўлган муҳаббат, Ватан изтироби борасида ҳадисларда шундай дейилган: “Расулуллоҳ с.а.в.: Маккадан Мадина кўчиб ўтган пайтларида: “Аллоҳим, Мадинани бизга худди Маккани суйганимиз каби ёки ундан-да зиёда суюкли қилгин!” – дея, дуо қилганлар. (Имом Бухорий ривояти).

Шунингдек, Пайғамбаримизга илк бор ваҳий нозил бўлган кезлари Хадича онамиз бу ҳодисадан ажабланиб, хавотирланиб, Пайғамбаримизни замонасининг олим кишиси Варақа ибн Навфал олдига олиб боради. Шунда Варақа ибн Навфал у кишига пайғамбарлик миссияси келганлигини, бу йўл анчайин машаққатли бўлишини, ҳатто одамлар у кишини Маккадан чиқариб юборишлари мумкинлигини ҳам айтади.  Шунда Пайғамбаримиз “Улар мени Маккадан чиқариб юборадиларми?”- дея,  қаттиқ изтироб чекадилар. Ушбу мисолдан ҳам Пайғамбаримизнинг ўз ватани нақадар муҳаббатли эканлик­ларини кўришимиз мумкин.

Халқимизда “Ватанни севмоқ имондандир”, деган нақл бор. Ушбу ҳикмат мазмунидан Ватанни севишни, уни ардоқлашни имон даражасига кўтариб, ватанпарварликдек улуғ фазилатни юксак мақомга эга эканлигини англаш мумкин.

Бутун оламни илм-у маърифати билан мунаввар этган Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Лайс Самарқандий, Бурҳониддин Марғиноний, Абул Муъин Насафий, Қаффол Шоший каби буюк аждодларимиз ҳам Ватанга бўлган кучли муҳаббатлари туфайли ўзларининг тахаллусларини киндик қонлари тўкилган юрт номи билан боғлаганлари ҳам ана шундай эътироф ва эътиборнинг ўзига хос ҳаётий ва амалий ифодаси намунасидир.

Ихтиёр АБДУРАҲМОНОВ,

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот

маркази бош илмий ходими