Sentabr 17, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Тил — миллатнинг жони ва қони

 290 total views,  2 views today

Балки эшитгандирсиз, 1958-1959 йилларда Озарбайжоннинг барча биринчи раҳбарлари ишдан олиб ташланган. Бунинг ўзига хос сабаби бор.

Озарбайжоннинг 1937 йилда қабул қилинган Конституциясига 1956 йил 21 августда “Озар тили – Озарбайжон ССРнинг давлат тилидир” деган модда киритилди. Шундан сўнг Боку раҳбарияти барча корхона ва ташкилотлардан давлат тилида ишлашга ўтишни талаб қилди. Жамики иш қоғозлари озар тилига ўтказила бошланди.

СССР раҳбари Н.Хрушчёвнинг миллатчиликка берилиш ҳақидаги айбловига Озарбайжон Компартияси Марказқўмининг биринчи котиби Имом Мустафоев кескин жавоб қайтарди: “СССР Конституциясига кўра, Озарбайжон – совет социалистик давлати. Шундай экан, унинг давлат тили ҳам бўлиши шарт. Давлат тили мавжуд экан, уни қўллаш лозим”.

Республика Олий Совети Президиуми раиси, атоқли ёзувчи Мирза Иброҳимов кадрлар танлашнинг асосий принципини шундай изоҳлаган эди:

– Ҳозир йигирманчи йиллар эмас. Энди бизда давлат тилини билмайдиганларни алмаштириш учун миллий кадр­лар етарли.

Иброҳимов барча озар бўлмаганларга тил ўрганиш учун ярим йил муҳлат беришни таклиф қилди. Ким ўрганиб олса, лавозимида қолади.

Талабалар билан учрашувда Мирза Иброҳимов шундай деган эди:

– Озар тилини билмайдиган ёки билса ҳам, она тилида гапирмайдиган зиёли – зиёли эмас, у муртад, аблаҳ, сотқин одамдир!

Жумҳурраиснинг бу сўзлари гулдурос қарсаклар билан кутиб олинди.

Бу муаммони Озарбайжон Компартияси Марказқўмининг идеология масалалари бўйича котиби Абдулла Байрамов ҳам 1957 йил 16 мартдаги Бюро йиғилишида сал юмшоқ тарзда баён қилганди.

Ҳукумат топшириғига кўра, барча мажлис ва йиғилишлар давлат тилида ўтказиладиган бўлди, халқаро анжуманларгина бундан мустасно эди. Бир гал маданият масалаларига бағишланган анжуманда композитор Қора Қораев рус тилида гапиргани боис эшитадиганини эшитди.

Буларнинг бари СССР раҳбарияти тоқатини тоқ қилди. 1958 йилда Мирза Иброҳимов лавозимидан “ўз илтимосига кўра, адабий ижод билан бафуржа шуғулланишига имкон яратиш учун” озод этилди. Шунингдек, Абдулла Байрамов, Олий Совет раиси Содиқ Раҳимов ҳам ишдан олинди. 1959 йил 8 июлда Озарбайжон КП МҚнинг Биринчи секретари Имом Мустафоев миллатчиликда айбланиб, ишдан бўшатилди ва Марказқўм бюроси таркибидан чиқарилди.

Гарчи республика раҳбарлари ишдан олинган бўлса ҳам, марказ иттифоқдош -республика Олий Совети чиқарган қарорни бекор қилишга журъат этолмади. Озар тили республика Конституциясида давлат тили мақомини сақлаб қолди. Шундай қилиб, Озарбайжон Арманис­тон (1937) ва Грузия (1937)дан сўнг ўз Конституциясида миллий тилига давлат тили мақомини берган учинчи ва охирги совет республикаси бўлди. Бош­қа иттифоқдош республикалар конституцияларида эса давлат тили тўғрисидаги модда йўқ эди. Бундай модда СССР Конституциясида ҳам бўлмаган, бироқ ҳамма жойда рус тили шундай мақомга эга эди.

1978 йили янги Конституция қабул қилиниши арафасида совет раҳбарияти СССР Конституциясида, шунинг­дек, барча иттифоқдош республикалар конс­титуцияларида рус тилини давлат тили деб белгилашга қарор қилди. Бу – Озарбайжон, Арманистон ва Грузияда миллий тилларнинг давлат тили мақомини бекор қилиш дегани ҳам эди.

Унга жавобан, 1978 йил 14 апрелда ўн минглаб одамлар Тбилиси кўчаларига чиқди. Она тилини ҳимоя қилиш бўйича оммавий ҳаракатлар туфайли Грузия ССРда гуржи тили давлат тили мақомини сақлаб қолди. Шундан буён 14 апрель Грузияда расмий байрам сифатида нишонланади.

Ўша йили Озарбайжонда ҳам талабалар республика раҳбариятининг эълон этилмаган розилигига таяниб, Мирза Фатали Охундов ҳайкали олдида давлат тилини ҳимоя қилиш учун уюштирилган митингга тўпланишди. СССР раҳбарияти вазиятни кескинлаштирмасликка қарор қилди ва тил сиёсати борасидаги машъум режасидан воз кечди. Озар тилининг давлат тили мақоми сақлаб қолинди.

Шундай қилиб, гуржи ва арман тили давлат тили бўлганига бу йил 84 йил, озар тили шундай мақомга эришганига эса 65 йил тўлади. Улар СССР исканжасида туриб ҳам она тилининг мақомини асло бой бермаган. Чунки бу юртларда тили ва миллати ори учун курашадиган, мансаб-мартабасини она халқи манфаатидан устун кўрмаган одамлар раҳбар бўлишган эди…

Озарбайжон халқи тарихида бўлиб ўтган бу воқеаларни мен нега эсга олаяпман?

Бир манбада “Ҳар бир миллий тил бир давлат тузиш салоҳиятига эга, аммо ҳеч бир давлат биронта тилни ярата олмайди”, деган гапни ўқиган эдим. Дарҳақиқат, тил – миллатнинг ўзаги, қон томири, жон томири. Тил бўлмаса, миллат йўқ, миллатсиз эса мамлакат ҳам йўқ. Бундан маълум бўладики, бугунги Ўзбекис­тон давлатининг, Ўзбекистон мамлакатининг негизида ўзбек тили туради.

Кейинги йилларда она тилимиз мавқеини юксалтириш, уни чинакам давлат тилига айлантириш учун кураш кучайди. Ҳукумат таркибида Давлат тилини ривожлантириш департаменти очилди, йирик ташкилот ва идораларда раҳбарнинг тил масалалари бўйича маслаҳатчилари иш бошлади.

Бироқ она тилимизни давлат тилига айлантириш осон кечмаяпти. Япония, Туркия, Германиядаги даражада тил муҳитини ярата олишимизга ҳали анча бор. Кўпчилик эса идорадаги иш юритиш қоғозларини ўзбекчалаштирсак, масала ҳал бўлади, деган хаёлда (ҳолбуки, уни ҳам тўла жорий эта олганимизча йўқ).

Аслида, давлат тили – илм-фан, техника ва технология, тиббиёт ва банк ишини, барча ишлаб чиқариш жараёнларини шу тилда амалга ошириш (масалан, машина, мебель, дори-дармон, кийим-кечак ва бошқа маҳсулотларни ўзбек тилида ёзилган технология асосида тайёрлаш) демакдир. Ана бунга эришмасак, давлат тили тўғрисидаги қонун қоғозда қолаверади, амалда рус тили тахтдан тушмайди.

Ўзбек тили давлат тили деб эълон қилинганига ўттиз йилдан ошибди. Шунча вақт ичида нималарга эришилди – ким айтиб беради? Бу қонунни рўёбга чиқаришга масъул бирон маҳкама бор эдими?

Афсус, йўқ эди.

Эсласангиз, бундан ярим аср илгари ҳам Ўзбекистонда она тили масаласи зиёлиларнинг дарди бўлган. Фидойи ижодкорлар (кавказлик ҳамкасбларидан ўрганиб бўлса-да) тилимизни соф ҳолда асраш, нутқимизни тузатиш учун шундай бир “ўйин” ташкил этишган: кимдир гапираётиб, русча сўз қўшса, шеригига ўн тийин жарима тўлар эди (Ушбу ҳангома Эркин Воҳидовнинг “Сўз латофати” китобида ҳам баён этилган). Она тили учун курашнинг ибтидоси, ўйин-кулги тарзида бўлса ҳам, уни асраш сари интилиш эди бу. Лекин давлатнинг ўзи тил ривожи учун йўл очмаса, бундай ҳазил-ҳузуллар билан иш битмас экан. Узоқ йиллар рус тилининг равнақи, уни ўзбеклар турмушига зўр бериб тиқиштириш бутун мамлакат бўйича авж олдирилдими, энди унинг радди балоси ҳам шунча вақтга чўзиладиган кўринади.

Ўша даврдаги тил сиёсати қанақа бўлганини эсларсиз? Масалан, мен бирон заводга эмас, ўзбек тили ва адабиёти тадқиқ этиладиган Тил ва адабиёт институтига рус тилида ариза ёзиб ишга кирганман, ундан кейинги ҳар ўзгариш ҳам меҳнат дафтарчамга шу тилда дарж этилган. Институтга раҳбарлик қилган олимлардан бирининг бутун фаолияти келгусида тилларнинг ўзаро қўшилиб-уйғунлашиб кетишини “далиллаш”дан иборат бўлганди.

Ўтган асрнинг олтмишинчи-саксонинчи йилларида рус тилини ўқитиш-ўргатиш юзасидан Бутуниттифоқ конференцияларининг аксари ҳам Тошкентда ўтказилар эди. Жумладан, 1975 йил 21-23 октябрда “Рус тилини ўрганиш ва уни мактабларда, ўрта ва олий ўқув юртларида ўқитиш тажрибаси” мавзуида Бутуниттифоқ конференцияси Тошкентда иш бошлади. Тўрт йил ўтиб, рус тили бўйича яна бир конференция пойтахтимизда ташкиллаштирилди.

Бу қадар интенсивликнинг сабаби шуки, Ўзбекистон ҳукумати Иттифоқ раҳбариятидан ҳар гал рус тили бўйича анжуманлар Тошкентда ўтказилишини сўраб олар, илтимос қондирилса, “юксак ишонч билдирилгани”ни мамнуният билан эълон қиларди. Рус тилини ривож лантириш Москва­нинг эмас, Тошкентнинг чекига тушгандай эди.

“Ўзбек тили ва адабиёти” журналига муқобил равишда “Русский язык и литература в Узбекистане” журнали таъсис этилган, Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институти, моҳиятан ўзбек тили ва адабиётини тадқиқ этиш муассасаси бўлса-да, “Туркий тилларни қиёсий ўрганиш”, “Адабий алоқалар” бўлимлари ёпилиб, ўрнига “Рус тили”, “Ўзбекис­тонда рус адабиёти” бўлимлари очилган эди. Академияда шундай бўлгач, Олий таълим министрлиги ҳам қараб турмади, Республика рус тили ва адабиёти педагогика институти (РПИРЯиЛ)ни очди. Қаранг, ўша кезлар Ўзбекистонда талаба ўқийдиган ўзбек тили ва адабиёти институти йўқ, рус тили ва адабиёти институти эса бор эди. Бу ҳам кам кўринди чоғи, юзлаб ўзбек талабалари Россиянинг ўнлаб шаҳарларида таълим олиб, рус филологияси бўйича мутахассис бўлиб қайтишди.

Ўзбекистон жадал ўрислашишга қадам қўйди. Мана, Фанлар академияси чоп этадиган “Ўзбекистонда ижтимоий фанлар – Общественные науки в Узбекистане” журналининг 1979 йилги 6-сони. Унда 5 та мақола, 4 та илмий ахборот, яна бир чиқиш бор – жами 11 та публикация бор. Айримлари икки киши томонидан ёзилган, шунинг учун муаллифлар 14 нафар. Ана шу 14 олимнинг 10 нафари – ўзбек. Бироқ мазкур журналда биронта ўзбекча мақола йўқ, нашр бошдан-оёқ рус тилида. Улуғ оғаларига “содиқ” олимлар, ўзи ўзбек бўлатуриб, ўзбек тили ва адабиётини, тарихи ва этнографиясини рус тилида тадқиқ этишган. У ёғини сўрасангиз, ҳатто ўзбек шевалари ҳам рус тилида “ўрганилиб”, диссертациялар ёзилар ва ёқланар, монографиялар рус тилида чиқариларди.

Булар ўтмишда қолганда эди, биз бугун қоғоз қоралаб ўтирмаган бўлардик. Ўзбекис­тон мустақил давлат деб эълон қилинганига ўттиз йил тўлибди ҳамки, рус тили от устида. Ўзбек тили давлат тили экани ҳақида қонун борлигини эса юз андиша, юз эҳтиёткорлик, минг ҳадик билан бир-биримизга уқтирган, алланималарни далиллаган бўламиз, холос. Аммо ана шу қонунни такомиллаштириш, қолаверса, “давлат тилини ривож­лантириш” учун юз нафарча ходим турли катта-кичик корхона-ю ташкилотга “маслаҳатчи” қилиб ишга олинганини айтмасак, асосли бир қадам ташландими ўзи?..

Менинг билганим шуки, уйида бола-чақаси билан ўрис­ча гаплашадиган 18 нафар “узбек”нинг ижтимоий тармоқлардаги хархашаси тинчимай туриб, бир саховатпеша оғамиз Ўзбекистонда рус тили мавқеини кескин кўтариш учун 5 миллион доллар (50 миллиард сўм) иона қилди. Бу Россиядан етиб келадиган, рус тилини “янада чуқур” ўргатадиган рус муаллимларининг насибаси-да. Аммо бирон-бир ўзбек бойваччаси ўз она тили равнақи учун ақалли бирон сўм атаганини эшитмадим.

Она тилимизни, миллий руҳимизни юксалтириш йўлида ҳеч иш қилинмаяпти, десак, адолатдан бўлмайди. Радди бало учун қилинаётган ишларни ҳам айтиб ўтайлик. Чунончи, 9 февраль арафасида неча вазир-у вузаро, катта бошларини кичик қилиб, Навоийдан бир байт (икки сатр) шеърни узиб-бузиб, бир амаллаб ғўлдираб ўқиб, кейинги байтни фалон-у пистон арбобдан эшитасиз, дея бир-бирига оширишди. Бу томоша ТВда, ижтимоий тармоқларда улкан ютуқ сифатида неча кун такрор-такрор кўрсатилди. Чўқиб ошириш замонавий тилда “флеш-моб” дейилар экан. Навоийнинг шеърлари улоқ қилинишига ҳам етиб келибмиз, қаранг!

Биз “Тафаккур мустақил бўлмагунича чин мустақил бўлолмаймиз”, деган гапни яхши кўрамиз, буни бир-биримизга айтиб чарчамаймиз. Дуруст, аммо тафаккур… тил орқали бўлади-ку? Давлат идоралари, давлат тили қонунини рўёбга чиқариши керак бўлган муассасаларнинг ўзи рус тилида иш юритса, ўзбек тафаккури қандай мустақил бўла олади, шуни тушунолмайман.

Тил учун кураш – мустақиллик учун курашнинг ибтидосидир. Тил мустақил бўлмагунча, амалда давлат тилига айланмагунча мамлакатнинг мус­тақиллиги ҳақидаги гап фақат декларация, янада тўғрироғи, декорация бўлиб қолаверади. Туркия раҳбари Эрдўғон, мамлакатни, аввало, тил, кейин эса армия ҳимоя қилади, деганида ҳар томонлама ҳақ эди.

Ўзга бир халқнинг тилида иш юритиш у ёқда турсин, қайси алифбода ёзсангиз, ўша тилнинг руҳи миллий ахборот майдонни қамраб олиши ҳам тайин. Биз кириллчани тарк этиб, дунёга рус ахборот олами орқали назар ташлашдан воз кечяпмиз, аммо ўша оннинг ўзида лотин ёзувини энг “компьютербоп” дея алқаб-алқаб, энди амирконча кишанга қўлимизни тутиб беришга шайланаётибмиз (ҳозирча сезилмай тургани – бу йўқ дегани эмас). Аслида, тафаккури мустақил, тийнати мустаҳкам, ҳар бир халқнинг ўз она тилига мос, ўзи кашф этган, ўз тафаккур тарзини ифода этадиган алифбоси бўлиши зарурлигини яхши биласиз.

Афсус, бизда тил масалаларини эл эмас, Эломон акалар ҳал қилади. Улар эса она тилимиз кирза чарм сирилган бўйинтуруқдан қутулмай турибоқ, ялтироқ амиркон бўйинтуруғини тавсия қилишаётир. Чунончи, “городок”, “массив”, “квартал” каби рус тили орқали кириб келган сўзлар истеъмолдан чиқяпти, энди “шаҳристон”, “даҳа”, “маҳалла” каби ўз атамаларимиз майдонга чиқармикин деб хурсанд бўлувдик, йўқ, чучварани хом санаб қўйибмиз – “сити”, “авенью” бўпкетти бу ёғи. Шу кетишда, йигирма йил ўтиб-ўтмай, “Сенсан севарим, хоҳ инон, хоҳ инонма”, дея изҳоридил қилиш ўрнига “Ай лав ю!” дея қичқиришиб юрмасак гўрга эди!..

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ,

адабиётшунос