Sentabr 17, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Ноёб музейнинг нодир экспонатлари

 180 total views,  3 views today

Шундай жойлар бўладики, ташқарисидан бошқа иморатлар каби оддий бино бўлиб кўринади. Лекин ичкари киришингиз билан оҳанрабодек ўзига чорлайди. Кўриб-кузатаётганингиз бир пасда бутун хаёлингизни банд қилади.

Чотқол давлат биосфера қўриқхонасининг Табиат музейи ана шундай масканлардан бири. Фаолият бошлаганига ярим асрдан ошган ушбу муассаса Тошкент вилоятининг Паркент туманида – пурвиқор тоғлардан обиҳаёт олиб келувчи катта сой бўйида жойлашган.

Аслида мазкур музейга йўл-йўлакай – Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан ташкил этилган тадбирларни ёритиш мақсадида ҳудудга чиққанимизда киргандик. Ноёб манзилнинг нодир экспонатлари билан жуда сокин муҳитда танишар эканмиз, уч эмас, тўрт ёки 5D ўлчамли улкан экран олдида қолгандек ҳис қилдик ўзимизни. Фарқи шуки, биз виртуал тасаввурда эмас, табиий жараёнда, деярли жонли муҳитда бўлдик. Бундан завқланган суратчимиз одамлар наздида бургутга ўхшайдиган Болтаютар қушининг нигоҳини “ўқиш”га киришиб кетди.

…Ростакам ғорга кирдик. Оҳиста қадамлар ила пайпаслаб юрамиз. Қоронғуликдан чўчимаслик учун қадимги аждодларимиз сингари тошни тошга уриб учқун чиқарамиз – олов ёқамиз. Ғорнинг иккинчи томони баланд довонларга уланган водийга элтиши ҳайратингизни янада оширади. Оппоқ булутлар билан бўйлашгандек бўласиз. Ва беихтиёр асосий залга қайтиб, музейнинг бошқа экспонатлари билан таниша бошлайсиз. Замон ва макон алмашиб қолгандек гўё.

Чотқол давлат биосфера қўриқхонаси юртимизда ташкил этилган илк қўриқхоналардан ҳисобланади.  XX асрнинг 30-йилларида бир гуруҳ олимлар Тянь-Шань тоғларини ўрганиб чиқиш вақтида бу ернинг флораси ва фаунаси нақадар бойлиги ва бетакрорлигини кўриб, уни келажак авлодга аслича етказиш таклифини илгари суради. Бу таклифлар эътибордан четда қолмайди. Улкан ҳудуд тўлиқ ўрганиб чиқилади. Иккинчи жахон уруши туфайли қўриқхонани ташкил этиш ишлари тўхтаб қолади. Ниҳоят, 1947 йилда эзгу ташаббус амалга ошади.

ЮНЕСКОнинг 1993 йил 15 февралдаги қарорига мувофиқ қўриқхонага биосфера мақоми берилган. У халқаро биосфера қўриқхоналари тизимининг бир қисми деб тан олиниб, унга нисбатан атроф муҳитга инсон таъсирининг натижаларини ўлчаш мумкин бўлган эталон сифатида қаралади.

Чотқол биосфера қўриқхонасининг асосий вазифаси белгиланган ҳудудда табиий объектлар ва мажмуалар, жумладан, ноёб ҳайвон турлари ҳисобланган қор қоплони, мензбир суғури ва бошқаларни муҳофаза қилиш, илмий-тадқиқот ишлари ва атроф-муҳит мониторингини амалга ошириш ҳисобланади.

Чотқол давлат биосфера қўриқхонаси маъмурий биноси ичидаги музей одамларда қўриқхона  ҳақида тассавур хосил қилиш учун ташкил этилган. Табиат музейига кираверишда қўриқхонанинг жойлашган ўрни хақида маълумот берувчи плакатлар, стендлар, жами майдони хусусидаги аниқ кўрсаткичлар, қўриқхонанинг орографик (релъеф) макети ва бошқа кўргазмалар жойлаштирилган. Ичкарида табиат ландшафтлари фонида ҳайвонлар ва қушларнинг қотирилган (муляж) ҳолдаги тулумлари (чучелолар), жониворлар ҳаётидан сўзловчи  экспонатлар қўйилган.

Табиат музейи бўйлаб саёҳат давомида ҳaйвoн излaри стенди, ўртa aср  кeрaмикaси  тўплaмлaри, тoш қурoллaри, тoғ гeoлoгик қaзилмaлaри ва бу борадаги илмий  ишлaр  намуналари билан танишиш мумкин. Ўсимликлар уруғлари ва гербарийлар, қушлaр ини ва тухумлари, худди тирикдек тикиладиган сут эмизувчилaр, шунингдек, қўриқхона ҳудудидан топилган пeтрoглифлар ҳам диққатингизни жалб этади.

Қўриқхонада судралиб юрувчилардан бўшилон ва сувилонни, қушлардан бургут, болтаютар, тасқара, ғуррак, каклик, қўнғир сувчумчуқ, тоғ майнасини, сут эмизувчилардан бўри, тулки, Тянь-Шан қўнғир айиғи, тоғ сувсари, бўрсиқ, Туркистон силовсини, қор қоплони, Сибирь тоғ эчкиси ва тўнғизларни учратиш мумкин.

Шулардан бири Болтаютар – йирик йиртқич қуш. Қанотларини кенг ёйган ҳолатдаги узунлиги 270 сантиметргача етади. Лекин вазни тасқарага қараганда енгиллиги сабабли кўркамроқ кўринади. Болтаютарнинг бошқа йиртқич қушлардан ажралиб турадиган алоҳида жиҳати тумшуғи остидаги соқол кўринишидаги қалин тукли попугидир. Ранги дерли бир хил тусда бўлиб, устки томони қорамтир рангда, пастки қисми эса оч сариқ ёки оч жигаранг бўлади. 2019 йилда Ўзбекистон “Қизил китоб”ига киритилган. У қўриқхона ҳудудида чиқиш мумкин бўлмаган, тоғларнинг ўрта ва юқори қисмида денгиз сатхидан 1600-3890 метр баландликдаги қоя тошларга ин қуриб, муқим яшайди. Ўлаксалар, кўпинча туёқлилар суяклари, баъзан майда қушлар ва кемирувчилар билан озиқланади.

Жайранинг – тана узунлиги 90 см, вазни 8-12 кг гача бўлади. Икки турда игнаси бор. Биринчиси узун ва эгилувчан узунлиги 40 см, иккинчиси қисқа ва қаттиқ узунлиги 15-30 см гача етади. Қўриқхонанинг қуйитоғ минтақасида, денгиз сатҳидан 1100-1600 метр баландликда, шунингдек, ўртатоғ ва баландтоғ минтақаси қир-адирларида намоён бўлади. Жайралар мавсумга қараб сойдан-сойга ўтиб яшайди.

Тянь-Шань қўнғир айиғи – сут эмизувчилар синфига мансуб йирик йиртқичлардан. Калласи катта, қулоқлари думалоқ, кўзлари кичкина. Думи жуда калта бўлгани учун қалин териси ва пахмоқ юнги сабабли деярли кўринмайди. Оёқлари бақувват, тирноқлари сарғиш оқ рангда бўлганидан  Тян-Шан қўнғир айиғини  оқ тирноқли деб ҳам аташади. Чотқол давлат биосфера қўриқхонасининг барча ҳудудларида учрайди. Унинг оғирлиги 300 килограмгача етади. 2006 йил Ўзбекистон “Қизил китоб”ига киритилган.

Чотқол давлат биосфера қўриқхонасининг 60 йиллигига атаб чиқарилган, мавжуд ўсимликлар ва ҳайвонлар ҳақида атрофлича маълумот берувчи фотоальбомни олиб пойтахтга қайтишга чоғланар эканмиз, музейдаги жониворлар тикилиб тургани ҳолда она табиат нақадар азизлигини намойиш қилаётгандек, тулумлар тилга кириб, “яна қачон келасизлар, фарзанд­ларингизни қачон юборасизлар, биз фақат чет эллик туристлар учун эмасмиз” дегандек туюлди…

Озод РАЖАБОВ,

Давлат экология қўмитаси Матбуот хизмати раҳбари