Iyun 22, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

ЙЎЛЧИ ЮЛДУЗ

 633 total views,  2 views today

Бир иқтидорли инсон эришган натижалари билан ўзидан кейин етишиб келаётган қанчалаб ёшларга ибрат, таянч бўлиши мумкин. Ўйлаб қарасам, бир мактабда энг зўр ўқитувчи математик бўлса, етишиб чиқаётганларнинг аксарияти шу соҳада юқори натижаларни қўлга киритади. Масалан, Самарқанд вилоятининг Қўшработ тумани мамлакатимизга кўплаб иқтидорли ҳисобчи, молиячи, иқтисодиёт соҳаси бўйича қимматли кадрларни етиштириб беради. Бунинг боиси туманда математиклар тайёрлаш “мактаби” бор. Мактаб деганда маънавий мерос – амалий тажриба давомийлигини назарда тутяпман.

Самарқанд вилоятининг яна бир забардаст тумани бор. Бу – бугун мамлакатимизнинг иқтисодий жиҳатдан таянчи, тадбиркорлар юрти ҳисобланган Ургут туманидир.  Бу ерда ҳам ўзига хос тажриба мактаб­лари кўп.

Ургутни бемалол журналистлар юрти ҳам деб аташ мумкин, чунки бу ердан кўплаб таниқли, қалами ўткир журналистлар етишиб чиққан. Маматқул Ҳазратқулов, Абдусаид Кўчимов, Карим Баҳриев, Нав­рўз Ризаев, Рустам Жабборов, Мақсуд Жонихонов, Ғолиб Ҳасанов, Дилмурод Дўстмуродов, Тошпўлат Тугалов, Мирзо Ихтиёров ва бошқа кўплаб  журналистлар бугун мамлакат ижтимий-сиёсий ҳаётида фаол хизмат қилиб келмоқда. 

Халқимизда бир яхши одат бор, яъни ҳамманинг кўз ўнгида бир инсон ўз меҳнати билан барча ҳавас қиладиган даражага етса, шундан эл орасида ҳурмат-эътибор топса, одамлар манфаат кўрса, кўпчилик унинг ортидан эргашади. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, бунинг ўзига хос масъулияти ҳам бор, яъни айрим соҳаларда бошқаларнинг қўллаб-қувватлаши билан маълум даражаларни вақтинча эгаллаб туриш мумкин, аммо журналистлика соҳасида муваффақият қозониш учун ҳар бир кишидан алоҳида иқтидор ва орттирилган тажриба талаб қилинади. Шунингдек, тўғри йўл-йўриқ кўрсатувчи комил устоз зарур бўлади.

Абдусаид Кўчимов ана шундай ўзидан кейинги авлоднинг мазкур соҳада муайян натижаларга эришишида кўп йиллардан бери “йўлчи юлдуз” вазифасини ўтаб келмоқда. Журналистика соҳасида фаолият кўрсатаётган кўпчилик соҳир мутахассисларнинг устози – А.Кўчимовнинг ҳаёт йўли ва фаолияти ёшларга ўрнак вазифасини ўтайди. У кишини халқимиз ёзувчи ва шоир сифатида ҳам ниҳоятда яхши билади ва қадрлайди. Жумладан, мен ҳам у кишининг ижодига бир ҳамқишлоқ сифатида эмас, ўқувчи, китобхон каби жуда қизиқаман. Эсимизни танибмизки, ота-онамиз, маҳалла ва туманимиз аҳли Абдусаид акани ҳурмат билан тилга оларди, бу эса биз каби ёшларни ҳам келажакда у киши каби эл корига ярайдиган, юрт танийдиган инсон бўлишимизга ҳар сафар муҳим туртки бўлиб хизмат қилган. Тумандан ташқарига, бошқа вилоятларга борганда ёки каттароқ давраларда баъзан қаерданлигимизни сўрашганда Абдусаид Кўчимов билан бир жойданмиз, деб фахрланиб юрганмиз. Шундай демасак, қишлоғимизни бош­қа туман ёки вилоятдагилар қаердан билади?

Мактабда ўқиб юрган пайтларимда у кишига ҳавас қилиб журналист бўлишни мақсад қилганман. У пайтлар СамДУда Журналистика факултети бўлар эди. Мактабни битириб, ҳужжат ҳам топширганман, яхши натижа кўрсатганман, аммо етарли балл тўплай олмаганман. Кейнги йил кучли тайёргарлик кўриб, топширмоқчи бўлиб турганимда нимадир сабаб бўлиб журналистика факултети ёпилган. Тошкентга бориб бўлса ҳам ўқийман, деб турганимда отам устоз — Абдурашид Абдураҳмонов билан кенгашиб кўрибдилар, у киши (жойлари жаннатда бўлсин, катта журналист ва олим, камтарин инсон эдилар) СамДУнинг филология факултетига топширсин, деб маслаҳат берган эканлар. Шу-шу филологман. СамДУда узоқ йиллар дарс бердим, докторлик диссертациясини ҳимоя қилдим. Қисқаси, ўзбек тилини ривожлантириш йўлида, она тили таълимини янгилаш кўйида юрибман.

Дарвоқе, Абдусаид Кўчимов билан қирқ ёшгача кўришмаган эдим. Бир муҳим суҳбатда Самарқанднинг қаериданлигимни сўраб қолишди. – Ургутданман, дедим. – Абдусаид Кўчимовни танийсизми, деб сўрашди. – Ҳа, бир жойданмиз, дедим. У киши ҳам сизни танийдиларми, деб сўрашди. Йўқ, дедим ва шунда, албатта, кўришишим зарурлигини англадим. Вақт топиб, бир куни қабулларига келдим. У киши мени шундай қарши олдиларки, юксак мартабадаги инсоннинг бу қадар оддий ва мулойимлигидан ҳайратландим, тўғриси. Аввал кўрмаганим учун у кишини бошқача, жуда расмий қиёфада тасаввур қилиб юрар эканман. Шу куни жуда қисқа ва мазмунли суҳбатлашдик, биринчи кўришишимиз бўлса-да, менга муҳим маслаҳатлар берди: давлат бир ишни ишониб топширдими, шу ишга бор вужуд билан киришиш керак, енгил-елпи муносабатда бўлмаслик кераклигини уқтирдилар.  У киши менда жуда катта таассурот қолдирдилар. Умрлари зиёда бўлсин! Халқимизга бундай “йўлчи юлдуз” каби инсонлар жуда керак, уларга қараб ҳар доим тўғри йўлни топиб олса бўлади.

Ғофир ҲАМРОЕВ,

педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори