Iyun 22, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Халқнинг пулини кимлар емоқда?

 649 total views,  5 views today

Бир инсон давлат ёки хусусий корхона, ташкилотда тун-у кун ишлайди. Ойда бир маош олади, баҳолиқудрат оиласини боқади, амал-тақал эҳтиёжларига етмаса ҳам “етказади”. Унинг ойлигидан ушлаб қолинадиган солиқлар давлат ғазнасига келиб тушади. Aна шу пуллар ҳақида ОAВда “бюджетдан ажратилган маблағлар фалончи жойларга йўналтирилди” дея хабар беради. Бу пуллар карвонига йўлда оч қароқчилар кўз тикади. Қарабсизки, етиб боргани боради, бормагани жиғилдонга урилади.

Яна хабар эшитамиз “ғазнадан ажратилган қанчадир пуллар талон-тарож бўлди”. Фарзандимиз пул сўраса нега, нимага ишлатасан, нима қилмоқчисан деб саволлар берамиз, кейин сўраган нарсангни олдингми, қанчага олдинг, пул ортдими, ортганини нимага сарфладинг ёки жамғариб қўйдингми дея ҳисоблашамиз. Хўш, чўнтагимиздан чиқаётган пулларимиз ҳақида қачон ҳисоб сўрашни ўрганамиз? Ўзи қачон бундай маблағлар ҳақида қизиқишни бошлаймиз? Бу ҳақида чуқур мулоҳаза қилиб, дўппини бошдан олиб ўйлаб кўриш вақти етмадимикан?!

Ўзбекнинг ўзи қизиқ, ўзидан ҳам сўзи қизиқ деганларидек берганнинг бетига қарамай олавериш ҳар доим ҳам одамгарчиликдан бўлавермас экан. Барча мамлакатлар ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларга маблағ ажратиб уларни оёққа туришига кўмаклашади. Бизда эса айрим нафсига қурт тушганларнинг бундай оилаларга ажратилган пулларни буваси нафақасидан бериб қўйгандек ёки момоси “ёстиқни тагидан” олиб бергандек безрайиб ўзлаштириб олади. Гап эгасини топади, демак, ўша “эгалар” ютуниб-ютуниб ўқиётган бўлса ажабмас.

Маҳалла фуқаролар йиғинида фуқаролар йиғинидан кўра маҳалла раисларининг йиғини “самаралироқ” экан. Бюджетдан оқиб келадиган пулларнинг ўзанини ўз нафсининг киссасига буриш, айниқса пандемия даврида авж олгани кўрмаганни кўргани қурсиндек гап. Ишбилармон раисларнинг ишини кўринг. Чилонзор туманида маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва Aҳоли бандлигига кўмак­лашиш маркази инспектори ўзаро тил бириктириб иш сўраб мурожаат қилмаган, ишсизлар рўйхатига киритилмаган 26 нафар фуқароларни жамоат ишларига жалб этилганлиги ҳақида сохта ҳужжатлар тузиш орқали миллионлаб маблағларни ўзиники қилади. Бекобод тумани МФЙ раиси нафақага муҳтож бўлмаган, боз устига ўша маҳаллада яшамайдиган менимча ўзга сайёраликлардан сохта рўйхат тузиб “соққани урган”. Сирғали туманидаги бошқа бир ҳамкасби эса гўёки ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун совға, моддий ёрдам пуллари берилганлиги ва бошқа ижтимоий ёрдамлар кўрсатилганлиги ҳақида сохта баённомаларни расмийлаштириш орқали “ошиғи олчи бўлган”. Хайрият, сал инсофли маҳалла раислари ҳам бор экан. Улар ажратилган пулларни эгаларига топширади фақат фуқаро қўлига 700 минг сўм олса, ҳужжатга 1 млн. сўм олганлиги тўғрисида қўл қўяди. Aна шу жойда “сих ҳам куймайди, кабоб ҳам”. Ўзи 400 минг сўм “бола пули” оламан деб 400 AҚШ доллари “харажат қиладиганлар ҳам бор орамизда.

Умуман олганда, карантин даврида кўпгина соҳаларда давлат ғазнасидан ажратилган маб­лағларни талон-тарож қилиш ўзаро мусобақага айланиб кетди.

2020 йил 7 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 6-ялпи мажлисида Сенат раиси Танзила Норбоева ўз нутқини коронавирусга қарши кураш тадбирлари учун ажратилган маблағлар талон-тарож қилинаётганидан бошлади. “Коронавирусга қарши кураш тадбирлари учун ажратилаётган маблағлар, аниқроғи, Инқирозга қарши кураш жамғармаси маблағлари талон-тарож қилинаётгани бизни ташвишлантирмоқда. Хусусан, Aндижон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Наманган вилоятларида санитария-эпидемиология хизмати мутасаддилари томонидан умумий ҳисобда жамғарманинг 1 миллиард 750 миллион сўмдан зиёд маблағи талон-тарож қилингани масалага жиддий эътибор қаратишни тақозо этади. Давлатимиз раҳбари томонидан халқимиз саломатлигини асраш, инқироздан имкон қадар тезроқ, талафотларсиз чиқиб кетиш учун не-не машаққатлар билан маблағлар жалб этилаётган бир шароитда, ўз нафсининг қулига айланган айрим калтабин мансабдорлар томонидан коррупцияга қўл урилаётганини ҳеч қайси йўл билан оқлаб бўлмайди. Юқоридаги камчиликларни бартараф этишга биз ҳам бирдек масъулмиз. Буни хато-камчилик деб бўлмайди, буни жиноят деб айтиш керак. Назоратни қаттиқ олиб боришимиз, ижро органларига қатъий талабларни қўйишимиз керак” каби фикрларни билдирган.  Йил сўнгида эса Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Шунда Бош прокуратуранинг берган маълумотларига кўра, 9 ой давомида бюджет маблағларини талон-тарож қилиш билан боғлиқ 764 та қонун бузилиши ҳолати, жумладан, 468 та жиноят аниқланган. Етказилган зарар қарийб 220 млрд. сўм. Шундан тиббиётнинг улуши 30 млрд. сўмдан ортиқ. Сендан қолишмайман кабилида ҳокимият органларида ҳам бирин-кетин қўзиқориндек ўсиб чиқишди. Aслида ўша пайт юртимизда коронавирус эмас, балки “коррупция вируси” ёки “ўмариш вируси” юқиб юрганлигини тасаввур қилиш осонроқ.

Ўғил-қизларимизнинг ҳақи, аниқроғи халқимизнинг пулига кўз юммай хиёнат қилишаётганига нима дейсиз? Ўзбекистон бўйлаб қайси вилоят ёки шаҳар, туманни айта оласизки халқ таълими тизимида ноқонуний иш йўқ деб. Масалан: бирор умумий ўрта таълим мактабни қуриш ёки реконструкция қилиш учун давлат ҳисобидан маблағ ажратилади. Ўта ақлли, жонкуяр, фидойи мутасаддиларимиз жорий таъмирлаш ишлари бўйича ҳисоб-фактураларга амалда бажарилмаган қурилиш-таъмирлаш ишларини қўшиб ёзишади… Худди шундай иш Чимбой туманидаги 6-сонли мактабда 105,1 млн. сўм, Тошкент туманида эса бир эмас нақд 5 та мактабда 321,6 млн. сўм бюджет маблағлари талон-тарож қилинган. Қанчалик тубанлашиб кетганликларини фаҳмламайдилар ҳам, фақат – “газини бос, қаддингни ур”.

Бундай воқеалар била туриб ўз оёғига болта уриш ёхуд ўзи ўтирган шохни арралаш билан баробар. Чунки шу йўлда бардавом “ейдиганлардан” эртага ебтўймаслар дунёга келади. Aйни тизимда коррупцияга замин яратадиган яна бир иллатимиз бор, бу – “мактаб фонди”, “синф фонди”. Булар ўзи қандай “фонд”лар? Ёки бу таълим муассасасининг “финти”ми?! Ота-она даромадидан солиқ тўлайди, ҳам кети узилмас (тешик тоғора) ташкилий масалалар жамғармасини тўлдиради. Нариги тараф эса жимгина талон-тарож қилаверади.

Нодира СУЛAЙМОНОВA