Iyun 22, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Фотиҳаси бузилган қиз бунга “Тик-ток” сабабчи

 587 total views,  2 views today

«Тik-tok”, “Instagram” каби тармоқларнинг ёшларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётгани ҳақида устозларимиз, ота-оналар, жамиятдаги фидойи соҳа вакиллари жон куйдириб айтишмоқда. Айниқса,  “Тik-tok” даги йигит-қизларнинг миллийлигимизга мос бўлмаган қилиқлар билан ўзларини кўз-кўз қилиши бутунлай нотўғри.

Чунки бизнинг ота-оналаримиз болаликларидан камтар, камсуқум, иболи, андишали бўлишни ўрганиб улғайишган ва бизга ҳам уларни мерос сифатида уқтиришади. Аммо гуруч курмаксиз бўлмайди деганларидек, афсуски, камера қаршисидаги кийинаётганини, овқатланаётганини ҳам видеога олиб, ижтимоий саҳифаларга жойлаётган ҳам бизнинг ёшлар, тенгқурларимиз.

Яқинда ана шундай ижтимоий тармоқнинг фаол “одобсиз” ёшларини бир кўрсатувга чақириб, изза қилишди. Тўғри, бу бошқаларга ўрнак бўлсин, жамиятимиздаги ёшлар уларга эргашишмасин, дея ташкил этилгандир. Аммо болани яхши гап билан тарбия қилиш мумкинлигини ва унинг самараси ёмон гапникидан кўпроқ эканини инобатга олсак, бошловчиларнинг бу тарзда ёшларимизни бутун мамлакатимизга шарманда қилишини оқламайман. Ёшларда шижоат, жасорат, ишонч борлигини ва мана шу учта қурол билан ҳар қандай чўққини забт этиш мумкинлигини наҳотки, улар ўйлашмайди. Гарчи номаъқул тасвирлари билан бўлса-да, ўшандай ёшлар ижтимоий тармоқларда фаоллик қилишмоқда. Уларга бу қуроларни ижобий йўлда сарфлаш кераклигини уқтирилса, менимча, натижа шармандаликникидан кўра, фойдалироқ бўларди. Бу тармоқлардаги ёшларнинг фаоллигини яна бир жиҳати борки, улар жамиятимиздаги ҳақиқатларни гоҳ ҳазил, юмор, гоҳ танқид тарзида кўрсатишмоқда.

Ҳар бир даврнинг ўз ёшлари ва уларнинг қизиқишлари, одатлари бўлади. Бугун техника-технология ривожланган бир пайтда яшаётган биздек ёшлар ижтимоий тармоқлардан хабардор бўлишимиз табиий. Бироқ бизга имконият берилди деб бу тармоқларда одобсизликни тарғиб қилсак, биз нафақат ўзимизнинг кимлигимизни, балки ота-онамизни ҳам эл орасида ноқулай аҳволга солиб қўйган бўлмаймизми?!

Қизининг бўй-бастини ижтимоий тармоққа кўз-кўз қилаётганини ёки бўлмаса, ўғлини тик-токчиларнинг эътиборини тортаман деб ўзгаларнинг қўл телефонини ўғирлаётганини намойиш этаётган ёшларнинг ота-онаси уларни шу ҳолатда бир кўрса, хафа бўлмайдими? Чунки барчамизнинг ота-онамиз бизни яхши ниятлар билан, порлоқ келажагимиздан умидвор бўлиб улғайтирмоқда. Ота-она борки, ўзи ета олмаган орзу-мақсадларига фарзанди етишини истаб, уларга бор имкониятларини яратиб беришади. Аммо биз уларга мана шу фидойиликлари учун аҳлоқсизлик билан жавоб қайтарсак, бунинг устига бутун ижтимоий тармоқларда муҳокама бўлсак, қандай аҳволга тушишади? Яқинда бир қизнинг фотиҳаси айнан ушбу тик-ток туфайли бузилганини эшитиб, ачиниб кетдим. Бўлажак турмуш ўртоғи тик-токда фаол қизнинг видеоларини кўриб, “мен бундай андишасиз, ҳаёсиз қизга уйланмайман” деб фотиҳани бузибди. Қиз-ку эртага бахтини топар, аммо ота-она бу ҳолатда бошини қандай кўтариб юради? Ижтимоий тармоққа расмларини, видеоларини жойлаштираётган ёшларимиз аввало, шу ҳақида ўйлаб кўришса яхши бўларди…

Энди бу ижтимоий тармоқларнинг турган битгани ёшларнинг онгини бузаётган зарар экан-ку, деган хулосага боришга ҳам шошилманг. Ҳар ёмоннинг бир яхшиси бўлганидек, мана шу тик-ток, инстаграмларда ҳам намунали хулқи билан бошқаларга ўрнак бўлаётган ёшларимиз ҳам бор. Йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидасини тарғиб қилаётган, тенгқурларига тадбиркорлик сир-асрорларини намойиш этаётган, салом бериш, катталарга ҳурмат, кичикларга иззатда бўлишни кўрсатиб, ажойиб видеолари орқали намойиш этаётган ёшларимиз ҳам борлигини кўриб, беихтиёр уларга ҳавасимиз келади.

Назаримда, ҳар бир бола илк тарбияни уйида, ота-онасидан олади ва уни жамиятда намойиш этади. Ўша тик-токда ҳам норасо оилаларда вояга етаётган ёшлар балки бизга маъқул бўлмаётган видеоларни жойлаштираётгандир. Биз ҳам бўш келмасдан чиройли, ўрнак бўладиган видеоларни жойлаштириб, уларни ҳам эзгуликка чорласак, бунинг нимаси ёмон, тўғрими?!

Севара ТУРСУНМУРАТОВА,

Қибрай тумани17-умумтаълим мактабининг

10-синф ўқувчиси.