Iyun 22, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Тўйгача Ҳотам, кейин мотам

 778 total views,  2 views today

Уйдан қўнғироқ бўлди. Онам қўшнимизнинг маҳаллага овозаси чиққан тўйига таклиф қиляпти. Айтишларича “фалончи санъаткор келаркан, гузаримизда янги очилган тўйхонани ижарага олишибди, Ойша холанг сепни ҳам жуда атаган экан-да….”

Таътил берилганига севиниб қишлоққа отланаман. Сезганимдай ҳамманинг оғзида ўша гап. Бутун қишлоқ аҳли тўйда ланг очилган оғзини ҳали ҳам ёполмаганга ўхшайди. Эшонбозорда ит ўлса йигирмасидан қуруқ қолмайдиганларга эса Худо берибди.

Бир неча кундан сўнг қўшни уйга такси келди. Дув-дув гапга маст бўлган қаҳрамонимиз мусофирлик тўнини ки­йиб меҳнат сафарига отланяпти. Тўёналар дейсизми? Йўқ, улар қарзлар томон қанотсиз учирилган. Буёғига мазар деган гап бор. Қирқига чидадик, қирқ бири ҳам елкамизда-да энди…

Водийда  неча марталаб танқидга учраганига қарамасдан давом этиб келаётган бир анъана бор. Бунда, қиз узатган томон куёв томонни бир ой сархил таомлар билан сийлаб туриши керак. Қўшним ҳар кун кичкинасини велосипедда учта тоғора билан элчиликка юборади. Болакай ўзи билмаган ҳолатда опасининг  бахтини кафолатлаб қайтади. Тоғоралар таркиби терма жамоага ўхшайди. Кофе, иссиқ нон, қаймоқ, ширинликлар, сихли кабоб, товуқли таомлар, палов, сомса, манти, димлама, қовурдоқ ҳаммасининг қирқ кунликда ўз ўрни, ўз улуши бор.

Баъзи жойларида мазар юбориш тўйдан аввал бошлан­япти. Ҳали келин ҳатламаган остонадан ширинликлар, таомлар ва турли совға-саломлар  йигирма  хил бўйини кўрсатиб кириб келади. Торт, маромига етиб пишган қўй ўпкаси, куёв учун сарпоингиз, куёвжўралар учун ҳам атаганингиз йўқми “Кичик мазар”ни  қойиллатмаган ҳисобланасиз. Сўнг, гал “Катта мазар”га келади. Билингки, бунда ҳам харажатларингиз ва ҳаракатларингиз  аввалгидан икки баробар кўп бўлмаса,  тўқмоқ шўрлик қизнинг бошида синади.

Тўйда тугамаган гапимиз тўйдан кейин давом  этади.  Куёв жўралари учун “гап” беради. Яна ўша совға-саломлар, ширинликлар, таомлар саф тортади. Кейинроқ эса қуда холамиз дугоналари билан “гап”­лашади. “Юзкўрди”да момоларимизнинг маҳоратлари ўлароқ Франклиннинг калласи чойнакнинг жўмрагидан жой олади. Хуллас, яқин бир йилгача Ойша хола ва унинг кичкинаси яна хизматда…

Бор товоғим, кел товоғим деб ортиқча оворагарчилик ва ҳар хил бачканаликларга барҳам берсак, жамиятдаги оғриқли чипқоннинг жон томирларидан бирининг кунини кўрсатган бўлар эдик. Нима ҳам дердим ўрганган кўнгил ўртанса ҳам қўйинг-да энди…

Андижонда «ашнақа» гап­лар. Айтганча, келаси ҳафта амакимнинг қизини узатяпмиз. Тўйга ўтинглар…

Умидахон СОБИРОВА