Sentabr 17, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Янги Ўзбекистоннинг уйғониш даври

 192 total views,  2 views today

Маълумки, “Учинчи Ренессанс” тушунчаси илк маротаба Ўзбекистон Републикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан давлат мустақиллигининг 29 йиллигига бағишланган байрам тантанаси чоғида тилга олинди ва тезда жамоатчилик, эксперт-таҳлил доираларида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. У ўз нутқида мамлакат тараққиётининг истиқболини аниқ белгилаб берди.

Яқин йилларда таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя сингари соҳалар ҳукумат учун устувор йўналишлар сифатида қайд этилди. Инсон капитали ва инфратузилмани ривожлантиришга сармоялар ҳажмини орттириш, жамият ҳамда давлат ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлаш орқали мамлакатда янги Уйғониш даври, яъни Ренессанс учун замин яратилмоқда. Шавкат Мирзиёев ўз вақтида узоқ йиллар мамлакат Бош вазири сифатида ишлаб келган ва мамлакатнинг асосий муаммолари ҳақида чуқур хабардор бўлган эди. Бу – биринчи ҳолат.

Буюк мақсад йўлида юрт аҳли, айниқса ёшларимиз ўз олдига катта марраларни қў­йиб, уларга эришишлари учун кенг имкониятлар яратиш ва ҳар томонлама кўмак бериш – фарзандларимиз,  халқимизнинг асрий орзу-умидларини рўёбга чиқарадиган улуғ ва қудратли кучга айланди. Президент Шавкат Мирзиёев     2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида шундай таъкидлади: “Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак. Бунда, аввало, таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунлари бўлиб хизмат қилиши лозим”.  Аслини олганда, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга аҳд қилиб, тарихнинг “ўйинли” сабоқларидан тўғри хулоса чиқаришимиз, яъни биринчи навбатда ишлаб чиқариш технологияларини такомиллаштириш учун пухта ва оқилона тадқиқотлар олиб боришимиз, рақобатбардош касблар ҳамда касбий билимларни ёшларимиз чуқур ўзлаштириши, бунёдкорлик салоҳиятини кучайтириб боришлари керак. Бу – иккинчи ҳолат.

Дарвоқе, Уйғониш даврининг таянч устунлари: палаги тоза  халқимиз, томиримизда не-не тамаддунлар бешигини тебратган буюк даҳолар, олиму уламолар, Ватан учун ҳатто жонидан кечган фидойи инсонлар қони оқмоқда. Уларнинг ноёб асарлари биз учун бебаҳо мерос, эзгу амаллари ҳар биримиз учун ибратдир. Бутун халқимиз, айниқса, ўқитувчи ҳамда мураббийлар, олимлару устозлар улардан андоза олиб, ўз фаолятларини шу асосда йўлга қўйсалар, албатта кўзланган мақсад-муддаоларимизга етамиз, натижадорликка эришамиз. Мамлакат тараққиё­тининг тамал тоши ва қудрати, миллатни буюк қиладиган куч бу – илм-фан, таълим ва тарбиядир.

“Ҳеч шубҳасиз, ўз кучимиз ва имкониятларимизга бўлган ишончни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек эзгу мақсад йўлида бирлаштириб, янада кучли ва мустаҳкам қилмоқда. Бу интилишлар амалий ишларга айланиб, буюк ҳатти-ҳаракати тобора кенгайиб бормоқда. Бундай қуд­ратли сафда бўлишнинг ўзи катта бахт, катта шарафдир. Барчамизга ана шу улуғ сафда бошқаларга ибрат ва намуна бўлиш, жонажон Ватанимиз, азиз халқимизга фарзандлик меҳри ва садоқати билан хизмат қилиш насиб этсин!” — деган Шавкат Мирзиёев даъвати айни муддао бўлибгина қолмай, янги Ўзбекистоннинг қайси жабҳасини олманг, бунёдкорлик ишлари, яъни мўъжизавий янгиликлар гувоҳи бўламиз.           

ХХ аср охирида мустақилликка эришиб, қарийб 30 йилдан буён истиқлол йўлини танлаган мамлакатимиз, сўнгги беш йилда Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида янги Ўзбекистонни барпо этиш ҳамда иккинчи йилдирки, унинг Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш борасида туб ўзгаришлар ва улкан янгиланишлар даври бошланди.

Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясидаги нутқида алоҳида: “Бугунги кунда Ўзбекистон жадал ривожланмоқда. Биз аждодларимизнинг донишмандлик анъаналарига амал қилиб, теран англаган ҳолда, қатъий ислоҳотларни амалга оширмоқдамиз, мамлакатимизнинг янги қиёфасини шакллантириш йўлидан бормоқдамиз. Жамиятимизда сиёсий фаоллик ортиб бормоқда, барча соҳаларда чуқур ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Улардан кўзланган мақсад – “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган оддий ва аниқ-равшан тамо­йилни амалга ошириш устувор аҳамиятга эга бўлган демократик давлат ва адолатли жамият барпо этишдан иборат”,  деган пурмаъно фикри ҳам янги Ўзбекистон тараққиёти учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш, яъни ғоявий ва маънавий тайёргарликнинг дадил қадамлари, деб айта оламиз.

“Янги Ўзбекистон”, “Янги Уйғониш даври”, “Учинчи Ренессанс” тушунчалари осонгина шаклланадиган оддий ҳодисалар, демак ўткинчи ижтимоий воқеликни ифодаламайди, албатта! Улар даврнинг ривожланиш босқичларида обдон пишиб, жаҳоншумул аҳамият касб этган ҳолда дунё тамаддунини илгарилатиб борувчи буюк куч-қудрат жамулжамидир. Бу эса, ўз навбатида, тобора глобаллашиб ва турли хавф-хатарлар таъсири ортиб бораётган ҳозирги дунёда янги Ўзбекис­тон – янги Уйғониш пойдеворини яратишдек шарафли ва сермашаққат фаолиятни амалга оширишда юртдошларимиз учун улкан масъулият ҳамда мажбурият юкланганидан далолат беради.

Давлатимиз раҳбари 2020 йил Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан сўзлаган нутқида кейинги йилларда юртимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, янги Ўзбекистонни яратиш мақсадида барча соҳа қатори, энг муҳими таълим-тарбия тизимида ҳам туб ислоҳотлар олиб борилаётганига тўхталиб, «Биз кенг кўламли демокртик ўзгариш­лар, жумладан, таълим ислоҳотлари орқали Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни учинчи Ренессанс пойдеворини яратишни ўзимизга асосий мақсад қилиб белгиладик. Бу ҳақда гапирар эканмиз, аввало, учинчи Ренессанснинг мазмун-моҳиятини ҳар биримиз, бутун жамиятимиз чуқур анг­лаб олиши керак», деб таъкид­лади.

 Албатта, бу ўринда Шавкат Мирзиёев тилга олган учинчи Ренессанс ғояси ҳам давлатнинг, ҳам ёшларнинг, ҳам ота-оналар ва устозларнинг орзу-истакларини бирлаштиради. Ҳар қандай ота-она ўз фарзандининг истеъдоди барқ уришини, эл-юртга, Ватани ва Президентга садоқат билан хизмат қиладиган етук инсон бўлиб улғайишини хоҳлайди. Айни шу ерда давлат, ёшлар ҳамда ота-оналар истакларининг жипслашганини кўрамиз. Бу – тарих, бугун ва истиқболли келажакни бирлаштирувчи ҳаётбахш ғоя бўлгани учун ҳам давлат раҳбари учинчи Ренессанс масаласини миллий ғоя-қудратли куч сифатида кўтарди.

“Биз учинчи Ренессанс масаласини стратегик вазифа сифатида олдимизга қўйиб, уни миллий ғоя даражасига кўтармоқдамиз”, деган Президент сўзлари юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли туб ислоҳотлардан кўзланган улуғ мақсадларни ифода этади.        “Биз мактабгача таълим ва мактаб таълими, олий ва ўрта махсус таълим тизими ҳамда илмий-маданий муассасаларни бўлғуси Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси, деб биламиз. Боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, профессор-ўқитувчилар ва илмий-ижодий зиёлиларимизни эса янги Уйғониш даврининг тўрт таянч устуни, деб ҳисоблаймиз.

Мен ишонаман – ҳурматли ота-оналар бу ташаббусни албатта қўллаб-қувватлаб, янги Ренессанснинг бешинчи ҳалқаси, бешинчи устуни бўладилар. Ва бу маънавий-маърифий ҳаётимизлаги энг мус­таҳкам устун бўлади”, -деган эътироф эса “давлат – таълим – ўқувчи ва ота-она” ҳалқаларини қатъий бир тизимга мус­таҳкамлади ҳамда улуғ мақсадга эришишнинг ишончли йўлини кўрсатиб берди.

Учинчи Ренессансни ким бунёд этади? Жавоби тайин: ўзида Ватанга садоқат, тадбиркорлик, ирода, мафкуравий иммунитет, меҳр-оқибат, масъулият, бағрикенглик, ҳуқуқий маданият, инновацион фикрлаш, меҳнатсеварликни мужассам қилган ўзбекистонликлардир. Учинчи Ренессанс биздан жон, соғлиқ, маблағ эмас, мазкур фазилатларни ҳар куни амалда кўрсатишни сўрайди. Ўз ишимизни ҳалол-пок, сифатли, виждонимиз назоратида бажаришни талаб этади. Учинчи Ренессанс инсон маънавиятидаги ренессансдан сезилади ва бошланади. Бу эса, миллий феъл-атворимизга маънавий инновациялар киритишимизни тақозо қилмоқда. Аслида энг қийини, аммо энг тўғри йўл ва ресурс шу. Бу халқимиз характерини кучли фазилатлар – ирода, тиришқоқлик, меҳнатсеварлик, инновацион фикрлаш, тадбиркорлик билан кучайтиради. Бунинг учун ўта аниқ илмий, педагогик-психологик тадқиқотларни мунтазам ўтказиб боришимиз зарур. Айтилган ғоявий фикрлар Учинчи Ренессанснинг пойдеворини ташкил қилар экан, айни бир пайтда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг яхлит таълимотига айланишига шак-шубҳа қилмаймиз.

Карим НОРМАТОВ,

ИИВ Академияси

профессори,

тарих фанлари доктори