Iyun 22, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Ҳушёр бўл, пиёда!

 297 total views,  2 views today

“Пиёда-умринг бўлсин зиёда”. Ҳамюртларимиз кўчаларда юрганда бу шиорни кўп бор кўришган. Умуман, “пиёда, умринг бўлсин зиёда” деган шиор ҳозирги кунда ҳам энг долзарб, энг зарур шиорлардан бири бўлиб қолмоқда. Нега? Негаки кейинги пайтларда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармасига жойлардан келаётган маълумотларни, кундалик содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисаларини таҳлил қилиб чиқсак пиёдалар иштирокида содир бўлаётган турли кўнгилсизликларнинг сони ортиб бормоқда. Нега? Нима учун пиёдалар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари кўпайиб бораяпти.

Пиёдалар иштирокида содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисалари, уларни келтириб чиқараётган сабаблар, бу йўл-транспорт ҳодисалари натижасида гулдек умрлари бевақт ҳазон бўлаётган инсонлар ҳақида жуда кўп гапирилган. Лекин шундай бўлса-да, бу мавзу ҳамон кун тартибидаги энг долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Негаки, ҳамон автомобиль йўлларимизда пиёдалар гоҳ ҳайдовчиларнинг айби билан, аксарият ҳолларда ўзларининг айблари яъни «Йўл ҳаракати қоидалари»га риоя қилмаслик, ҳаракатланиш хавфсизлиги талабларини қўпол равишда бузишлари оқибатида ҳалок бўлишмоқда.

Агар кундалик содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисаларини таҳлил этадиган бўлсак, ҳодисаларнинг ҳар иккитадан биттаси пиёдалар иштирокида содир бўлмоқда. Уларнинг аксарияти эса айнан пиёдалар айби туфайли юзага келмоқда. Энг ачинарлиси булар орасида болаларнинг  ҳам борлигидир.

Пиёдалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг келиб чиқиш сабабларини таҳлил этадиган бўлсак, пиёдалар томонидан йўл ҳаракати қоидаларини менсимасдан ёки унга амал қилмасдан қўпол қоидабузарликлар содир этилиши оқибатида рўй бермоқда. Натижада ҳар куни, кун ора пиё­далар билан боғлиқ турли кўнгилсизликлар, йўл-транспорт ҳодисалари содир этилмоқда. Энг ачинарлиси бу воқеа-ҳодисалар кўплаб бегуноҳ инсонларнинг ҳаёт шамларини бевақт сўндирмоқда.

Агар маълумотларга назар ташлайдиган бўлсак  2021 йил ўтган уч ойи мобайнида республикамиз ҳудудида бевосита пиёдаларни уриб юбориш билан боғлиқ 620 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилганини, бунинг оқибатида 156 та пиёда ҳаётдан бевақт кўз юмганлигини, 495 та пиёда эса турли даражадаги тан жароҳатлари олганлигини кўрамиз. Бунда пиёдалар томонидан йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмасдан йўлларнинг белгиланмаган жойидан кесиб ўтишлари сабаб бўлмоқда. Бу рақамларга оддий рақамлар, деб эмас, балки бир оз ўзгача нигоҳ ташлайдиган бўлсак, кўз олдимизда ғоятда ачинарли манзара намоён бўлади. Чунки бу жонсиз рақамларнинг ҳар бирини ортида инсонларнинг ҳаёти турибди.

Шунингдек, йўл-патруль хизмати инспекторлари томонидан жорий йилнинг ўтган саккиз ойи мобайнида 1 юз 6 минг 907 та қоидабузар пиёда аниқланиб, уларга нисбатан тегишли тартибда чоралар кўриб борилмоқда. Агар масалага шу нуқтаи-назардан қарайдиган бўлсак ҳар куни қанчадан-қанча бахт­сизликларнинг олди олинаётганлигининг гувоҳи бўламиз.

“Йўл ҳаракати қоидалари”ни келиб чиқиш тарихига назар ташласангиз қоидалар дастлаб пиёдалар манфаатини кўзлаб ишлаб чиқилганлигини ва амалга жорий этилганлигини кўрасиз. Йиллар ўтган сари қоидалар такомиллашиб, янги-янги бандлар билан тўлдириб борилди. Уларда пиёдалар учун енгилликлар яратилди. Лекин кўчаларимизда пиёдалар томонидан содир этилаётган қоидабузарликлар камаймаяпти. Пиёдалар учун миллион-миллион пул сарфлаб замонавий ер ости ва ер усти ўтиш жойлари, махсус пиёдалар йўлкалари барпо қилинмоқда. Лекин пиёдаларимиз қасдма-қасдига ўз ҳаётларини хавфга қўйиб кўчани дуч келган жойидан кесиб ўтишади.

Яна бир ачинарли ҳол. Пиё­далар томонидан содир этилаётган қоидабузарликларни олдини олиш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кўпгина жойларда йўл чеккаларига панжаралар ўрнатилган. Лекин, айрим пиёдалар махсус йўл ости ўтиш жойлари бўлишига қарамасдан айнан мана шу панжаралар устида ошиб ўтишмоқда. Темир панжаралар устидан ошиб ўтаётганлар ичида ёшлар ҳам, кексалар ҳам борлиги кишини ўйлантиради. Бундай қоидабузарликни содир этаётган пиёдалар бу ҳаракатлари билан ўз ҳаётларини жиддий хавф остида қолдираётганликларини, бундан ташқари ҳайдовчиларга ҳам ноқулайликлар туғдираётганликларини ўйлаб ҳам кўришмайди. Уларни тартибга чақирсангиз хафа ҳам бўлишади.

Айни кунларда кўчаларимизда транспорт қатнови бирмунча кўпайган. Бу яхши, албатта. Чунки, транспортларнинг кўплиги ҳам халқимиз ҳаётини кундан-кунга фаровонлашиб бораётганлигини кўрсатади. Транспорт воситаларининг кўпа­йиши, автомобиль йўлларида турна қатор транспортлар ҳаракатини юзага келтиради. Бу эса, кўчани дуч келган жойидан кесиб ўтиш нечоғлик хавфли эканлигини, ҳар бир дақиқа ичида бирор кўнгилсизлик келиб чиқиши мумкинлигини англатади. Бироқ айрим пиёдаларимиз бу нарсани тушунишни исташмаяпти. Улар учун юқори тезликдаги автомобиль ҳам, йўл ҳаракати қоидалари ҳам аҳамиятсиздек. Келинг, шу ўринда мисолларга мурожаат қилайлик.

2021 йил 11 апрель куни соат 04:35 ларда Тошкент шаҳар Юнусобод туманида, ҳайдовчи Г.Д. “Каптива” русумли автомобилини бошқараётиб, йўлнинг белгиланмаган қисмидан ўтаётган пиёда Ш.Н.ни уриб юборган. Натижада пиёда Ш.Н. оғир даражада тан жароҳати олиб касалхонада вафот этган.

Яна бир мисол,  2021 йил 24 апрель куни соат 17:30 ларда, Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ тумани ҳудудида, ҳайдовчи А.Б. “Газель” русумли автомобилини юқори тезликда бошқариб, йўлнинг кесиб ўтаётган пиёда К.У.ни уриб юборган. Натижада пиё­да К.У олган тан жароҳатлари туфайли вафот этган.   

2021 йилнинг 25 апрель куни соат тахминан 22:15 ларда Бухоро вилояти Кармана тумани ҳудудида, ҳайдовчи Й.А. “Матиз” русумли автомобилини бошқариб бораётиб пиёдалар ўтиши учун мўлжалланмаган жойидан йўлнинг кесиб ўтаётган пиёда П.А.ни уриб юбориб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган. Натижада пиёда П.А. олган тан жароҳатлари натижасида вафот этган.

Бахтсизликка учраётган пиёдаларимизнинг аксариятини ёш болалар ташкил этаётганлиги ҳам аянчли ҳолатдир. Болалар йўлни белгиланмаган жойидан кесиб ўтиш, катта кўча ёқаларида ўйнаш, автомобиль йўлларида велосипед учиш вақтида йўл-транспорт ҳодисаларига учрашаяпти. Мисол учун, 2021 йил 27 апрель  куни  соат 07:50 ларда, Жиззах вилояти Зарбдор туманида, ҳайдовчи Х.С. “Нексия” русумли автомобилни юқори тезликда бошқариб кетаётиб, йўл қатнов қисмига тўсатдан югуриб чиққан, вояга етмаган пиёда Н.О.ни уриб юборган. Натижада Н.О олган тан жароҳати оқибатида вафот этган.

Жорий йилнинг 27 апрель куни соат 16:30 ларда, Фарғона вилояти Олтиариқ туманида, ҳайдовчи М.П. “Дамас” русумли автомобилни юқори тезликда бошқариб кетаётиб, йўлнинг белгиланмаган жойидан югуриб ўтаётган, вояга етмаган пиёда Л.А.ни уриб юборган. Натижада Л.А. олган тан жароҳатлари оқибатида вафот этган. Бундай ҳодисаларни яна талайгинасини келтириб ўтишимиз мумкин. Аммо гап мисоллардами?

Содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисаларини кузатсангиз қанчадан-қанча одам азият чекишини кўрасиз. Буларнинг қанчаси ҳаётдан кўз юмади. Анчагина оилалар бевақт аза очишади. Қанча оилалар боқувчисидан, қанча болалар отасидан бевақт айрилишади.  Ахир шу ҳодисалар бўлмаслиги мумкин эди-ку. Ҳа, мумкин эди. Бунинг учун барчамиз, ҳоҳ пиёда бўлайлик, ҳоҳ ҳайдовчи йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилишимиз, ҳаракатланиш хавфсизлигининг оддий лекин ҳаёт учун муҳим бўлган шартларига риоя қилишимиз, ён-атрофимиздагиларни ҳам, фарзандларимизни ҳам шунга ўргатиб боришимиз зарур. Ана шунда «Пиёда – умринг бўлсин зиёда» деб баралла айтишимиз мумкин.

Азизхон МУРОДОВ,

ИИВ ЙҲХ Бош бошқармаси

Ахборот хизмати етакчи

мутахассиси