Sentabr 17, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Ўғилни асраган белбоғ

 295 total views,  2 views today

Ватан туйғуси онг-шууримизга меҳрибон оналаримизнинг мафтункор алласи, оқ сути, пок нияти  билан синг­ган десак, муболаға бўлмайди. Тонгга қадар бедор бешик тебратган, гўдагини еру кўкка ишонмай катта қилаётган она “Болам  эр йигит бўлсин, шер йигит бўлсин, алп қомат бўлсин, элнинг корига ярасин, киндик қони тўкилган жойни ёмон кўзлардан асрасин, юртининг ҳимоячиси, элининг ғурури бўлсин”, деб ният қилади.

Бу сўзлар оналаримиз аллаларида,  илк бор ёд олган шеърларимизда, тинглаган қўшиқларимизда, халқ эртакларида учрайди. Ватанни севиш болалик йилларининг беғубор шўхликлари: уйимиз, боғимиз, кўчамиз, маҳалламиз ғурури учун “курашган” пайтларимиздан бошланган бўлса, ажаб эмас. Оқсоқоллар: “Ота-онангни уялтириб қўйма, маҳалла шаънига доғ туширма, қишлоғимиздан ҳалигача ёмон одам чиқмаган, сендан ҳам чиқмайди”, дейишса, кўнглимизда ажиб бир ғурур уйғониб, хаёлан  катта-кичик қаҳрамонликларга ўзимизни чоғлар эдик. Оиламиз, кўчамиз, маҳалламиз, демакки Ватанимизнинг ёш ҳимоячиларига айланардик.

Ватанни ҳимоя қилиш қандай фазилатлигини  кексаларнинг эл-юртга тинчлик-хотиржамлик,  осмонга мусаффолик, хирмонга барака тилаб қилган дуолари, ўқиган китобларимиз қаҳрамонларининг мардликларидан билиб олдик.

Ватанни ҳимоя қилиш  қўлда қурол билан чегарада ҳушёр туришгина эмас, унинг моддий ва маънавий бойликларини, аждодлардан мерос бўлиб қолган эзгу анъана ва қадриятларни, бағрикенг, саховатли халқимизнинг юксак инсоний фазилатларини, тилимизни, дилимизни, дину диёнатимизни,  Ватаннинг гул-райҳонидан тортиб оддий новда-гиёҳигача, она-ер бағридан отилиб чиқаётган митти булоғидан бош­лаб ҳайқириб оқаётган дарёсигача асрашимиз, бемаврид довуллардан, ғанимларнинг хуружларидан ҳимоя қилишимиз зарурлиги экан.   Ватанни асраш, уни ҳимоя қилиш — ҳар бир фарзанд учун муқаддас инсоний бурч, бу ишга бутун вужуд, қалб, имон-эътиқод билан чоғланиш, сергак ва огоҳ бўлиб яшаш  экан.

Жамият ўз олдига мамлакатда эл-юрт тинчлигини сақлаш, халқимизнинг  фаровон ҳаётини таъминлаш, имон-эътиқоди мустаҳкам, ўз фикрига эга янги авлодни тарбиялашдек улуғ мақсадни қўяр экан, бунда инсон омили: ташаббускорлик, фидойилик,  ижтимоий фаоллик, фуқаро сифатида Ватан, миллат олдидаги бурч ва масъулиятни тўла ҳис этиши, яъни ватанпарварлик ва  юртсеварликни рағбатлантириш  муҳим аҳамият касб этади. Чунки Ватан ҳимоячиси  бўлиш чегарада ҳушёр туриш билан бирга, Ватаннинг моддий ва маънавий бойликларини, ҳосилдор дала ва боғларимизни, дарё ва кўлларимизни, улуғ аждодлардан бизга мерос бўлиб қолган маънавий-ахлоқий анъаналарни, бағрикенг, саҳоватли халқимизнинг эзгу фазилатларини, тилимизни, динимизни, маънавий қадриятларимизни ҳам асраш, қўриқлаш деганидир. Чунки, тинч ҳаётимизга, онг-тафаккуримизга қилинаётган тажовузлар ичида ёшлар онгида миллий туйғуни заифлаштириш ҳаракатлари ҳам мавжудким, буни асло унутиб бўлмайди.

Шу ўринда бир хотира ёдимга тушади. Ҳамқишлоғимиз Аъламжон ота иккинчи жаҳон урушининг сўнгги иштирокчиларидан бири  эди. Одамлар бошига не-не кулфатлар солган, еру кўкни титратган, бутун бошли шаҳарлар, қишлоқларнинг кулини кўкка совурган, миллион-миллион кишиларнинг ёстиғини қуритган урушнинг жамики даҳшатлариги гувоҳ бу отахоннинг ҳикояларини тинглашнинг ўзи азоб эди.

Ёш Аъламжон урушга жўнаётганида онаси ўз қўли билан тиккан гулли белбоғни ўғлининг белига маҳкам боғлаб, “Худо хоҳласа, шу белбоғ сени бало-қазолардан асрайди, уни асло ечма”, деган экан. Онанинг нияти ижобат бўлиб, Аъламжон неча бор ўлим билан юзма-юз келади, шундоққина ёнгинасида снаряд  портлайди, ўқлар чийиллаб учади, қон тўкилади, душман самолётлари ҳужуми остида қолади, яраланади, ҳушидан кетади, олов кийимларини куйдиради, жароҳатлари азоб беради. Уруш сўнгида, шоир айтганидек, ўлимларни доғда қолдириб, эсон-омон уйига қайтиб келади.

“Онамнинг сўзларини эслаб, белбоғни белимдан қўймас эдим,— дея ҳикоясини бошлар эди Аъламжон ота.— Бир йили қиш ўта қаҳрли келди. Изғирин кўзни очирмайди. Окопнинг ичи  қорга тўлган. Музлаб қолиш ҳеч гап эмас. Ҳар икки томон бир-бирини мўлжалга олиб, ҳужум бошлаш учун қулай пайтни пойлайди. Командирлар совуқдан қалтираётганларнинг оғзига мажбуран спирт қуйишади. Ўша қишдан ўлмай чиқишимга шу белбоғ сабабчи бўлган десам, ишонаверинглар. Уни худди тўн каби ёпиниб, икки учини бўйнимдан, яна икки учини тиззаларим остидан маҳкам боғлаб олардим-да, энгашиб ўтирардим…”.

Аъламжон ота дуога қўлини очса, ҳамиша: “Илоҳим у кунлар қайтиб келмасин, биз кўрдик, қон кечдик, сизлар кўрманглар, тинчлик-хотиржамлик, тўкинчилик бўлсин, бошларинг тўйдан чиқмасин”, дегучи эди. Одатда кексалар шундай дуо қилишади. Аммо Аъламжон ота “Биз кўрдик, сизлар кўрманглар”, деган сўзларни бошқалардан кўра таъсирчан қилиб, ички бир изтироб билан айтарди, кўзлари ёшланиб, вужудини билинар-билинмас қалтироқ, ҳадик-хавотир эгаллагандай бўлиб сўзларди. “Эҳ, сизлар билмайсизлар-да, илоҳим билманглар, қанча-қанча одам жувонмарг бўлди, жасадлари дала-даштларда қолиб кетди, гуноҳсиз, қарчиғайдай йигитлар, тоғни уриб талқон қиладиган паҳлавонлар-а” дегучи эди.

Ҳар йили Хотира ва қадрлаш кунида Аъламжон отани ёшлар даврасига чақиришса, уруш хотираларини айтиб, ўзи йиғларди, бошқаларни ҳам йиғлатарди. Унинг  ҳикояларини тинглаганлар  беихтиёр кўзларига ёш олишарди. “Йўқ, биз йиғладик, сизлар йиғламанглар, кулиб-кулиб юринг­лар, яхши ўқинглар, олим бўлинглар, эл-юртнинг корига яранг­лар, бирор касбнинг этагидан тутинглар, бўш юрманг­лар”, дея ёшларга насиҳат қиларди…

Бу қирғинбаротнинг совуқ шарпаси кириб бормаган бирор хонадонни топиш қийин. Шу боисдан ҳам иккинчи жаҳон уруши жанг­гоҳларида қурбон бўлган миллионлаб одамлар хотирасини ёдга олиш, бу қонли тўқнашув­нинг бугун ҳаёт бўлган, аммо сафлари тобора сийраклашиб бораётган қатнашчиларига ҳар томонлама ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ёшлар учун муқаддас бурчга айланиши керак. Айниқса бугун — дунё чайқалиб, одамларнинг тинч-тотув ҳаётини издан чиқариш, халқлар орасига нифоқ солиш, бирини иккинчисига гиж-гижлаш, бойликларига кўз олайтириш ҳаракатлари давом этаётган бир пайтда тинчлик, осойишталик, хотиржам ҳаёт, мусаффо осмоннинг қад­ри ҳақида янада кўп ва таъсирчан гапириш, эл-юртни огоҳликка чақириш, бугунги завқли, тароватли ҳаётимизни эъзозлаш, асраб-авайлашга даъват этиш ғоят зарур. Бу иш мавсумий бўлмаслиги, аксинча, таълим-тарбия, тарғибот-ташвиқот ишининг марказида турмоғи  лозим.

Бугун юртимизга келаётган меҳмону сайёҳлар, расмий кишилар, илмий анжуманларнинг иштирокчилари мус­тақил Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги  юртимиздаги тинчлик-хотиржамлик, турли миллат вакилларининг ўзаро аҳил-иноқлиги, дўст-қадрдонлиги, бир-бирларига кўрсатаётган ҳурмат-эҳтироми эканини алоҳида қайд этмоқдалар. Дунё турли ҳарбий, иқтисодий талотўплар билан тўлиб-тошиб, қанчадан-қанча бегуноҳ одамлар уруш ҳаракатлари боис  туғилиб ўсган жойларини, болаларининг бешикларини ташлаб, кўч-кўронни елкалаб, бошқа жойларга кетишга мажбур бўлаётган бир пайтда, бундай тинч, барокатли, меҳр-оқибатли жойларни бориб кўриш ҳисси кучаяди. Одамлар меҳнат қилиб, улкан ризқ-рўз хирмонлари яратаётган, ҳалол меҳнати самараларидан баҳраманд бўлиб, яратган эгамга шукроналар айтиб яшаётган, янада ёруғ, фароғатли кунларни орзулаётган,  давлат одамларнинг бу орзуларига ҳар жиҳатдан пешвоз чиқаётган, ҳар бир фуқаро тили, миллати, жинси, диний эътиқоди, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар, бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлган, бу ҳуқуқ ва эркинликлар қонун йўли билан ҳимояланган мамлакатлар сафида бугун Ўзбекистон деб аталмиш келажаги буюк давлат ҳам бор.

Бугунги кунда яқин атрофларимизда ва узоқ ҳудудларда ижтимоий-сиёсий зиддиятлар куча­йиб, турли можаро ва қон тўкишлар давом этаётган, терроризм, экстремизм, одам савдоси ва наркотрафик каби иллатлар хавфи кескинлашиб бораётган бир пайтда бундай бало-қазоларни остонамизга яқинлаштирмаслик, юртимизда ҳукм сураётган миллатлар ва фуқаролараро ҳамжиҳатликни сақлаб қолиш, “Бизга тинчлик ва омонлик керак” деган эзгу даъватга қатъиян амал қилишимиз зарур.

Тақдир тақозоси билан узоқ йиллар хорижда истиқомат қилган, бошига муҳожирликнинг адоқсиз азоблари, сарсон-саргардонликлари тушган, она-юрт соғинчи вужудини тилкалаган  ватандошимиз Собиржон ота ўзи туғилиб ўсган шаҳарга, киндик қони тўкилган ҳовлига қайтиб келганида содир бўлган бир воқеа сира ёдимдан чиқмайди. Унинг айтишича, ўзи каби хорижда қолиб кетган  кишилар Ватан ҳақида гап бошланди дегунча, бошларидаги   эскиб, нақшлари унниқиб кетган дўппини қўлларига олиб, кўкракларига босишар экан. “Шу дўппидан бошқа ҳеч нарсамиз йўқ” дейишар экан.

Собиржон ота туғилиб ўсган ҳовлиларидан сал нарироқдаги, болалигида қўй-қўзи ўтлатиб юрган, эрта баҳорда қор тагидан бойчечак мўралайдиган тепаликни томоша қилгани борса, одамлар уни ковлаб, тупроғини машиналарда уйларига ташиётганмиш. Жон ҳолатда: “Ҳой, тўхтанглар, нима қилаяпсизлар, ахир бу тепалик ўтмишнинг жонли гувоҳи, ота-боболарингизнинг изи, кўзи, оёқ изи тушган жой-ку, бузманглар”, дея шовқин кўтариб, ҳаммани ҳайрон қолдиради. Бу воқеани қадимшунос олимларга айтиб берганимда, улар мамлакатимизнинг жанубий ҳудудларида сақланиб қолган тепалик, сардоба, кўприк ва бошқа иморатлар ҳақида бениҳоя қизиқарли, ўрганиш, хотирада сақлаш, тадқиқотлар олиб боришга арзирли маълумотларни айтиб беришдики, менинг ҳам ҳайратим ошди, уйига тупроқ ташиётган ҳамқишлоқларининг йўлини тўсган ватандошимизнинг куюнчаклигини тушундим. Шоир айтганидек, Ватан боғининг ҳар япроғи, сойининг ҳар тоши, даласидаги хас-хашаккача, ўтлоғидаги гиёҳидан то қадим бино пештоқидаги сопол нақшгача — Ватан экан. Мозийга тааллуқли жамики нарсаларда Ватан руҳи, аждодлар хотираси мавжуд бўларкан, уларни асрамоқ, авайламоқ биз — бугунги авлодларнинг бурчимиз экан. Ўтмишга ҳурмат кўзи билан қарасак, халқимизнинг шу кунларгача омон-эсон етиб келган урф-одатларини унутмасак, бу муқаддас бойликларни янгича маъно-моҳият билан тўлдириб, бойитиб, азиз фарзандларимиз, набираларимиз қалбига, дунёқарашига, турмуш тарзига сингдирсак, уларни шу қутлуғ руҳда тарбияласак, халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини ўзаро туташтирган, эл-юртни янада фаровонликка элтувчи маънавий кўприкларни мус­таҳкамлаган бўламиз.

Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ