Sentabr 17, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Рақснинг сеҳрли олами

 1,139 total views,  2 views today

Шундай инсонлар бўладики, ўзининг бутун умрини, ҳаётини санъатга бахшида этади. Ҳаётининг мазмунини санъатда, ижодда деб билади. Ўзи топган ва кашф этган гўзаллик жилоларини, мафтункор туйғуларини ошуфта дилларга улашгиси, нозик ҳаракатлари ила кўнгилларга завқ бергиси келади. Санъатнинг ҳақиқий фидойиларини ана шундайларга менг­заш мумкин.

Мавлуда Эралиева ҳақида гап кетганда бекободликлар оғзидан бол томиб гапиришади. Боиси рақс санъатини саодат деб билган сеҳрли ҳаракатлар соҳибаси мана, қарийб қирқ йилга яқин шу соҳада самарали меҳнат қилиб келяпти. Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, у Тошкент давлат санъат ва маданият инс­титутининг хореография бўлимини тамомлаб, ўзининг жонажон шаҳрида рақс санъатининг ривожланишига машаққатли меҳнати билан салмоқли ҳисса қўша олган қалдирғоч хореографдир.

Ижодий меҳнат, тинимсиз изланишлар, ҳайратларга йўғрилган жозибали ҳаракатлар аста-секин ўз мевасини бера бош­лади. Дастлаб шаҳардаги металлурглар маданият саройида, “Ёшлик” маданият уйида кўп йиллар мобайнида ўз фаолиятини давом эттирган Мавлуда Эралиева 1996 йилда шаҳардаги 11-сонли мусиқа ва санъат мактабида “Рақс” бўлимининг очилишига, 1997 йилда эса Бекобод санъат коллежида “Халқ рақси” бўлимининг ташкил этилишига бош-қош бўлди.

-Рақснинг жозибаси шундаки, оддий ҳаракатлар  ҳам ёшлик нафосати ила уйғунлашиб гўзаллик касб этиб бораверади,  — дей­ди у мамнуният билан. – Энг аввало, инсоннинг қалбида ўзи танлаган касбга меҳр-муҳаббат жўш уриб туриши керак. Бу борада мен имкон қадар ўзимдаги ёрқин ҳисларимни ўқувчи қизларимга сингдиришга, энг аввало, уларда гўзал фазилатларни шакллантиришга ҳаракат қилдим.

Дарвоқе, илк бор иш фаолиятини Болалар ижодиёт марказида бошлаган Мавлуда опа “Шодлик” рақс ансамблини тузди. Сўнгра металлурглар маданият саройи қошида “Парвоз”, “Шодиёна” ашула ва рақс ансамблларининг хамда “Ёшлик” маданият уйи қошидаги “Нилуфар” ашула ва рақс ансамблининг халқ ансамбли даражасига кўтарилишида Мавлуда опанинг ҳиссаси катта бўлди.

Санъатнинг чинакам санъат даражасига кўтарилишида оилавий муҳитнинг аҳамияти катта. Турмуш ўртоғи Мақсуджон Хўжаметов ҳам санъат соҳасини танлаган. Кўп йиллар давомида санъат мактаби ва коллежларида ўзбек халқ чолғу асбобларидан ёшларга сабоқ бериб келаётир. “Қанот – жуфт бўлади” деганларидек, уларнинг парвози санъат осмонида янги-янги митти юлдузларнинг кашф этилишига туртки бўлди. Қизлари Севара ва Шохсанамлар ҳам рақсга мехр қўйди. “От ўрнини той босар” деганларидек, Севара 2010 йилда худди онаси сингари ташаббус кўрсатиб, “Тарона” рақс ансамблини тузди. Бу ансамбль ўтган йили халқ рақс ансамбли мақомини олди.

Бу борада опанинг кичик қизи Шоҳсанамнинг қўлга киритаётган ютуқлари ҳам қувонарли. У 2019 йилда Қозоғистонда ўтказилган халқаро танловда ўз рақси билан иштирок этиб биринчи ўрин соҳибасига айланди. Айнан Мавлуда опанинг шогирдлари ўша йили Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида ўтказилган халқаро фес­тивалда иштирок этиб диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Худди шунингдек, Хива шаҳрида ўтказилган “Рақс сеҳри” халқаро фестивалида иштирок этган раққоса қизлар “Энг яхши мумтоз рақс” номинацияси бўйича ғолиб бўлишди. Демакки, бу оилада ажойиб бир рақс сулоласи шаклланиб бор­япти. Набираси Жасмина санъат мактабида рақс йўналиши бўйича таҳсил олмоқда. Бу сулоланинг ҳали кўп йиллар санъат аҳлига хизмат қилиши шубҳасиз.

Мавлуда Эралиеванинг юзлаб шогирдлари, кўзлари чақноқ зебо қизлари устозлари сингари маҳоратли раққоса бўлишга интилишмоқда. Халқ олқишига сазовор бўлиб келаётган “Тошкент зеболари”, “Ўзбекистон”, “Офарин” рақс ансамблларида фаолият юритаётган шогирдларини кўриб Мавлуда опанинг кўзлари қувнаб кетади. Меҳнатлари зое кетмаганлигига шукрона айтади. Бу борада маданият институтида сабоқ берган устозлари Исроил Исмоилов, Темур Текаев ва Қодир Мўминовларни миннатдорлик билан эслайди.

Моҳир педагог ҳамон ижод билан машғул. Айни дамда Бекобод ихтисослаштирилган санъат мактабида “Халқ рақси” кафе­драси мудири. Унинг билан биргаликда тинимсиз ижод қилиб келаётган Нафиса Сангинова, Гулсум Халилова, Шоҳсанам Йўлдошева, Сайёра Мирзаматова, Севара Хўжаметова, Асия Ҳакимова сингари устоз хорео­графлар ажойиб бир жамоага бирлашиб, гўзал гулдастага айланишган.

Жамоа аъзолари шаҳар, вилоят ва Республика миқёсидаги хилма-хил тадбирларда, байрам ва галаконцертларда фаол қатнашиб келади, кўрик-танловларнинг доимий иштирокчиси. Бунинг учун Мавлуда опанинг жамоаси кўплаб сертификатларга, вилоят ва Республика Фахрий ёрлиқларига сазовор  бўлишган.

“Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими аълочиси” нишондори, тажрибали устоз Мавлуда Эралиева ўзи яратган рақс гулдастасидан, унинг сеҳрли жозибасидан мамнунлик ҳис этади. Аммо унга бир нарса тинч­лик бермайди. Бу ҳам бўлса, шогирдлари тимсолида Мукаррама Турғунбоеванинг “Баҳор”и сингари ўзбек рақс санъатини жаҳонга танитишни, дунё бўйлаб парвоз қилишини истайди. Шундай экан, толе ёр бўлсин!

Ашурали БОЙМУРОД