Iyun 22, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Хоразмдан Қўшработга…

 397 total views,  2 views today

Хоразмнинг Хонқасидан Самарқанднинг Қўшработига келин бўлиб тушган Сатима Жабборова санъатимиз жонкуярларидан бири

Қўшработдаги 5-Болалар мусиқа ва санъат мактаби директори Сатима Жабборова  асли хоразмлик. У мазкур вилоятнинг Хонқа туманида туғилган. Санъатга бўлган иштиёқининг кучлилиги сабаб ўрта мактабни битирибоқ, туман маданият уйига қатнай бошлаган.  Тошкент давлат маданият институтининг  «Оммавий байрамлар  режиссураси» факультетига ўқишга кирган  чоғи Сатима истеъдодли санъаткор сифатида танилиб қолганди.

— Олийгоҳнинг 4-курсига ўтганимда тақдир тақозоси билан Қўшработ туманига,  Холдоровлар оиласига келин бўлиб тушдим, — дейди у. — Келинлик пайтимда ўқишни давом эттирдим, бунинг учун  Холдоровлар оиласидан, айниқса, қайнонам Тошбуви Ҳувайдоевадан миннатдорман. 1991 йил олийгоҳни битириб,  Қўшработ туман маданият бўлимида ишлай бошладим.

Ўша йиллар чекка бир тумандаги маданият ва санъат соҳасидаги оқсоқликни кўриб маданият соҳасининг бир  вакиласи сифатида дилим жуда хира бўлган эди. Қолаверса, мен Хоразмдек санъатсевар юртнинг фарзанди эканлигим учун бошқа оламга тушиб қолгандай эдим. Шундан сўнг   Қўшработда маданият  ва санъат соҳасида бажарилиши лозим бўлган жуда катта вазифалар борлигини ҳис қилганман.

 Президентимиз ташаббуси билан ҳар бир туманда Болалар мусиқа ва санъат мактаблари ташкил этиладиган бўлган бир пайтда вилоятимизнинг ўша пайтдаги ҳокими Зоир Мирзаев  Қўшработга келиб, туман  марказидаги ташландиқ бир  жойни кўрсатиб, «Мусиқа мактаби  мана шу ерда қад кўтариши керак», деган фикрни билдирди. Худди шу жойда 5-сон Болалар мусиқа ва саньат мактабининг замонавий биноси қурилиб, атрофи ободонлаштирилди. Бугун бу ҳудуд туманнинг энг файзли масканларидан бирига айланган.

Ушбу мактаб қурилиши менинг, бутун оиламнинг, тумандаги барча истеъдодли болалар, уларнинг ота-­оналари қалбига қувонч солди. 2013 йилда мусиқа мактабига рақс соҳаси бўйича ўқитувчи бўлиб ишга келдим. Аммо иқтидорли болаларни ўқишга жалб этиш осон бўлмади. Негаки, рақс деганда аҳоли нимагадир салбий фикрга борар, ота-­оналар фарзандини ўқишга бергиси келмасди. Шу сабаб уйма-уй юриб ташвиқот ишларини кучайтирдим, ота-оналар билан санъат ҳақида суҳбатлар ўтказдим. Ҳаракатларим беиз қолмади. Синфдаги ўқувчилар сони кўпая бошлади.

Мен вазифамдан, бажараётган ишларимдан жуда мамнун эдим. Мактабимизда эса рақсни ривожлантириш учун ҳамма шароитлар бор эди. 2015 йилда ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари лавозимига та­йинлашди. Шундан сўнг вазифамга янада масьулият билан ёндаша бошладим. Мактабимизда янги йўналишлар ташкил этдик. Ўқиш иштиёқидаги истеъдодли ўқувчилар,  фарзандини мактабга бериш истагини билдирган ота-оналарнинг ўзлари мактабимизга мурожаат қила бошлашди. Ана шунда менда Қўшработ ҳудудига хос урф-одат ва аньаналардан келиб чиқиб, ансамбль тузиш тўғрисида истак пайдо бўлди. Бу ҳақдаги фикрим кўпчиликка маъқул тушди. Кўп ўтмай «Чашма» болалар фольклор ансамбли ташкил этилди.

Дастлабки ўқув йилида  117 нафар ўқувчи жалб этилди. Ишимизни йўлга қўйишда бироз қийинчиликлар бўлса-да, аста-секин муаммоларни бартараф этишга эришдик. Ўқитувчилар ва концертмейстрлар  2014-2015-ўқув йилини аввалги ўқув йилига нисбатан аниқ режа ва дастур асосида  бошлади. Ўқувчиларимиз турли тадбирларда — кўрик-танловлар ва фестивалларда фаол иштирок этдилар. Масалан, “Камалак юлдузлари — 2014” Республика болалар ижодиёти фестивалининг туман босқичида 5 нафар ўқувчимиз 1-ўринни қўлга киритиб, фестивалнинг вилоят босқичида ҳам яхши натижаларга эришдилар.  2017-2018-ўқув йилида  мактабимиз жамоаси  “Онам айтган аллалар!” деб номланган  кўрик-танловнинг  Республика  босқичида   фаол қатнашиб,  фахрий ёрлиқ ва диплом  билан тақдирланди.    Халқ чолғулари бўлими ўқитувчиси  Дилноза Абдусаидова “Алла “ номли  Респуб­лика  кўрик-танловида  фахрли  ўринни эгаллаб, фахрий ёрлиқ ҳамда  диплом билан тақдирланди.  2018-2019 ўқув йилларида эса тасвирий саньат  синфи ўқитувчиси Зайнаб Эшмонованинг ўқувчилари Эъзоза Абдураимова ва Гавҳарой Абдувоҳидова “Белая ворона” Халқаро 4-кўрик танловида  учинчи даражали диплом билан тақдирланди. 2019 йилда Францияда бўлиб ўтган “Болалар урушни истамайдилар“ деб номланган халқаро танловдан ҳам ўқувчиларимиз диплом ва медаллар билан қайт­дилар.

Президентимизнинг 2019 йил 3 мартдаги 5 та муҳим ташаббуси ижроси юзасидан мусиқа ва санъат мактабимизда бир қатор ишлар амалга оширилди. Масалан, бир неча умумий ўрта  таълим мактабларида тўгарак­лар  ташкил қилинди. Улар “Доирачилар”, “Рақс”, “Хор”, “Дуторчилар”, “Рубобчилар”, “Ёш рассомлар”, “Мунчоқдўзлик” деб аталди ва кўплаб истеъдодларни ўзига жалб қилди. Ушбу тўгараклар фаолиятининг ташкил этилишида ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Ғ.Хўжаназаров ва таж­рибали ўқитувчилар Роҳатой Ялғошева, Дилноза  Абдусаидова,  Озода Болмонова, Зайнаб Эшмонова, Илёс Искандаров, Адолат Шарапова, Ғайрат Дўсатов, Шуҳрат Усмоновларнинг ҳиссалари катта бўлди.

Мактабимизда устоз-шогирд анъанасини давом эттириш мақсадида мақомчилар ансамбли ҳамда “Чашма” болалар фольклор дастаси ташкил этилган. Бу ансамблларга тажрибали ўқитувчилардан Наврўз Назаров ва Нормурод Ўриновлар раҳбарлик қилиб келмоқда. Ҳозирги кунга келиб мусиқа ва санъат мактабимизда   фортопиано, торли чолғулар, ўзбек халқ чолғулари, анъанавий чолғу ижрочилиги, анъанавий хонандалик, бахшичилик, тасвирий ва амалий санъат йўналишлари бўйича 24  нафар  ўрта махсус,  8 нафар олий маьлумотли ўқитувчилар 179 нафар ўқувчига санъат сирларини ўргатишмоқда.

2016 йилдан Болалар мусиқа ва санъат мактаби директори вазифасида ишлаяпман. Бу мен учун Қўшработ туманининг санъатини юксалтириш борасидаги мақсадимга эришишда яна бир катта имконият яратди. Мактаб жамоаси аҳил, иноқ, тажрибали устозлар кўп. Ушбу жамоа билан фахрланаман. Эндиликда ишларимиз анча ривожланган. Ўқувчиларимиз ўтказилаётган танловларда нафақат туман, балки вилоят, республика босқичларида ҳам фаол иштирок этишмоқда.

Хоразм вилоятидан келиб, Қўшработ халқига хизмат қилаётганимдан жуда мамнунман. Кўз ўнгимда бу туман маркази, қишлоқлари гўзаллашиб бормоқда. Шу гўзалликка иқтидорли санъатсевар ёшлар ҳам муносиб ҳисса қўшишмоқда.

Ўзбекистон Миллий

университети

журналистика факультети талабаси

Барно АБДУНАБИЕВА,

ёзиб олди.