Sentabr 17, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Қанийди, касал бўлсам ёхуд молхонадан қолишмайдиган санитария маркази

 1,085 total views,  2 views today

Шу десангиз, бошимизга бир бахт қуши қўнгандек бўлди. Тунов куни биз яшайдиган ҳостелга…

Айтгандай, биз талабалар жамиятидаги элита қатлам қаторидан ўрин олганмиз. Умрингиз бино бўлиб талабани ҳостелларда яшаганини эшитганмисиз? (Қайдан ҳам эшитасиз, сиз билган талабалар ё университет ётоқхонасида, ё бирор кимнинг уйида ижарада яшайди. Бизлардай ҳаётнинг зил-замбил таёғи бошига тушганлар эса, иккисидан ҳам бенасиб қолганларданмиз. Бош­қа иложимиз йўқлигидан шу ҳостелни макон тутдик. Бекатларда тунаш ғурурни синдиради, деганларидек оч қолсанг қол, аммо обрўни бутун қил шиори остида оч қоринга бошпанани раво кўрдик). Эшитмаган бўлсангиз, ўша биз бўламиз. Биз билан гаплашаётганингизда, қўлингиз кўксингизда бўлсин, майлими? Йўқса, келишолмай қоламиз!

Хуллас, тунов куни ҳостелимизга эски таниш дўстлардан бири келди, денг. Кўришмаганимизга минг йил бўлган экан, қучоқ олиб кўришдик. Меҳмонмасми, қуруқ келмабди. Олиб келганларини қаерга жойлашни билмай бирин-кетин жиғилдонга жойлаб қўя қолдик. Ўзимизда йўқ хурсандмиз, ҳамманинг оғзи қулоғидан ошиб кетган. Тўйиб овқатланиш талаба учун улкан муваффақият эканини талабадан бошқа одам тушунмайди. Хуллас, бахтиёрмиз. Эртасига бир хабарни эшитиб янада хурсандчилигимиз ортиб кетди. Нега десангиз, қадрдонимиз биз учун олиб келган совға-саломнинг энг асосийси юзага чиқди. Қулоғингизни тутинг! Вирус! Ҳа, нотўғри эшитмадингиз, вирус  — Ковид-19 олиб келибди. Сал қолди байрам қилиб юборишимизга. Ўзи ҳостелга ойлик ижара ҳаққини тўлашимиз керак эди, Занги­отага «путёвка» чиқадиганга ўхшаб қолди. Агар у ёққа борсак, икки ҳафтага ютамиз. Негаки, вирусга чалинганларнинг ҳаммасини ўша ёққа олиб кетишаётган экан — текин бошпана, текин овқатлар…

Ҳостел менежерининг ваҳимасини кўриб, шунақанги асабимиз бузилдики, одам ҳам шунчалик бахил бўладими, а? Унинг ички дунёси шу қадар кир эдики, бизнинг омадимиз келганига, ичини дунёнинг жамики итлари тирмалаб ташлаганди.

Менежернинг ташаббуси билан мутахассислар келиб биздан таҳлил олишди. Кетишаётганида эртага мабодо натижа ёмон чиқадиган бўлса, қўнғироқ қилишларини ёки ўзимиз бориб натижани билиб келишимиз кераклигини айтишди.

Қулоғимиз динг, телефоннинг ёқимли жиринглашини кути-и-иб, Зангиота шифохонасида бизга қандай овқатлар пишириб беришларини хаёл қилиб ётибмиз. Соат 15:43, қўнғироқдан дарак йўқ. Наҳотки, шунча хаёлни бекорга сурдик. Йўқ, бунақаси кетмайди. Ўзимиз биздан таҳлил олган мутахассислар ўтирадиган жойни топиб бордик. Натижа — «соппа-соғсизлар!» Ҳафсаламиз пир бўлди. Шунча орзу бекорга учди, деб икки кун қовоқхалтамизни осилтириб юрдик. Бу орада ҳостелга ижара пулини ҳам тўлаб қўйдик. Бунча ёқимсиз бўлмаса бу тўлов деган касофат?

Яна омадимиз келаётгандек кўрина бошлади — битта шеригимизни иситма, томоқ ва бош оғриғи безовта қила бошлади. Ана энди аниқ «путёвка» олсак керак! Шу умидда мутахассисларни чақирмадик, ўзимиз қидириб бордик. Кўрайликчи бизнинг «чиптахона»мизда нима гап экан… «Чипта» ололамизмикин…

Бемор аталмиш дўстимизнинг ранги сўнаётгандай кўрина бошлади кўзимизга. Ичимда «бу гал омадимиз кулади, мана кўрасан,» дедим ўзимча. Кираверишда кўзларим бир-бирига ишонмайроқ қолди. Бу ер қаер ўзи? Санитария эпидемиологик марказими шу, салкам молхонани эслатади! (Хафа бўлмайсизлар, ўхшатиш илмида уқувсизроқман-да!) Бу ерда шифокорлардан ташқари ўргимчаклар ҳам «ишлар» экан. Ўртада келишмовчиликлар мавжуд эмас экан. Нега десангиз, улар шу қадар аҳилки, бир-бирининг ишига бурун тиқишмас экан. Худди бир оиладек, бир уйда яшашади. Шифтларда улар тўр тортиб фаолият олиб борса, ерда шифокорлар. Ана ишнинг кўлами қандай бўлиши керак! Ана оқибат! Э, яшшавор-э, дедим ичимда. Лекин бундай шароит бизга унча хуш келмади. Ўргимчакдек паст қатлам вакиллари билан бир ҳаводан нафас олиш биз учун иснод! Э, биз кимсан, талабалар жамиятидаги элита қатлам вакилларимиз. Биз ҳостелда даврон суриб бундай хароб жойларни писанд қилмаймиз. Емай-ичмай сақлаб келаётган ғуруримизни келиб-келиб шу ерга тўкиб кетамизми? Йўқ, асло! Шаън — доим йигит киши ҳамроҳи бўлган. Уни йўқ қилиш, ўзни йўқ қилиш билан тенг…

Уч киши борган бўлсак, иккиси тест топширди. Мен топширмадим ҳам. Ўзи икки кун аввал топширган бўлсам, бошимга ураманми шунча тестни, соғлом эканман қориндан ташқари…

Хуллас, у ердан амаллаб чиқиб олдик. Энди эртани кутишимиз керак. Натижа — «путёвка» бўлса, марра бизники. Кейинги бекат — Зангиота, деб қўлни оёққа, э, оёқни қўлга олиб, Зангиотани ишғол этамиз. Ишқилиб у ёқда ҳам ўргимчаклар бўлмасин-да.

Нима тақдир қилган бўлса, шу бўлади. Натижани кутайликчи. Лекин, бир бориб кўришимиз керак. Биз ҳам мазза қилиб қолайлик дейман-да! Ахир бизнинг елкамиз ҳам кун кўриши керак-ку, тўғрими?!

Достонбек БАХТИЁРЗОДА