May 8, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Ният

 738 total views,  5 views today

2004 йил. Хизмат сафари билан Бухорога борадиган бўлдим. Қўлимда каттагина сумка. Ўша пайтлари юртимизнинг барча ҳудуди каби шариф шаҳарга қатнайдиган замонавий автобуслар жуда кўпайган, улар Отчопар (ҳозирги Чилонзор буюм бозори) олдида турнақатор тизилиб турарди. “Бухорога кетамиз, Бухорога” деб оламга жар солаётган йигитчанинг ёнига бордим, у менга ўртароқдан жой кўрсатди. Барча ҳужжатлар, кийимлар солинган сумкамни ўриндиққа қўйиб, сув олиш учун пастга тушаётиб, ўша йигитчага ҳозир келаман, дедим. У: “Акажон, бемалол, ҳали камида бир соат турамиз” деди.

Автобусдан 15-20 қадам наридаги растадан сув олдим, сотувчига пул узатдим. Шу арзимас юмушга нари борса, 5 дақиқа кетгандир. Қайтиб келиб, не кўз билан кўрайки, автобус йўқ. Бир зум каловланиб қолдим. Биринчи сафарим, энди ким деган одам бўлдим, дейман ўзимга ўзим. Такси ушлаб ортидан борай десам, пул сумкада, сумка автобусда, автобус йўқ. Яхшиям унинг рақамини эслаб қолган эканман, таваккал қилиб, катта кўчага чиқдим-да, йўловчи машиналарга қўл кўтардим. Бир “06” тўхтади, унинг эгасига вазиятни тушунтирдим, пулни автобусдан олиб бераман, фақат етиб олсак бўлди, дедим. У хўп деди-ю Янгийўл постига яқинлашганда: “Ака, ҳужжатим йўқ, пул бермасангиз ҳам розиман”, деб орқага қайтди. Постга тушиб ДАН ходимларига аҳволимни тушунтирдим. Улар кейинги постга хабар беришди. Кейинги пост Сирдарёга киришда эди. Аммо у ергача қандай бораман? Яна таваккал билан йўл четига чиқдим. Шундоқ қўл кўтарган эдим, оппоқ “Нексия” тўхтади. Орқа ўриндиқда 6-7 ёшлар атрофидаги болакай, рулда эса 45 ёшлардаги киши. Ҳовлиқиб мақсадимни айтдим. Ўтиринг, кетдик, деди. Машинага разм соламан, ҳали ўриндиқларнинг жилди ҳам олинмаган, фақат янги машиналарга хос ёқимли ҳид уфуриб турибди. “Номерини айтинг, автобусни” деди ҳайдовчи. Айтдим. У тезликни  140 дан оширди ҳамки, автобусдан дарак йўқ, худди қанот чиқариб учиб кетгандай. Мен-ку майли, болакай хавотирлана бошлади. “Дада, улар бу амакимни нарсаларини ўғирлашибдими, нимага олиб кетишади бировнинг нарсасини сўрамай?” деб отасига тинмай савол берарди. Бундай пайтда аксариятимиз болани жим ўтир, деб жеркиб берамиз. Аммо у одам ҳам ўғлининг ёмғирдек ёғилаётган саволларига болаларга хос тарзда жавоб бериб кетаяпти, ҳам менга ҳозир етамиз, сиқилманг, деб кўнглимни кўтариб қўяди. Чинозга етганимизда йўл таъмирланаётган экан, майда бир тош зарб билан олд ойнага урилди-ю, унинг ўртасидан чизиқ тортилди. Ана энди тамом, дедим ўзимга ўзим. Ҳозир машинани тўхтатиб, ойна учун пул тўлаттиради. Во ажаб, ҳайдовчи ойнага чизиғига парво ҳам қилгани йўқ. Аксинча тезликни оширгандан ошириб борарди. Сирдарё вилоятига киришда постдагилардан автобусни сўрадик, ўтиб кетди, дейишди. Уларнинг жавобини эшитиб, “Нексия” эгаси тез ўтиринг кетдик, деди.

Гулистонга етмай, Сардобага чиқиб кетадиган йўлда автобус кўринди. “Ана ўша автобус” деб болакай унинг рақамини эслаб қолгани учун қийқириб юборди. “Учар автобус”ни тўхтатдик. Жуда жаҳлим чиқиб тургани учун, автобусга кўтарилдим-да бор овозим билан, ҳеч кимдан тап тортмай ҳайдовчига бақира бошладим. Автобус ҳайдовчиси: “Бўлдими, нима гап ўзи?” деди. Нима гаплигини айтдим. У автобусга одам тўплаган йигитнинг бозорда қолганини, мен ҳақимда умуман гапирмаганини айтди. Унда айб йўқлигига иқрор бўлдим. Ҳайдовчи эса айбсиз бўлса-да, астойдил узр сўради. “Биздан хафа бўлманг, агар кетаман, десангиз бепул олиб бориб қўяман Бухорога” деди. Унинг гапини эшитиб ўзимдан уялиб кетдим. Ҳозир, дедим-у сумкамдан пул олиб, бояги “Нексия” эгасини рози қилиш учун пастга тушдим. Аммо бепоён ҳудудда бизнинг қочоқ автобусдан бошқа ҳеч қандай улов йўқ эди. Жуда ғалати аҳволга тушдим. Мени шунча узоқдан олиб келган, боз устига янги машинасининг ойнасига путур етган одамга ақалли бир оғиз раҳмат айтолмаганимдан хижолат бўлдим, ўкиндим.

Автобус жойидан қўзғалди. То Бухорога етиб боргунча “Нексия” эгасини ўйладим. Дунёда шундай беминнат яхшилик қилувчи, қалби соф одамлар борлигига яна бир карра амин бўлдим. Айни пайтда ўзимнинг эътиборсизлигим, жиззакилигимдан нафратландим. Йўқса, биринчидан сумкамни автобусда қолдирмасдим, иккинчидан “Нексия”да келаётиб, ҳайдовчининг манзили, ҳеч бўлмаса, телефон рақамини сўраб олардим. Афсус…

Шундай дейман-у бундай одамларнинг ёрдамга шошилишини илоҳий марҳамат деб биламан. Чунки танг аҳволда қолган ҳар қандай одам Яратганга мурожаат қилади. Меҳрибон ва Раҳмли эса фақат Ўзига хослик билан бандасига мадад бўлади.

Дунёнинг тўрт томонидан турли талафотлар, можаролар, келишмовчиликлар рўй бераётган, оқибат, меҳр-мурувват сингари улуғ тушунчалар ўрнини “Босиб оламан”, “Ҳукмронлик қиламан”, “Еб битираман”, “Мен зўрман” деган бемаъни даъволар эгаллаб олаётган бир пайтда бу воқеани нега эсладим? Гап шундаки, етти ёт бегоналарга ёрдам қўлини чўзадиган, қийин вазиятда бир-бирини асло ташлаб кетмайдиган, меҳмондорчиликка шароити бўлмаса юрагини очиб меҳрини сочадиган халқимиз бор экан, Қиёмат ҳали бўлмайди.

Ҳар тонг яхши ниятлар билан дуолар қиладиган ота-оналаримиз бор экан, бу юртдан оқибат кетмайди.

Ўқ овози ўрнига муаззам азонлар эшитилиб турадиган, бомбалар ўрнига карнай-сурнайлар, тўйу томошалар овози жаранглаб турар экан, бу рубъи маскуннинг Ўзбекистон деб аталмиш чаманини Тинчлик ва оқибат тарк этмагай.      

Илло, ниятимиз шу, аслида…

Мақсуд ЖОНИХОНОВ