May 8, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Сочнинг оқариши ҳам бахт

 1,112 total views,  11 views today

Юрагим санчиб уйғондим. Уйда ҳеч ким йўқ эди — аёлим ишда, болалар мактабда. Хаёлимга шундай ўй келди: ҳеч ким йўқлигида ўлиб қолсам, яқинларимга ҳеч нарса деёлмай армонда кетсам нима бўларди? Шукр, ўлмадим, тирикман — шу бахтиёрлик эмасми?
Ҳар куни юрак санчийди — илоҳий қўнғироқ бу, тайёрланиб бориш керак дегани бу, шуни англаш ҳам бахтиёрлик эмасми?
Дил ғашланиб, ишхонага келдим. Кираверишда қоровулимиз бир эмас, икки эмас, нақд бешта таклифнома тутқазди. Таниш-билишлар, ҳамкасблар тўйларига чақиришибди. Демак, уларнинг кўнглида борман, йўқлашибди. Бу бахт эмасми?

Қишлоқдан онам телефон қилиб бораяпман сени кўргани, деди. Энтикиб кетдим…

Уч ой олдин анча йиллар кўришмаган дўстим билан бир тўйда учрашиб қолдик. У жуда аълочи эди. Мен эса адабиёту физкултурадан бошқасини ёқтирмасдим. У жуда бадавлат одамнинг ўғли, «ёрқин келажаги» ҳам гўёки нақд эди. Аммо… ҳаммаси ўзгариб кетди. Хуллас, у билан кўришганимизда, жуда тунд кайфиятда эди. Бир пайт унинг кўзлари менинг сочларимга тушди. Оқариб кетибди-ку деди. У бу гапни шундай қувонч билан айтдики…
Шуям унинг учун бахтда, тўғрими?

Яна бир танишимиз, жуда яқин танишимиз кўтарилиб кетди. Баҳорда гулу майсалар ўсишига қандай ишонасиз? Мен ҳам шундай ишонч билан унинг ёнига бордим. Арзимас иш билан. У эса тамоман ўзгарган эди. Бечора, кўрмаганнинг кўргани қурсин дегани шу-да. Орадан кўп ўтмай, қандай кўтарилган бўлса, шундай пастга шўнғиди. Баъзан давраларда юзма-юз келсак, кўзини олиб қочади. Мен билан кўришмаса, енгил нафас олади.
Буям бахт бундайлар учун…

Бахтиёрликнинг сабаблари кўп: ўғриям муддаосига етса, ўзини шодон тутади. Ғийбату иғвога берилиб, бировларнинг ширин ҳаётини, тинчини бузадиганлар ҳам ўзича бахтиёр.

Аммо, қаранг, фарзандларингиз чопқиллаб юрибди: шулар мудом қувнаб юриши учун ҳеч бир кимсага ҳасад қилманг, ҳатто ҳасаднинг ҳам касри бўларкан, ўзига урмаса, авлодига ураркан…

Мақсуд ЖОНИХОНОВ