May 8, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

НЕГА ХАЛҚНИНГ ОРЗУ-УМИДЛАРИ ОВОЗГА ҚЎЙИЛАДИ?

 1,371 total views,  2 views today

Ўзбек тили ҳам тан олинмаган истеъдод ҳолига тушиб қолди. Жаҳонни қўятуринг, Ўзбекистонда тўла-қонли даврон суролмайди. Аммо у роса тиришди, узоқ муросага киришиб, яшаб келди-да, яна бир бор ҳаракат қилиб кўрди… У ҳам бошқа тиллар қатори ҳар бир эшикка қўрқмасдан кириб боришга, ҳар қандай кўзойнакли билан тил топишишга уринди. Аммо бечоранинг шўрига шўрва тўкилди.

“Ўз ватанида ҳукмронлик қилиши учун овозга қўйилган ўзбек тили” ҳақидаги ҳажвияни минг йилдан кейин авлодаларимиз бир-бирига айтиб берса, ажаб эмас. Фақат аламли тарафи, нега энди аниқ бўлиб турган нарсани муҳокама қилишимиз керак? Нега доим, халқнинг орзу-умидлари овозга қўйилади? Агар давлатчилик талаблари шу бўлса, бундай давлатчиликдан нима наф?

1989 йил, 21 октябрда қабул қилинган Давлат тили тўғрисидаги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиб, унинг янги таҳрири тасдиқланди. Айни пайтда эса яна худди шу ишнинг бошқа кўриниши содир бўлди. Энг ачинарлиси, бу муҳокамани яна неча авлод давом эттиришини ҳеч ким билмайди. Бу дегани, биз битта қирдан ҳали ҳам ошиб ўтолмаяпмиз, ўз тўримизга ўзимиз чалкашиб ётибмиз.

Чет тилини ўқитиш, уни тарғиб қилиш, кириш имтиҳонларига мажбурий тиқиштиришлар учун бўлган ҳаракатларни биров билиб, биров билмай қолади. Ҳатто кинолог ҳам чет тилидан имтиҳон топширади.

Баъзан ўйланиб қоласан киши, олий таълимда ўқиган саксон фоиз бола, ўзи имтиҳон топширган тилнинг асл вакили билан бир марта ҳам учрашмай ўлиб кетиши мумкин. Бироқ у ўша тилни билиши билан, ўз ватандошлари орасида обрў орттиради. Она тилида эса шунақа чалама-чатти сўзларни ишлатиб гапирадики, тушуниб олгунча она сутинг оғзингга келади.

Ҳа, ўзбек тилининг аҳволига маймунлар йиғласин. Ит ҳурар, ўтади карвон дегандек, депутатларимиздан тортиб Олий Мажлис вакилларигача “қабул қилолмадик” деган натижани лоқайд кузатиб ўтиришибди. Балки қабул қилиш нияти ҳам бўлмагандир. Халқимиз яна алданди, ўз тили учун овоз беролмайдиган вакиллар учун овоз бериб алданди!

Балки тилимиз мувоффақият қозониши учун унга чет тилини ўргатиш жоиздир? Ёки тилимизнинг чўнтагига бир-икки сўм тиқиб, кейин муҳокамага киритиш керакмиди? Ахир бизда “сиздан угина, биздан бугина”, “бор товоғим, кел товоғим”, деган маънога бой иборалар бор-ку.

Тўғри айтасиз, биз шунчаки алжираётган табақага кирамиз ва янги спектаклларингизга чалғиб ҳаммасини унутиб юборамиз. Яна ҳеч нарса бўлмагандек, ташкилотларга келадиган русий забон хатларни ярмини тушуниб, ярмини тушунмай ижросига шайланаверамиз. Биз тушунмаган хатларни ёзганлар эса бизни масхара қилиб, югуртиргани-югуртирган.

Хуллас, ўзбек тилида гапириб, ўзбекнинг тузидан татиб туриб, шу тилнинг қонунини қабул қилолмаган арбобларимиздан биз нимаям кутишимиз мумкин. Қўпол бўлса ҳам, бу тузлиғига тупуриш дейилади.

Бетараф ва овоз бермаганларга келадиган бўлсак, улар ўз лавозимларини чивин қўриш учун эгаллаб турибдими? Ё ортиқча шовқин солмаслик учун депутатлар сафига қабул қилинганми?

Ҳали тил тўғрисида аниқ бир қарорга келмай туриб, ҳарфларимизни ислоҳ қилишимиз эса жуда кулгили.

Бегали ЭШОНҚУЛОВ