May 8, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Миллат наслини руҳий зўриқишдан асрайлик!

 609 total views,  4 views today

Бола доимий жанжаллар, узлуксиз шовқин-сурон ва бир вақтнинг ўзида ҳам кўриб, ҳам эшитиб ота-оналарнинг бир-бирига қилаётган қўпол муомаласидан руҳий тушкунликка тушиб, фобия-қўрқув ҳиссини кучайиши натижасида саломатлигига жиддий таъсир кўрсатадиган хасталиклар келиб чиқишидан азият чекади. Афсуски,  сўнгги пайтларда бундай ҳолатлар жуда кўп учрамоқда.

— Оилада эр ва хотин ўртасида низолар бўлиши табиий, — дей­ди психолог Дилдора Раҳимова. — Лекин бундай низоларда кўпинча жабрланувчи болалар бўлади. Ўз ота-онаси сабаб боланинг руҳиятига шикаст, келажагига путур етади. Баъзида оилавий жанжалларда катталарнинг “Қўни-қўшнилар эшитмасин, секинроқ, биров эшитмасин”, каби гаплар қулоғимизга чалинади. Ваҳоланки, бировдан бекитилаётган жанжал, оилада улғаяётган боланинг руҳиятига қанчалик таъсир қилиши ҳисобга олинмайди. Бундай жанжаллар оқибатида боланинг ўзига бўлган ишончи, келажакка бўлган интилиши пасаяди, хавотирланиш, стресс, ўз-ўзини чеклаш, мотиватцион пассивлик юзага келади. Айниқса, бу нарса қиз бола тарбиясида яққол кўзга ташланади. Уларнинг келажакда турмуш қуришида жуда кўп қийинчиликлар бўлиши мумкин. Масалан, менга кўп мурожаат қилувчиларнинг аксарияти турмуш қуришда  муаммоларга учраган ёши катта қизлар билан бўлган суҳбатларда деярли ҳаммаси оилавий низоларни эсга олишади. Ота-онасининг мунтазам жанжаллашишидан шок ҳолатига тушиб қолган, оналари ҳар доим отасини ёмонлаган, нолийдиган оилавий муҳитда вояга етгани ҳақида гапиришади. Бунинг ортидан қизларнинг турмуш қуришга бўлган муносабати салбий томонга ўзгаради. Уларда совуққонлик, ишончсизлик ҳисси кучаяди.  Ҳақиқатдан ҳам айнан шундай низоли оилада вояга етган болалар эртага оила қурганидан кейин ҳам кўрганини давом эттиришлари мумкин.

Бугунги кунда катталар, ота-оналарнинг болажонлиги, болани фақат моддий таъминлаш, едириш, кийдириш сифатида кўринмоқда. Аммо унинг руҳий олами, қизиқишлари ёки болага китоб олиб бериш, улар билан камида 3-4 соат суҳбатлашиш, дарсларига кўмак бериш каби фазилатлар йўқолиб бормоқда. Бола уйида нимадан бе­зор бўлади? Эътиборсизлик,  ота-она жанжалларидан ва бемеҳрликдан десак, муболаға бўлмайди. Уларнинг ягона истаги, меҳр, эътибордир. Ахир, қай биримиз шу палладан ўтмаганмиз? Ҳаммамиз болаликнинг гўзал оламидан катта ҳаётга қадам қўймаганмизми?!

Айни ҳозирги замон, макон ва глобаллашув жараёнида интернет тармоқларида соат сайин янгиланиб бораётган Telegram каналлари, Instagram   ва Facebook саҳифалари, YouТube ижтимоий интернет тизимларининг бош мавзуси ота ва ўғил муносабатларидаги чалкашликлари, қиз онадан, бола отадан воз кечиш ҳолатлари, фарзанд вояга етганидан сўнг, ота-онанинг қаровсиз ва ёлғиз қолиши одатий ҳолга айланиб бормоқда. Бундай хунрезлик ва ўзбекона қадриятларимизга хиёнатнинг асл сабабчиси ўша ҳолга тушган ота-оналарнинг ўзи эмасмикан?! Болаликда ўз фарзандларига илм, диний тарбия бериш ўрнига ўз жуфти-ҳалоли билан даҳанаки жанглар, низолар остида ўстирган фарзанддан қандай рўшнолик кутиш мумкин?

Жамиятимиздаги  янги қурилаётган ҳар бир ёш оиланинг психологик қарашлари, оилага, турмушга ва фарзандларга бўлган муносабатнинг соғломлиги энг муҳим жиҳатлардан бўлиши лозим. Чунки миллат наслининг ҳар томонлама етук ҳамда руҳий зўриқишларсиз вояга етишида ота-онанинг, оиладаги тўғри тарбиянинг ўрни беқиёс.

Чўлпоной АҲМЕДОВА,

журналист