May 8, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Бахтсиз одамлар қиз бола бўлиб туғиладими?

 1,023 total views,  6 views today

Нимадир ёзишим керак, аммо нима? Ўша сийқаси чиққан мавзулар: ёшларимизнинг одобсиз бўлиб кетаётганлиги, ижтимоий тармоқларнинг тарбиямизга таъсири, порахўрлик, газ, свет муаммолари… Бу мавзуларда биз ёзиб чарчадик, сиз ҳам ўқиб чарчагандирсиз. Келинг, бундай қиламиз: мен бугун ҳеч нима ёзмайман, фақатгина ёзилганини сизга етказаман, сиз эса бир инсоннинг тақдиридан ўрнак оларсиз, балки ачинарсиз, сизнинг яқинларингиз орасида ҳам шундай воқеа­лар бўлмаслиги учун ҳаракат қиларсиз…

“Балки бу гапларим сенга эриш туюлар, мийиғингда кулиб қўярсан. Лекин, ишонавер, менинг бугунги ёзадиганларим хаёлларим маҳсули эмас, бу менинг ҳаётим, менинг тақдирим.  Буларни ёзишдан мақсадим эса ягона: менинг хатоларимни сен так­рорлама! Ота-онамнинг хоҳиши билан 18 ёшимдаёқ турмушга чиқдим, иложим қанча, якка-ю ягона қизлари бўлсам, уларга қаршилик қилолмадим. Йиғлаб-сиқтаганим ҳам, ўқийман деганим ҳам, орзу-истак­ларим ҳам уларнинг кўзига кўринмади, дадам ўз бизнес ҳамкори, яқин дўстининг ўғлига мени турмушга берди, кўникишга мажбур бўлдим… Дугоналарим олийгоҳларга топшириб, ўз орзу истаклари томон қадам ташлаётган бир пайтда, мен оила ташвишларига кўмилиб қолган эдим. Ҳозир буларни сенга ёзар эканман, ўз ота уйимдаман, сабаби эса учта қиз фарзандли бўлганим, ўғлим йўқлиги. Булар учун кимни айблашни билолмайман, агар ўшанда ота-онам мени мажбурлаб турмушга бермаганида, ҳозир ҳаётим бутунлай бош­қача бўлармиди?! Ёки мен қаттиқроқ қаршилик қилганимда, бу воқеалар содир бўлмасмиди?..

Хуллас, хаёлларим чалкаш, бундан кейин яшашим учун бир сабаб — бу қизларим, улар учун ҳам сабрли бўлишим керак… Токи улар улғайгач, юрагимни тилка-пора қилувчи шу сўзларни айтмасин: Бахтсиз одамлар қиз бола бўлиб туғиладими?

Негадир кўпчилик келин­чаклар биринчи фарзанди ўғил бўлишини хоҳлашарди, бунга ҳеч тушунмасдим, токи учинчи фарзандим ҳам қиз эканлигини билгунимча… Турмуш ўртоғинг, қайинукаларинг олдида юзинг ёруғ бўлиши учун ҳам ўғил фарзанд кўришинг керак, қўчқордай ўғил! Кетма-кет учта қиз кўрдингми, кейин кўрасан томошани!  Энг оғриқли нуқта ҳам шу аслида, нега миллатимизда ўғил фарзандни қизлардан афзал кўришдай тушунча мавжуд? Бунинг сабаби нима, нима учун?

Насл давомчиси, энг оммавий сабаблардан. Ўғил фарзанд бўлмаса, насл йўқолиб кетади. Айтчи, агар Аллоҳ тирноққа зор қилса, қизни ҳам раво кўрмасачи? Шунда ҳам шу важни айта олишадими? Ёки тасаввур қилайлик, узоқ йиллардан кейин қиз фарзанд­ли бўлса, бу наслимни давом эттирмайди деб кўчага чиқариб қўядими? Албатта, йўқ! Чунки муҳими ўғил ёки қиз эмас, муҳими фарзанд.

Ўғлим-меросхўрим дейди кўпчилик. Ёшлигимда қўшнимиз доим келинини ўғил туғмагани учун сиғиштирмасди. Ўғлим меросхўрсиз қоладими, деган гапларини эшитиб, онам ҳам фақат битта қиз кўрганини, лекин бувим уларга ҳеч ҳам бу мавзуда гапирмасликларини кўриб, хурсанд бўлардим. Бир куни бувим қўшнимиз билан гаплашиб турганларида шундай деган эди:

«Ҳой, баракатопгур, бу келинга ҳеч кун йўқ экан-да! Шукур қилсангизчи, қўғирчоқдай иккита неварангиз бор, топиб олган гапингиз «ўғлим мерос­хўрсиз қоладими?» Нима, неварангизни Амир Олимхоннинг хазинаси кутиб турибдими?». Бувимнинг шу гап­ларидан эшитиб, тушунган эдим, меросхўрсиз қолиб кетдик, деган гап қанчалар кулгили ва бемаъни эканлигини. Буни англаш учун эса елка устидаги бошни яхшироқ ишлатиб, сал кенгроқ фик­рлаш керак, холос!

Бу сабаблар асоссиздир, лекин айтчи қариганда сени ким боқади деётгандирсан. Унда эшит, аввало ризқ Аллоҳдандир, истаса, уни ўғилнинг қўлидан беради, истаса, қизнинг. Ўғиллари вафо қилмай, умрининг охирида қизи қарамоғида қолган, ёки якка-ю ягона ўғли ўз отасини, онасини қариялар уйига ташлаб кетаётганлар камми?

Кўриб турганингдек ҳали туғилмасиданоқ эътирозларга сабаб бўладиган, туғилгач эса миллат, менталитет, стреотип­лар қурбони бўладиган шахс — бу биз, қизлар. Ҳеч эътибор берганмисан, қиз фарзанд ўғил фарзандга қараганда эртароқ юришни бошлайди, эртароқ гапиради. Боғчада, мактабда ҳам ўғил болалардан кўра қизлар фаолроқ, билимлироқ, тартиблироқ. Лекин йиллар ўтиши билан улар кўзга кўринмай қолади, ижтимоий фаоллиги сустлашади, бармоқ билан санарлиси олий маълумотли бўлади, унданда камроғи ўзи хоҳлагандай ишда ишлаб, ўз орзуларига эришади.  Кел, сабабини эса ён-атрофдан қидирамиз. Ёшликни эсла, уйинг­да аканг ёки уканг бўлса, аниқ шу гапларни эшитгансан: “Яхши ўқисанг, ақлли, пули кўп одам бўласан. Мени машинангда айлантирасан, Ҳажга олиб борасан. Бунинг учун эса кўп ўқишинг, ақлли одам бўлишинг керак» ва ҳоказо. Сен эса, ақлингни танибсанки, оилада фақат яхши рафиқа, яхши келин, уй бекаси бўлишга тайёрланади, қулоқнинг тагида эса доим бир хил қолипдаги гап­лар:

— Қиз боласан, ярашмайди!

— Қиз боласан, сенга тўғри келмайди.

— Қиз бола нарсая, уят бўлади.

—      Қиз болага ўқишни ким қўйипти. Тўғрида, эртага бировнинг уйига кетадиган қизга ҳамма ҳам пул тикавермайди. Эҳ, узр, пул тикилади албатта: сарпо-суруғига. Ўқишига, бирор бир касбни эгаллаш учун эмас, мебелига, латта-путталар-у, ялтур-юлтурларга. Ўқитган тақдирда ҳам, нари бери дипломли қилиб, тезроқ турмушга узатиш мақсадида бўлишади. Қайси касб эгаси бўлишни, қайси тўгаракка боришни ва на қайси ҳунар ўрганишни аксарият қизлар ўзи танламаганидек, кимга турмушга чиқишни ҳам ўзлари танлай олмайдилар. Улар дунёга келса, қандай яшаш кераклигини танлаб беришади, улар ўқимоқчи бўлса, турмуш қуруш кераклигини танлаб беришади, улар турмушга чиқмоқчи бўлса, кимга тегиш кераклигини танлаб беришади, ишламоқчи бўлса, эрлари унга қаерда ишлашни танлаб беришади. Уларнинг хоҳиш-истаклари ҳеч қачон инобатга олинмайди, ё ўқитувчи бўлади, ё ҳамшира. Балки ундан зўр қўшиқчи чиқар, балки зўр рассом, балки зўр журналист. Буни кўп ота-оналар ўйлаб ҳам ўтирмайди… Шунда ҳам мактабни тугатгач, қизларида битта, кўпи билан иккита имконият бор. Биттада ўқишга кирса, киргани, акс ҳолда тўй. Ёши ўтгач, қариқиз деган ном олгунча, вақтида турмушга чиққани яхши… Қизнинг эса иложи қанча, улар кўникишга мажбур. Бечоранинг орзу-мақсадлари, келажак режалари, энг ачинарлиси кўнгил иши ота-она истаги, онгимизга сингиб кетган стреотиплар, қандайдир гап сўзларни деб тупроққа беланади. Улар эса кўникишга мажбур. Тўғрида, қиз болага ким қўйипти эътироз билдиришни, норози бўлишни. Улар ўз ҳаққини талаб қилмаслик, орзуларини баралла айта олмаслик, ўзи хоҳлагандай яшай олмаслик, сўзсиз жим бўлиш, эътирозларсиз яшаш, уй бекаси, она бўлиш учун яратилган. Жим бўл, гапирма! Яхши расм чизсанг, нима бўпти, кўнглинг бўлмаса, тўйдан кейин севиб қоласан, кўник. Ичса, нима бўпти, ўзи куёвим яхши, сенинг тилинг узун, шунинг учун уради. Бир марта урганида осмон узилиб ерга тушдими ё? Урмайдиган эр бор эканми? Қайнонанг ноҳақ бўлса ҳам, хўп деб тур, гап қайтарма, нима қилганда ҳам у қайнонанг, бу кунингга шукур қил, еганинг олдингда, емаганинг кетингда. Хоҳиш, истакларинг инобатга олинмаса ҳам кўник!.

Турмушга чиқмоқчи инсонингга кўнглинг бўлмаса  ҳам, кўник! Юзларинг моматалоқ бўлса ҳам,қўлинг синса ҳам, калтакдан кўкармаган жойинг қолмаган бўлса ҳам, жим бўл, ахир иккита боланг бор-а?!

Қиз боласан, одамлар гап қилади, аёл киши чидашга мажбур, онасан ахир, сабрлироқ бўл, бошқа чоранг йўқ…

Менимча, одамлар яхши ва ёмонга бўлингани каби, қизлар ҳам иккига бўлинса керак. Биринчи тоифадагилар мен ва менга ўхшаган қизлар, аёллар. Биз аввал ота-онамиз учун яшадик, кейин оиламиз, мана энди фарзандларимиз учун яшаяпмиз. Биз энди то ўлгунимизча сабр қилишга, кўникишга мажбурмиз!

Агар сен иккинчи тоифадан бўлсанг, сен бахтлисан ва мен сенга ҳавас қиламан!”

Шаҳруза САТТОРОВА,

“Жамият” маҳорат мактаби тингловчиси