May 8, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Ўзбекнинг “Шум бола”си

 664 total views,  4 views today

Ғафур Ғуломнинг 1936 йилда ёзган “Шум бола” асарида ижодкорнинг болалиги ва ўша давр ҳаёти тасвирланган. Ўткир ҳажвий қиссада ёзувчи ҳаётидан олинган кўп фактлар сақланган бўлса-да, тарихий бадиий тўқима ҳам кучли. Асарнинг дастлабки нашрларида Аччиобод, Кўктерак деган номлар учраса-да, воқеаларнинг қачон ва қаерда бўлиб ўтгани номаълум эди.

Асар бошида Соли, Тўлаган деган болалар тилга олинган, аммо Омон билан Шум боланинг тасодифий учрашувлари рўй беради. Улар мисолида биринчи жаҳон уруши арафасидаги Тошкент шаҳрининг ижтимоий қиёфаси чизилади. Шаҳар халқининг машғулоти, уларнинг ўзаро муносабати, онги ва тушунчаси, маданий тараққиётини характерловчи белгилар белги-колоритлар берилади.  

“Расталар обод. Қаймоқ бозорининг бурилишида маҳкаманинг бошида Илҳом самоварчининг каттакон чойхонаси бўлиб, унда граммафон чалинади…” Шум боланинг сўзи орқали айтилаётган ва тушунтирилаётган бундай воқеалар ўша даврдаги халқ аҳволини кўрсатишда айрича қимматга эгадир. Адиб қисса персонажлари бўлмиш болаларнинг ота-онаси касб-корини баён қилиб, кўпчилиги “босмахона ва қандолатхона ишчилари эди” дейди. Ўша давр кишиларига шу каби чиройли чизгилар беради.

“Шум бола” қиссасини ҳар гал, ҳар қандай ёшда болалик шўхликларини қўмсаб мутолаа қилишга эҳтиёж сезамиз. Бу асар ўзбекнинг иккинчи жаҳон уруши арафасидаги ҳикояси, дарди, ўзбекнинг “Шум бола”сига аллақачон айланган. Асарда характерлар гавдаланади. Зеро, олим Матёқуб Қўшжонов ёзганидек, “Асарда мукаммал тасвирланган образларгина характер даражасига кўтарила олади ва ўзининг индивидуал хусусиятлари билан бошқалардан кескин ажралиб турадиган образ”.

Мазкур жиҳатлар Шум бола образида адабий  характер,  балки  у  ўзида миллий  ва  умумбашарий  хислатларни  жам  қилган  ижодкор  шахс  образи  ҳамдир. Асар  қаҳрамони  фаолияти  ўзи мансуб  бўлган  давр  воқелиги билан  уйғунликда тасвирланади.  Шу  боис,  унда  бир  томондан ўз даврининг фарзанди гавдалантирилган. Ғафур Ғуломнинг юрагида чўғ бўлган, кичкина чўғ  ҳам аслида,  оловнинг  уруғи. Унда  буюк  ҳарорат  ва  ёруғлик  қудрати  бор. Зеро,  улкан  машъалалар ҳам  ўша  урвоқдек  чўғлардан  туғилиб,  алангаси  дунёни  тутиб  кетади.

Шоҳзоджон ОТАМУРОДОВ,

Тошкент давлат юридик

университети талабаси