May 8, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

“Тегишли чоралар кўрилди, жавобгарликка тортилди!”

 386 total views,  2 views today

Айтишларича, Жанубий Африка Респуб­ликасидаги университетга кираверишда шундай сўзлар ёзиб қўйилган экан: «Ҳар қандай миллатни йўқ қилиш учун атом бомбаси ёки узоқ радиусга таъсир қиладиган ракеталарга ҳожат йўқ. Фақат таълим сифати пасайтирилса ва имтиҳонларда талабаларга алдаш учун имконият яратилса, бас!». Аслида ҳам таълимнинг барбод бўлиши — миллатнинг, давлатнинг таназзулга учраши.

Оббо, яна эрталабдан кайфият бузилди, интернетда нималарни ёзишмайдия?! Лекин шу ўқиган гапларимда қайсидир маънода жон бор.  Таълим сифатини пасайтириш эмас, юксалтириш учун коррупция керак. Ўзи “коррупция олий жиноят” деб оғзини тўлдириб гапирадиган амалдорлар коррупция деганда фақат ўқишга кириш, имтиҳон топшириш пайтидаги коррупцияни тушунса керак. Ё уларнинг ё менинг миям айнигани аниқ. Нега дейсизми? Аслини олсангиз, шу қоринбой амакиларнинг чўнтагига келиб тушаётган миллион-миллион пуллар коррупция эмасми? Йўқ, албатта, нега энди бу пуллар коррупция бўлсин, бу пуллар дунёда ҳамма нарсадан ҳам ўз амалини яхши кўрадиган жаҳонларни лол қолдирган қоринбой амакимнинг ишга бўлган лаёқатини ошириш учун чин дилдан берилган ёки айланма йўллар орқали бериладиган совға-ку. Қоринбой амаким ҳам нима қилсинлар энди янада яхшироқ ишлаш учун бу совғани қабул қиладиларда.

Яна қўяверинг, амакимнинг чўнтагида шу пулларнинг ҳаммаси қолади деб ўйлайсиз шекилли? Йўқ, афсуски, менинг улардан ҳам катта қоринбой тоғаларим-у, калта сочли амма-холаларим кўп. Бечора амаким, сиз берган совғанинг ёнига яна ўзидан катта совғалар қўшиб, тоғалариму аммаларимни хурсанд қиладилар, нима қилсинлар креслоларини яхши кўрадилар-да.

Бунақа гапларни валдираб, жонингни куйдирганингни фойдаси йўқ дейсизми, биламан, бу нарсани тушуниб етганимга анча бўлди. Қуриб кетсин, бу аҳмоқ бошимга шунча йил йиққан билимим ҳеч нимага арзимаслигини олий ўқув юртига кириб тушундим. Қандай ўқишга кириб қолганимни ўзим ҳам билмайман. Ўлай агар пул бермадим, бир толеим кулиб қолди шекилли, уйдагилар ҳам ҳайрон…

Бизнинг давлатимизда коррупция ҳолати учун қандайдир жазо белгиланганми? Ёки фақат жиноят учун тегишли чоралар кўрилди ва жавобгарликка тортилди, дейилади холосми? Биз бечоралар эса бу тегишли чоралар нима эканини билмаймиз ҳам. Шу каби ўйлар билан дунё мамлакатларида коррупцион ҳолат кузатилганда, қандай чоралар кўрилишига қизиқдим:

АҚШ. Эҳтимол, АҚШ коррупцияга қарши кураш олиб бориш соҳасида дунёдаги энг қатъий сиёсатлардан бирига амал қилмас. Аммо АҚШ қонунлари порахўрларга нисбатан олинган поранинг уч баробар қийматидаги жарима ва 15 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазосини назарда тутади.

Германия. Бу юртда порахўр амалдорга нисбатан уч йилдан беш йилгача бўлган қамоқ жазоси хавф солади. Бироқ суд коррупцияси билан бўлган вазият бироз бошқачароқ. Мамлакатда порахўр судьялар 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Россия. Бугунги кунда Россия коррупция авж олган дунёдаги 50 та мамлакатнинг бири. Федерацияда коррупциячиларга жазо тайинлаш пора олиш вазияти ва пора қийматига қараб белгиланади. Шу тариқа Россияда ўта кўп миқдорда пора олган шахсга нисбатан олинган поранинг 80 баробаридан 100 баробаригача бўлган қийматдаги жарима ёки 8 йилдан 15 йилгача бўлган қамоқ жазоси хавф солади.

Ғарбда Шарққа қараганда коррупция жиноятига нисбатан енгил жазо тайинланади. Осиё қитъасида ушбу жиноят учун энг аёвсиз жазолар тайинланади. Хусусан, Таиландда 2015 йил 13 июлда коррупция тўғрисидаги қонунга киритилган ўзгартиришларга биноан, ўта кўп миқдордаги пора учун ўлим жазоси тайинланади. Ушбу қонун мамлакат фуқаролари учун ҳам, чет эл фуқаролари учун ҳам бир хил амал қилади. Шу билан бирга, кам миқдорда олинган пора учун ҳам бу ерда 5 йилдан 20 йилгача қамоқ жазоси тайинланади.

Хитойда ҳам пора олиш ўлим билан жазоланади. Одатда бундай жиноятчилар оммавий қатл этилади. Сўнгги ўн йилда Хитойда 10 мингдан ортиқ мансабдор шахс омма олдида отиб ташланди. 120 мингдан ортиқ порахўрга нисбатан 10 йилдан 20 йилгача қамоқ жазоси тайинланди.

Бирлашган Араб Амирликларида коррупцияга қарши кураш қонунлари ўзгача жазони назарда тутади. Бу ерда коррупциячиларнинг шунчаки қўли чопиб ташланади. Эрон ҳам порахўр мансабдорларни қатл этиш билан машҳур бўлган. Ўлим жазоси осиш орқали мамлакатнинг катта майдонларида ва омма олдида амалга оширилади. Эрон қонунчилиги учун пора ҳажми муҳим эмас, у ерда пора олганлиги исботланса бўлди. Шу билан бирга мамлакатда порахўр амалдорларнинг бармоқларини ва қўлларини кесиш амалиёти ҳам қўлланилади.

Ўзбекистонда фақат тегишли чоралар кўрилади, қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади, дегандан бошқа гап йўқ. Ростини гапиришни севадиган тилим қурсин-ку, лекин яна бир гапни очиқ айтмасам бўлмайди, агар бизнинг мамлакатимизда ҳам коррупцион ҳаолатлар учун  ўлим жазоси белгиланса, амалдорлар диназавр­лардек қирилиб кетишса керак!..

Энди интернетни ўчирамиз ва жонажон ўқув юртим, ҳеч қачон қаримайдиган домлам ёнига шошиламан. Бу кетишда келажакда мени қандай тақдир кутяпти билмадим, ишқилиб, порахўр амакимга ўхшаб қолмасам бўлгани…

Гўзал ШОКИРЖОНОВА,

ЎзЖОКУ талабаси