May 8, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

(Но) тўғри…

 285 total views,  2 views today

Янгийўлга қатновчи автобусга чиқдим, уловда 6 киши кетяпмиз. Оёғига маҳси-калиш, эгнига уриниб қолган кийим кийиб олган бир мўйсафид қўлидаги халта сумкани ёнидаги ўриндиққа қўйди. Жойлашиб ўтириб олар экан, бозордан гўшт олиб келаётганини, бу совуқ кунларда иммунитет бақувват бўлиши кераклиги ҳақида гапира кетди.

— Гўшт қанча бўлди? —  сўради сепкилли хола.

— Эҳ,сўраманг, бир кило гўштни бир ой ейдиган даврлар келди, шу пайтгача гўштни кўп еб юборган эканмиз.

Aвтобусда гурра кулгу кўтарилди.

— Ҳозир нархи осмонга чиқмаган нарса қолдими ўзи? Ёғ ҳам, ун ҳам, тухум ҳам осмонда, — гапга аралашди қизил гулли рўмол ўраб олган ўрта ёшлардаги аёл.

Кўзида кўзойнак, портфел кўтариб олган одам билан иккаламиз гапга аралашмадик, қолган 4 киши бири қў­йиб, бири олиб аёлнинг гапини маъқуллай кетди

— Ҳозирги даврда арзон нарса қолдими ўзи? Бир дона қуртни ҳам минг сўм дейди, инсофинг қургурлар.

— Энди арзончиликни тушда кўрамиз, бир кило гўшт 5 сўм бўлган  даврлар қайтиб келмайди энди.

— Ҳаммасига доллар сабабчи, курс кўтарилган деб юз сўмлик сақични ҳам икки юз сўм қилиб қўйишган.  Бу қурғур ҳам ошса, ошадики, асло камаймайди, худди мени қарзларимга ўхшаб.

Яна кулгу… Шу тариқа бири гапирганда бошқаси «тўғри», «тўппа тўғри», «шунақа» деб тасдиқлаб туришарди.

Aвтобус «Олмазор» метроси ёнига келиб тўхтади, тушадиган одам топилмади-ю, кос­тюм-шим, устидан қора пальто кийиб олган бир йўловчи чиқди. Чуқур уҳ тортти-ю, ойнага бошини қўйиб олди.

— Студентга ўхшайсан болам, — деди ҳалиги мўйсафид ёнидаги ўриндиққа ўтирган йигитга тикиларкан.

— Ҳа, шундай. Ўқиш ҳам жуда қийин бўлиб қолди, контракт қиммат, стипендия кам, ўқишдан чиқиб, ишлашга мажбурмиз. Кечаси чарчаб келиб, нари-бери дарс қиламан, иш ҳам, ўқиш ҳам ўзига яраша. Булар ҳам камдай ётоқхонани фақат биринчи-иккинчи курсдагиларга берармиш, ижарага уй қидириб юрибман. Ижара ҳақи эса ўзингизга маълум, силлани қуритиб юборади.

Тўғри,  деб юбордим беихтиёр, қолган 5 киши ҳам бир овозда маъқуллади «тўғри», «тўғри», «тўғри».

Шу  кўйи бири қимматчиликдан, бири ижара ҳақидан, яна бошқаси маҳалласида газ пастлиги-ю, кунда-кунора свет ўчиб туришидан арзи ҳол қилиб боришарди. Суҳбат шу даража кескинлашдики, ора-орада ҳайдовчи ҳам орқага ўгирилиб қараб қўярди. Очиғи, у ерда бўлган гапларнинг барини ёзишга ботинолмадим, худдики бу одамлар  уйига эмас, бирор норозилик намойишига кетаётганга ўхшарди. Уларга қараб: «Ҳой, барака топгурлар, вазият бу даражалик ёмон эмас, ҳаракат қилган одам яхши яшаяпти, қолаверса, бундай асоссиз гап­ларни гапириш яхши эмас» демоқчи бўлдиму, журъат этолмадим. Кўпчиликнинг фикрига қарши чиқишнинг оқибатини биласиз. Қўшилмасам, қўшилмабман, индамай кетсам ҳам бўлаверади!

Йўл яримлаб қолди ҳамки норозиликлар ҳали тўхтамасди. Кўзойнак тақиб олган бояги киши чидаб туролмади шекилли:

— Қимматчилик деб оҳ-воҳ қиласизлар, ундан кўра борига шукур қилсангларчи. Бозорларимизда одамнинг жонидан бошқа ҳамма нарса бор, топасан. Намунча ношукурлик қилмасанглар!

Чаён чаққандай сесканиб кетдим, мана энди жанжал бошланади, тўртови бу кишининг кўзойнагини қўлига олиб беради деб тургандим, хайрият, ундай бўлмади. Узоқ жимликдан сўнг ҳамма бир-бирига қараб олди-да, қизил гулли рўмол ўраган аёл энг биринчи гап бошлади:

— Тўғри айтасиз, ҳамма нарса топилади, тўппа-тўғри.

Бошқалар ҳам уйқудан чўчиб уйғонгандай «тўғри» дейишди бараварига.

— Худога шукур, қимматчилик йўқ юртимизда, — деди тағин кўзойнакли одам.

— Қимматчилик, қимматчилик деб нолийвериб, ўзимиз баракани учиряпмиз, — деди энг биринчи гўшт қимматлигидан нолиган мўйсафид

— Тўғри.

— Тўппа тўғри.

— Ношукурлик ёмон.

—  Мана мен сизларга тушинтирай, заводда ишлайман. Aвваллари гўшт 30 минг эди, рост, мен эса 500 минг ойлик олардим. Ҳозир гўшт 50 минг, шунга яраша мен ҳам бир миллион ойлик оляпман. Нархлар ошганига яраша маошлар ҳам, пенсиялар ҳам ошяпти-ку, ё нотўғрими деди кўзойнакли киши мўйсафидга қараб.

— Тўғри, ошган, ошган.

Навбатдаги бекатга етиб келгач рўмолли аёл тўғри, тўғри деганча автобусдан тушиб қолди.

Кўзойнакли одам кейинги мурожаатини ўқишдан нолиётган йигитга қаратди:

— Хўш, йигитча, жуда қийналаябсизми? Шукур қилсангизчи. Ўқишга киролмай юрганлар қанча, сизнинг эса нолиганингиз нолиган. Давлат ўқийман деганга имконият яратиб беряпти, йилдан йилга талабалар сонини ошир­япти. Мақсад дипломлиларни кўпайтириш, шунинг учун ҳам ётоқхоналар етишмаётгандир. Ҳали ўқишни тугатиб, юмшоқ креслога раҳбар бўлганингизда роҳатини кўрасиз. Унгача нолиманг, шукур қилинг, ижара нархлари ҳам унчалик қиммат эмас.

— Тўғри айтасиз, — деди талаба йигит, — қиммат эмас, тўғри, тўғри…

Яна кўзойнакли киши гапира кетди:

— Ўзбекистонда ҳозир Учинчи Ренессанс, мисли кўрилмаган ўзгаришлар  кетяпти. Қурилаётган «cити»лар, осмонўпар бинолар, муз саройларни айт­майсизми. Буларни қуришга кам маблағ кетади деб ўйлайсизларми? Баъзи-баъзида газсиз, светсиз ўтирсак, бирор жойимиз камайиб қоладими? Дунёда қирғин, уруш-жанжалли давлатлар қанча? Бизда эса тинч­лик, шунинг қадрига етайлик,тўғрими?

— Тўғри, тўғри. Тинчмиз минг шукур, осмонимиз мусаффо, одамларимиз бахтиёрдир.

Ҳамманинг юзида мамнунлик. «Тўппа тўғри»ни минг маротаба такрорлаб, навбатдаги бекатга етиб келдик, учта йўловчи тушиб қолди.

Энди тинчлик бўлса керак, деб турган пайтим кўзойнакли одам:

— Қизим, сизчи, сиз нима дейсиз, — деса бўладими?!

 Бундай мавзуларда жағи тинмайдиган қизнинг гап тополмай, довдираб қолганини кўринг. Нима дейишни билмай, қўлимни икки томонга ёйдим-у, билмайман деган маънода елка учирдим. Мен на қимматчилик дейдиган пессимист, на тўппа тўғри деб айта оладиган оптимист инсон эдим.

Яна такрор сўради:

— Фикрингиз қандай?

Ўлай агар, ўшанда автобус тўхтаганида манзилга етмаган бўлсам ҳам учиб тушишга рози эдим. Кўзойнакли киши ҳолатимни тушунди шекилли, мендан жавоб кутмай, гапира кетди:

— Ўзи тушунган , тушунмаган гапини валдирайверадиган, тўғри келган гапни маъқуллаб, тўппа тўғрилайдиган пасткашлар жуда кўп. Улар ўз фикрига эга эмас, қаёққа судрасанг, ўша томонга қараб кетаверади. Фақат қаёққа суд­рашни яхши билсанг, бас!

—      Тўппа-тўғри, — деб юборибман тўсатдан, кейин айб иш қилиб қўйган боладек ерга қараб олдим…

Мана кўприк кўринди. Aвтобусдан тушиб, уй томонга кетарканман, қулоғим остида фақат бир сўз жарангларди:

«Тўғри, тўппа-тўғри»

 Aслида, қай бири тўғри?

Шаҳруза САТТОРОВА,

“Жамият” маҳорат мактаби тингловчиси