May 8, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

ННТ давлат томонидан қўллаб-қувватланади

 312 total views,  2 views today

“City Palaсe hotel” (аввалги “Шератон”) меҳмонхонасида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциа­цияси (ЎзННТМА)нинг Республика ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.

Тадбирда ЎзННТМА таъсисчилари, Кенгаши аъзолари, ҳудудий ҳисобот-сайлов конференцияларида сайланган делегатлар хамда таклиф этилганлар сафида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ходимлари, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирликлар, идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. 

Кун тартибидаги масалалар қаторида Президентимизнинг “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривож­лантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони ва “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган долзарб вазифалар ижросини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар дастури лойиҳаси муҳокама қилинди ҳамда тегишли қарорлар қабул қилинди.

2018-2020 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси”га ва Уставига мувофиқ, шунинг­дек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосланиб, амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот берилди. Жумладан, Ассоциация томонидан аёллар ва ёшлар, ҳуқуқий саводхонликни ошириш ва кенг аҳоли қатламлари орасида ижтимоий-гуманитар, экология, иқтисодиёт ва таълим йўналишларида олиб борилган фаолият ва амалга оширилган ишларга баҳо берилди.

Ҳисобот даврида Ассоциация томонидан 80 дан ортиқ халқаро ва республика, 300 та ҳудудий миқёсидаги тадбирлар, 100 дан зиёд жамоатчилик эшитувлари ташкил этилди ва ўтказилди. Ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда 100 та ахборот-таҳлилий материаллар, 20 дан ортиқ методик қўлланмалар тайёрлангани қайд этилди.

Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси 2005 йилда 150 дан ортиқ ННТнинг ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, унинг асосий вазифаси – нодавлат нотижорат ташкилотларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, уларнинг фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб қувватлашга қаратилганини биласиз. Ўтган давр мобайнида ЎзННТМА Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Касаба уюшмалари федерация­си, Ўзбекистон Республкаси Адвокатлар палатаси каби бир қатор йирик нодав­лат нотижорат ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Ҳисобот-сайлов конференцияда Ассоциациянинг янги тахрирдаги Устави, тузилмаси атрофлича кўриб чиқилди ва тасдиқланди. ЎзННТМАнинг келгусида амалга ошириладиган ишлари билан бирга, устувор йўналишлари ҳамда асосий вазифалари муҳокама этилди.

Шу билан бирга ЎзННТМАга оид ташкилий масалалар ҳам йиғилишнинг эътибор марказида бўлди. Жумладан, Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Кенгаши раиси ва унинг ўринбосарлари сайланди. Ассоциация Кенгаши тафтиш комиссиясининг янги таркиби ҳам янгиланган тартибда сайланди.

Нуриддин УБАЙДУЛЛАЕВ,

“Жамият” мухбири