May 8, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

“Иккиюзламачиликни мактабдан ўрганяпмиз!”

 276 total views,  2 views today

Устозимиз берган топшириқ асосида изланиш жараёнида “Ёш куч” журналининг 1991 йилда чоп этилган сонларидаги бир саҳифа эътиборимни тортди. “Қатортолга мактублар” рукни (кейин билсам, айнан шу рукн журналнинг энг машҳур рукни бўлиб, унинг тезда оммалашишига сабаб бўлган экан) остида Наргиза Қўшоқбоева Тошкент шаҳридаги 138-мактабнинг 11-синф  ўқувчисининг мактуби чоп этилган экан. Ўқиб, ҳайрон қолдим. Бундан роппа-роса ўттиз йил аввал кўтарилган муаммо… Қизиғи, у ҳанузгача ечимини топмаган.

“Кимга қандай билмадиму, лекин менга мактабимизга комиссия келиши жуда ёқади. Нега дейсизми? Чунки комиссия келганда ўқитувчилар ва ўқувчилар орасидаги муносабат самимийлашади. Улар “бир ёқадан бош чиқариб” комиссияни кутиб олишади. Синф­ларга ҳеч қачон қўйишмаган ўқув кўргазмалари қўйилади. Ҳар доим сўкиш билан ўтиладиган дарслар  мулойимлик, очиқ чеҳралик билан, ўқувчилар тушуна оладиган қилиб ўтилади. Комиссия келган кун ўқувчи дарсдан бир нарса ўрганиб чиқади. Нега шундай-а? Нега бошқа вақт шундай ўқитишмайди?

Юқорида мен ўқитувчиларни самимий эмас дедим. Лекин бу ҳамма ўқитувчиларга ҳам тааллуқли эмас. Ота-онаси ёғлироқ жойда ишлайдиган болалар ўқитувчиларнинг эътиборли қарашидан четда қолмайди. Бошқа, мундайроқ ўқувчиларнинг кўз олдида уларни кўкка кўтаришади. Уларнинг кўпи олтин медаль соҳиби ҳам бўлишади. Мен барча ўқитувчиларга мурожаат қилмоқчиман. Опалар, акалар! Билингки, дунёда ўқувчиларга китобий тарбиядан кўра ҳаётий тарбия кўпроқ таъсир қилади. Бизга ёд олаётганимиз эмас, кўраётганимиз яқинроқ. Сизларнинг мактабда туриб ҳар хил кийим-кечакларни олди-сотди қилишларингиз, ҳозиргина бизга “коммунис­тик тарбия” бериб, ўзингиз тескарисини қилётаганингиз, раиснинг, директорнинг боласига бошқача муносабатда бўлаётганингизни, ўқувчилардан арзимаган нарсани баҳона қилиб пул олаётганингизни, байрамда совға бермагани учун баҳосини туширишларингиз, кўзбўямачилик, иккиюзламачилик, барча-барчасини биз мактабдан ўрганяпмиз. Илтимос, тилингиз билан дилингиз бир хил бўлсин, ана шунда биз сизларни умрбод эслаб юрамиз…”

Қанчалик аччиқ ҳақиқат ёзилган ушбу мактубда. Ўқиб, мактаб даврим эсимга тушиб кетди. Эсимда, мактабимизда комиссия келар экан деган гапни эшитган ўқитувчи бор эдики, шошиб қоларди. Бирданига синфхонамизда йўқ гуллар пайдо бўлар, умуман кўрмаган ўқув кўргазмалари доскага илинарди. Бошқа кунлари дарс қолдирсак нари борса бир гап эшитардик. Аммо комиссия келадиган куни дарсга келмаган синфдошимизга “синфимиз душманидек” қараларди. Чунки бир кун ёки бир ҳафта олдин устоз қулоғимизга комиссия келадиган кунни қўрғошиндек қуйган бўларди.

Биз ўқиган даврда икки хил комиссия бўларди. Бир хил комиссия аниқ бир вақтини айтмаса ҳам маълум ҳафтада ёки кунда келишини огоҳлантириб қўярди. Уларни сал бўлса-да, ҳайиқмасдан кутиб олардик. Ҳар тугул айтган санасигача синфдаги камчиликларни яшириб, “йўқолиб қолган” синфдошларимизни топиб келишга улгурардик. Бошқа бир “амаки” ва “опа”ларни унчалик хушламасдик. Чунки улар томдан тараша тушгандек даб-дурустдан кириб келишарди. Шундаям директоримиз улгурганча ўқитувчиларни огоҳлантирарди. Устамон директоримиз бир йўлини топиб, комиссияни биринчи кичкина синфларнинг хонасига олиб кирарди. Ҳар қалай бошланғич синфларда деярли ҳамма ўқувчилар дарсга келарди-да. Бу вақт ичида қолган ўқитувчилар ўз камчиликларини яширишга улгуришса, биз мактабимизга яқинроқда яшовчи синфдошларимизни дарсга чақириб келишга улгурардик. Мабодо, “ярим соатда ёки бир соатда комиссия мактабингизда бўлишади”, деган шошилинч хабарни эшитсак, дарсни ҳам йиғиштириб қў­йиб, “Азиз меҳмонларни” кутиб олишга тайёргарлик кўрардик.

Комиссия келган кун синф журналимиз талаш бўларди. Кўп вақт давомида журналимизга ручка теккизмаган ўқитувчиларимиз журналимизни кутиб навбатда туришарди. Бир тарафдан ўша кун бизга байрам ҳам бўларди. Чунки ойлар давомида баҳо кўрмаган дафтарларимизга бир кунда осмондан баҳолар ёғиларди. Бундай қисқа вақт ичида кўп ўқувчиларнинг дафтарларини тез текширишнинг ўз сири бор эди. Ўқитувчи дафтар устидаги исм фамилияга қарарди ва баҳони қўярди. Аълочиларга иккиланмасдан “5”, “4” қўйиларди. Мундайроқ ўқийдиганларга “3”, “2” насиб қиларди. Бечоралар, ҳатто,  вазифаларни тўғри бажарган бўлса ҳам. Аммо баъзан уларнинг ҳам омади келиб устоз адашиб “5” қўйиб қўярди.

Айтганча, комиссия келадиган кун ҳамма чиройли бўлиб келиши керак эди. Устоз бир кун олдин “ола-була бўлмасдан, ҳамманг оқ-қора формада кел” деб тайинларди. Эртасига ҳамма инкубатордан чиққандек, бир хил формада ўқишга  келардик. Айрим қизлар партасининг тагида чанг босиб кетган лентасини тақиб олишарди, фақат ўша куни лента тақиш керакдек гўё. Йигитлар эса ўша куни сочларини калталатиб келишмаса, эртаси куни устоз “ўзим калталатиб қўяйми”, деб қайчи билан қўрқитарди.

Мабодо, бўйинбоғли амаки билан қўлида бир уюм қоғозлар кўтариб кирган опалар “Синф фондига ёки бирон нарсага пул йиғяпсизларми?” деб сўраб қолса, ҳаммамиз бир овозда жўр бўлиб “йўқ”, деган жавобни айтамиз. Ваҳоланки, бир ҳафта олдин синф фонди учун пул йиғилган, ҳатто, баъзи бир бойваччалар бир йилликни олдиндан тўлаб қўйишган…

Мактабимизда яна “очиқ дарс” ўтиларди. У дарслар ҳам икки хил бўларди. Биринчи дарс нисбатан оддийроқ, тайёргарликсиз ўтарди. Чунки бундай дарсга фақат мактабимизнинг катта ўқитувчилари ва ота-оналар таклиф этиларди. Иккинчи дарсга тайёргарлик бир ой олдин  бошланарди. Дарсга  икки, уч кун қолганда мактабда дарсдан ке­йин қолиб репитиция қилардик. Кўпчилик синфдошларимга иккинчи турдаги очиқ дарсларимиз ёқарди. Сабаби, ўша дарс учун тайёрланган саволларнинг жавобларини устоз олдиндан айтиб қўйган бўларди. Биз эса дарсда жавобларни худди ўзимиз топгандек қилиб кўрсатардик. Шунинг учун аввал бироз ўйланиб, иккиланишлар билан ёдлаб олган жавобимизни айтардик. Қисқаси, ўша кунги дарс учун роллар тақсимланган, ким нима дейишини ёд олган бўларди. Гўёки саҳнада биз спектакль қўярдик. Актёрлар — ўзимиз, саҳналаштирувчи режиссёр — устозимиз, томошабин эса ўша маълум ва машҳур комиссия аъзолари. Спектаклдан сўнг муҳтарам ва муҳтарама назоратчилар учун устозлар томонидан тайёрланган “банкет”га таклиф этиларди. Хуллас, ўша дастурхон устида сал олдин қоғозга ёзилган барча камчиликлар худди умуман бўлмагандек унутиларди… Тўғри, мактабимизда ҳамма ўқитувчиларни шундай эди десам, хато бўлади. Яхши дарс ўтадиган устозлар ҳам бор эди. Минг афсуски, улар саноқли эди.

Энг қизиғи, келган комиссия ҳам қандайдир кераксиз қоғозларни текширарди, биронтаси келиб ўқувчининг билими билан қизиқмасди. Улар учун қоғозда қилинган ишлар-у, ўқувчининг формаси, ўғил болалар сочининг узун-қисқалиги, қизларнинг юбкасини тиззасидан пастдалиги муҳим эди. Билим эса иккинчи даражали эди. Эҳтимол, шунинг учун бугун таълим тизими жар ёқасига келиб қолгандир.

Гапимнинг  яққол исботи эса  бизнинг синф. Биз синфда 31 нафар ўқувчи ўқиган бўлсак, шундан 4 кишигина олий ўқув юртига кира олдик. Қолган 27 нафари ўқишдан йиқилди. Яна бир ачинарли исботи — ўқишга кирганлардан ҳеч биримиз мактабда олган билимларимиз орқали бу натижага эришмадик. Тўрталамиз ҳам репетиторга бориб, тайёрланган эдик. Ҳеч қандай репетиторга бормай, бор билими билан топширган синфдошларимизнинг барчаси ўқишдан йиқилди. Бугун кимга қараманг, олий ўқув юртига кириш учун репетиторга боришга мажбур. Чунки бусиз ўқишга кириш имконсиздек. Бу билан барча мактабларда аҳвол шундай демайман. Аммо мактабдан олган билим билангина ўқишга кирдим деганларни санайман десангиз, бармоқларингиз ортиб қолади. Биз томонларда эса ундайларни учратмайсиз ҳам.

Нима учун биз шунча йил мактабда ўқиб, яна қиммат репетиторга боришимиз керак? Нега мактабда олган билимларимиз билан олий ўқув юртларига кира олмаймиз? Барчаси бориб, мактабдаги таълим сифатига тақалади. Таълим сифати эса биринчи навбатда ўқитувчининг билимига боғлиқ.

Мактабларимизда комиссия­нинг кўзида ва қоғозидагина “билимли” устозлар кўп экан, фарзандларимизнинг ҳали узоқ йиллар репетиторларга иши тушиши аниқ.

Маржонабону ДАДАЖОНОВА