May 8, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Эътибор ва ғамхўрлик — инсоний бурч

 648 total views,  4 views today

Давлатимиз раҳбари Хотира ва қадрлаш кунини муносиб нишонлаш тўғрисидаги қарорни имзолаганидан сўнг юртимизнинг барча гўшаларида ҳам байрам, ҳам хотирлашга бағишланган тадбирларга тайёргарлик бошлаб юборилди. Халқимиз 9 май санасини катта хурсандчилик, катта ғам, катта афсус-надоматлар баробарида  юксак ғурур билан кутиб олади. Сабаби эса ҳаммамизга аён…

Ҳеч ким инкор эта олмайдики, Иккинчи жаҳон уруши миллионлаб бегуноҳ одамларнинг бевақт ўлимига, мислсиз йўқотишлар ва талафотларга сабабчи бўлган дунёдаги энг даҳшатли, қонли қирғинлардан бири сифатида инсоният тарихида муҳрланиб қолди.

Дунёнинг деярли барча халқлари қаторида кўпмиллатли Ўзбекистон халқи ҳам ҳақиқий жасорат ва фидойилик кўрсатиб, фашизм устидан қозонилган ғалабага улкан ҳисса қўшди. Хусусан, 2 миллионга яқин юртдошимиз жанг­ларда иштирок этиб, уларнинг 500 мингдан ортиғи қаҳрамонларча ҳалок бўлди. Шу билан бирга, уруш даврида республикамиз фронт учун зарур бўлган озиқ-овқат, кийим-кечак, қурол-аслаҳа ва бошқа воситаларни етказиб берадиган муҳим таъминот марказларидан бирига айланди. Айниқса, юртдошларимиз жанглар давом этаётган ҳудудлардан Ўзбекистонга кўчирилган 1,5 миллиондан ортиқ кексалар, аёллар ва ёш гўдакларни бағрига олиб, оғир дамларда уларга беқиёс ғамхўрлик кўрсатди.

Халқимизнинг тарих саҳифаларига ўчмас ҳарфлар билан битилган ана шундай мардлик ва матонати, олийжаноблиги, меҳр-муруввати ва юксак маънавияти барчамизнинг қалбларимизга юқорида айтиб ўтганимиз, чексиз ғурур-ифтихор бағишлаб, фарзандларимизни ватанпарварлик ва аждодлар жасоратига садоқат руҳида тарбиялашда илҳомлантириб келмоқда. Шунинг учун ҳам бугунги тинч ва осойишта кунларимиз учун жонини фидо қилган жасур юртдошларимизнинг муқаддас хотирасини эъзозлаш ва фахрийларимизнинг ҳурматини жойига қўйиш юртимизда эзгу анъанага айланган.

9 май умумхалқ байрами — Хотира ва қадрлаш кунини кенг нишонлаш, фашизм устидан қозонилган ғалабага муносиб ҳисса қўшган, мус­тақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг хотирасини абадийлаштириш, орамиздаги барча фахрийларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш мақсадида қарор асосида “Хотира бор экан — миллат барҳаёт”, “Эътибор ва ғамхўрлик — инсоний бурч” шиорлари остида юқори савияда байрам тадбирлари ўтказилиши режалаштирилди.

Бундан ташқари, ёлғиз ва кам таъминланган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг тураржойи ва уй хўжаликларини таъмирлаш, ободонлаштириш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилиши белгиланди. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига, фронт орти меҳнат фахрийларига, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш мақсадида тегишли вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар ҳамда ҳарбий қисмлар раҳбарлари томонидан ушбу тоифадаги шахс­ларни қутлаш учун уларнинг яшаш жойига ташрифлар доим амалга оширилиб келинган. Бу йил ҳам мазкур ишлар янада кўтаринки руҳда давом этиши белгиланди.

Уруш қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига тиббий билимларга эга ходимларни (шартнома асосида) бириктирган ҳолда доимий равишда патронаж хизмати йўлга қўйилиши бугунги таҳликали пандемия жараёнида, қолаверса, муборак Рамазон ойида янада савобли амаллардан бири бўлди. Уларнинг истак­лари асосида республикамиз ҳудудидаги санаторийларга бепул юборилиши ҳам Президент қарорида ўз аксини топди.

Қарорда шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда вилоятлар, шаҳарлар ва туманларда байрамга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича комплекс тадбирларни ишлаб чиқиш, Тошкент шаҳрида “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасида, вилоятларда “Ватанпарварлар” боғлари ва бошқа белгиланган жойларда ҳарбий техникалар намойиши, Иккинчи жаҳон уруши вақтидаги композициялар инсталляциясини, жумладан, уруш йилларининг қўшиқ ва куйлари ҳамда тегиш­ли шароитлар яратиш билан боғлиқ тадбирларни ташкил этиш айтиб ўтилди. Бундан ташқари, кўчалар ва майдонлар байрамга бағишланган плакатлар ва стендлар билан безатилиши акс этди.

Байрам тадбирлари ҳамда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши ва фронт орти меҳнат фахрийлари вакилларининг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган асосий маросимларга темир йўл ёки автомобиль транспортида келиб-кетиши, меҳмонхоналарда жойлашиши, овқатланиши, маданий ҳордиқ чиқариши билан боғлиқ харажатлар, шунингдек, зарур ҳолларда, тегишли кийим-кечаклар билан таъминланиши Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда – тегишли маҳаллий бюджетлар ҳамда ҳомийлик хайриялари ҳисобидан амалга оширилиши ҳам белгиландики, бу ҳам бўлса, уларга кўрсатилаётган ғамхўрлик нишонасидир.

Тошкент шаҳрида — Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда қопланади. Шу билан бир қаторда тегишли ташкилотлар Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган байрам салютини ташкил қилиши, тантанали тадбирлар ўтказиладиган жойларда жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, Хотира ва қадрлаш куни байрамини нишонлаш билан боғлиқ барча оммавий тадбирлар Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш чора-тадбирлари дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссия­сининг тавсиялари асосида амалга ошириладиган бўлди.

Оммавий ахборот воситаларига байрамга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ жараёнларни кенг ёритиш тавсия этилди.

Нуриддин УБАЙДУЛЛАЕВ,

“Жамият” мухбири