May 8, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

«Думбул праграммис» ва кабелсиз компьютерлар

 483 total views,  2 views today

Ўн бешинчи январь тонги. Туманимиз марказидаги мактабда прокурорнинг сайёр қабули бўлиб ўтиши ҳақида кеча хабар келганди. Шу сабабдан кечадан бери директордан тортиб, оддий қоровулгача ҳамманинг халовати йўқолган. Ҳар бир хона алоҳида кўздан кечирилиб, қаерлардандир кўргазма қуроллар топиб келинган, ҳар куни ҳам иситилавермайдиган синфхоналар иситилиб, сувсизликдан “ҳолдан тойган” гуллар ўрнида янгилари пайдо бўлган. “Шу бизнинг мактабимизми”, деб ҳайратдан ёқамни йиртиб қўйишимга оз қолди! Ўйлаб кўрсам, ўзим ўқиган бу мактабга келмаганимга ҳам беш-олти қовун пишиғи бўлиб қўйган экан…

Тўпалонни айтмайсизми, ҳамма мушук қаршисида қолган сичқондай ваҳимада. Ишлар компьютерда амалга оширилади, деган хабар келиши билан директор ва унинг ёрдамчиси музлаб қолаёзди. Анчадан бери электр токи камлигидан ишлатилмай, чанг босиб ётган компьютерларнинг кўпининг кабеллари ҳам ёўқ. Кимдир кабель топиб келиш учун югурди. Шу пайт кимдир «ток кам, компьютерларни ишлатиб бўлармикин», деб қолди. Ҳамма бақир-чақир қилиб, у ёқдан бу ёққа югургунча кабеллар ҳам келди. Компьютерларни ёқиб кўришмоқчи эди, электр кўтаролмай, узилди. Шу ҳолат устига прокурор ва унинг жамоаси ҳам етиб келди.

Вазият чигаллаша бошлади. Мактаб директори йиғилиш ташкиллаштирди. Электр муаммоси анчадан бери ҳал этилмагани, неча марталаб хат билан чиқилса-да, муаммо ўша-ўшалигича қолгани маълум қилингач, ўша хатлар прокурор олдига қўйилди. Прокурор ўқиб чиқди. Унинг ёрдамчиси электросетга боғланишга киришди. У ёқдагилар «бизда бунга ечим йўқ, у бош­қа линияда» каби мужмал важ тўқиди. Электросет бошлиғи бошқа мактабда қабул ўтказиш таклифини ўртага қўйди. Прокурор ҳам директор ҳам нега айнан бу мактабда эмас, бошқа мактабда ўтказилиши кераклигини суриштирди. У ёқдан «барибир бу муаммони бугун ва айнан ҳозир бартараф этолмаймиз, буни ўрганиб чиқишимиз керак», деган жавоб келди. Қизиқ, шу пайтгача нега ўрганилмаган-у, энди ўрганилмоқчи?!

Электр ва газ муаммоси юртимизнинг ҳамма жойида мавжудлигини ҳисобга олсак, уйимиздаги бунақа машмашани гапирмай қўяқолай. Кеча маҳалла хотинларининг «Афғонистонга электр етказиб беришни кўпайтирармиш», «Чет элдан газ сотволармиш» деган миш-мишлари қулоғимни қашилаб ўтди. Нима сабабдан юртимиздаги хонадонлар ва мактаб­ларга, электр етмайди-ю, экспорт қилинар экан, а? Ёки тепадагиларга электросет ходимларига ўхшаганлар «ҳаммаси яхши, ҳамма жойга электр узатилишида узилишлар йўқ» қабилида маълумот етказилганмикин? Бу маълумотларга ўша тепадагилар кўр-кўрона ишониб, бемалол “соққа” қилишяптимикин? Лекин қойил қолганим, бизни ўйлаб, газ сотиб олишяпти. Энди таппи ёқмаймиз, уйимиз тутундан қораймайди, ҳидланмайди. Ёзда қора гўнгга беланиб таппи қилмаймиз. Мана, Адолатхон аянинг ҳам дараги чиқди, шекилли. Маҳалла хотинларининг борига шукур-эй, булар бир гап айтса, ўша гапи икки уч соатдан кейин интернетда, яна икки уч кундан кейин телевизорда, бир ҳафтадан кейин газетада чиқади-да! Қойил қолмасдан, илож йўқ.

Мактабда электр ва газнинг муаммоси туфайли иситиш тизимида ҳам узилишлар мавжуд. Ундан ташқари, дарс­ларда ўқувчиларнинг яхши таълим олиши учун уларга кўргазма сифатида дарс ишланмалари ва қўшимча материаллар учун ҳам электр керак. Тил соҳасида ҳам, информатика соҳасида ҳам электр бўлмаса, бўлмайди. Тил ўрганишда ўқувчилар аудио ва видео дарслардан фойдаланиши керак. Информатика дарси учун компьютерлар зарур. Ўқитувчилар «свет йўқ, бундай дарсларни ташкиллаш эса имконсиз, ўқув дастурида эса бор», дея куюнишади.

Вазият эса бошқача… Тошмат тоғанинг ўғли Тажи ТАТУга ҳужжат топшириб, имтиҳондан ўтолмай, йиқилганмиш, ҳозир «бели гипсланган». Айтишларича, оғир юкдан зўриққанидан бел суягида ёрилиш бор экан. Имтиҳон оғир бўлган кўринади.

Маҳалла бошидаги Садр калнинг айтишича, бор-йўғини сарфлаб, супер-контрактга киргизган ўғли биринчи дарсида компьютерни ўчириб ёқа олмай, ҳамманинг олдида шарманда бўлган экан. Ҳозир университетдагилар уни «думбул праграммис» деркан. Садр шунга ҳам хурсанд, «ўғлимни праграммис, дейишяпти, қойилмисан?».

Мактаб кутубхонасида ишлайдиган бир опа билан исситиш тизими тўғрисида гап­лашганимда ўзи оёқ ва қўлларим ҳолатни музлаб қолар даражада билиб олганди. Кутубхонани умуман иситиб бўлмайди, ҳатто, иситиш печлари ҳам йўқ. Электр токи эса тепадаги ҳол.

— Биз бу ерда ҳар куни совуқдан қўлларимиз музлаб ишлаймиз, шу, совуқ тушгандан бери неча марталаб қайта-қайта шамоллаб қолдим. Ҳатто, COVID-19 юқтирдиммикин деб, тест ҳам топширдим. Натижада англадимки, коронавирус ҳам бу ернинг совуқ ва захлигига дош беролмас экан, яқинлашолмапти, дея ҳазиломуз гапириб берди опа. — Баъзан, иш давомида компьютер ишларини мактабдан ташқарида — компьютер хизматларида фалон сўмга қилиб келамиз, бу ерда эса ҳолат бу, тағин, кўчадаги ишларга ўз ёнимиздан тўлаймиз, ойлик маош эса меҳнатга арзирли эмас.

Мактабдаги муаммо ҳам ечимини излаб қаергадир кетди, шекилли, ҳамма жимиб қолибди. Мен ҳам секин сирғалдим. Бирор янгилик бўлиб қолса, хабарлашамиз!

Достонбек БАХТИЁРЗОДА,

“Жамият” маҳорат мактаби тингловчиси