May 8, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Ҳақиқатга тик қаранг, жаноб!

 447 total views,  2 views today

“Газетанинг замони ўтяпти”.

Бу — баъзи бўлмағур одамларнинг гапи! Ва баъзи маърифатдан узоқ раҳбарларга ёқаётган гап.

Яқинда маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирига узоқ йиллар хотин-қизлар қўмитаси кўмаги ва муассислигида нашр этилиб келинган ва оддий одамларга, халққа яқин бўлиб келган нашримиз – “Оила ва жамият” таҳририяти вакиллари киришибди. Газетанинг ҳозирги молиявий аҳволи оғирлигини айтиб, обуна ташкил қилишда ёрдам сўрашибди.

Ва кутилганидек, рад жавоби берилган.

Алам қилади! Биласизми, биз “Оила ва жамият”да шаклланган янгича журналистика мактабидан кўп нарса олиб катта бўлган авлодмиз, газетачилик анъаналарини ҳеч ҳам эсдан чиқаролмаймиз. Бир вақтлар бу газетанинг адади ҳозирги энг кўп чиқаётган нашрдан ҳам бир неча баробар кўпроқ эди. Ва у ўйлайманки, бугунги манаман деган мутасадди ташкилотдан кўра одамларга яқинроқ, дардкашроқ, ҳамдардроқ эди. Бу катта ва жуда кўп меҳнатлар эвазига эришилган эътироф. Буларнинг ўрнига нима бор? Ҳозир ўша яқинликка ета­оладиган ўзаро яқинлик, алоқа йўқ-ку! Ҳозир уйма-уй юрибмиз. Ваҳоланки, ўша пайтда газеталар борарди уйма-уй…

Бугун баъзи замоннинг “ақли дониш”лари гаджетлар-у, сайтлар орқали дунёни забт этиш мумкин, деб ўйлашади. Лекин бу доноларнинг хаёлига ҳам келмайдики, гаджетлар ҳатто пойтахт Тошкентда ҳам яхши ишламаяпти. Қиш­лоқларни гапириш эса мутлақо ортиқча! Мана, янги гап, яқингинадаги гап: Россияда чиқадиган “АиФ” газетасида ёзилишича, Россия Бош вазири ўринбосари Дмитрий Чернишенко мамлакатнинг ҳудудини 2030 йилгача интернет билан тўлиқ таъминлашга бор кучимизни сарфлаймиз, деб баёнот берган. Ҳали буям бир ваъда. Амалда қачон бўлишини вақт кўрсатади. Биз Россиядан бу борада илғорлаб кетмагандирмиз ёки адашдимми? Бирови Европами, Америкада ўқиб келиб Ўзбекистонда Америка дунёсини тасаввур қилса, биз айбдормизми?

Иккинчидан, қани маҳаллаларимизнинг бутун бўйи-бастини ёки биронта соҳанинг сир-асрорларини ўзбек тилида муфассал ёритиб берадиган, ёхуд мукаммал билим ё ахборотни излаб топа олиш мумкин бўлган биронта сайт борми? Бу саволни нега ҳеч ким бермаяпти? Нега вазирни бу жиддий масала ўйлантирмаслиги керак? Қолаверса, гаджетларнинг йўли бошқа! Ижтимоий тармоқларнинг ҳам функцияси бошқа! Информация билан маърифатнинг, ахборот ва маълумот билан таҳлилнинг фарқига қачондан бери боролмай қолдик? Яна минг афсуслар бўлсинки, бугун кичикни кичик десак, баъзи бир ўзини катта билмишлар ҳам телеграм, фейсбук ва бошқа хил ижтимоий тармоқ хизматларини ҳам оммавий ахборот воситаси деб тушунмоқдалар. Ахир, қўлида телефони бор лекин на маълумоти, на бирон матбуотга оид мутахассислиги, на бирон жойда тайин ишхонаси бўлмаган одам қандай қилиб матбуот вакили бўлсин?!

Кўчада юрган одам борки, сўз эркинлигидан фойдаланиши мумкин, албатта. Бу ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқи. Аммо айтайлик, биров ўзини блогерман деб атаса, бир думалаб ОАВ ходимига, ҳатто раҳбарига айланиб қолаётганларга энди раҳбарларимиз “эргашиб” кетавермаслиги жоиз. Йўқса, ҳақиқий матбуот билан, кўчадаги “шантажчи”нинг фарқи қолмайди.

Ўйлаб кўринг, истаган киши маълумотли бўлсин, аммо мутахассис бўлмаса, оқ халат кийиб олгани билан шифокорга айланиб қолмайди-ку!

Шундай экан, минг тасвирга олсин, ижтимоий тармоқларда профил очиб “Америка очсин”, профессионал касбга эга бўлмагач, бирортаси валломат бўлса ҳам журналистга айланиб қолмайди.

Ҳа, шундай! Қолаверса, биронта фанни чуқур ўрганиш, мавзуни тўлиқ англаб етиш учун ўзбек тилида тўлақонли ахборотни интернетдан олиш имкони йўқ экан, нима қиламиз чираниб? Қани мантиқ?

Шу боис, мен жамиятни газеталарга қарши қўйган кимсаларни маънавият ва маърифат кушандалари дегим келади. Гап босма матбуотда нон еяётганларнинг ишсиз қолишидан хавотир олишда эмас. Уларга кун сайин “саводи гуллаб бораётган” юртимизда иш топилади. Топилганда қандоқ! Фақат юртга чин муҳаббат ва садоқат билан хизмат қилаётган соҳани оёқ ости қилишларига чидаб бўлмаяпти.

Масала обунани кўр-кўрона рад этиш топшириғини берганлар, бу ишдан “ўлгудек қўрқиб яшаётган” раҳбарларнинг ношудлиги ҳақида. Майли, менга қўшилмаслигингиз мумкин. Аммо эшитинг! Мен айтмоқчи бўлаётган аргументларни тарозига солиб кўринг. Кейин фикрингиз ўзгарар балки…

Президент Ўзбекистонни маънавияти баланд мамлакатга айлантиришни истаяпти. Астойдил, чин қалбдан ёниб истаяпти. Учинчи Ренессанс деганининг замирида бугунги эмас, эртанги жараённи назарда тутаётган Юрт Раҳбари бугун ўша ёруғ кунга пойдевор қўймоқчи.

Маорифга сарфланаётган маблағ-у, эътиборнинг чеки йўқ. Маънавиятни энг муҳим масала сифатида неча бор кун тартибига қатъий қилиб қўйи­лаётганини-ку такрорлашга ҳожат йўқ. Матбуот ва ҳаттоки “мажбурий обуна” деган атамагача шахсан гапирди-я…

Лекин Президентнинг бу гапи нега ижрога қаратилмаяпти?

Хўш, айтинг, жаноб “беназир”лар, сизнингча, маърифат қайси воситалар орқали жамиятга етиб боради? Учрашувлар орқалими? Маънавият бўйича ҳар доим мажлисга борувчи маълум тоифадаги жамоаларга ўқиладиган ва қарсаклар билан ўтиб кетадиган икки соатлик мажлислар жамият саводини оширади, деб ҳалиям ишонаяпсизми, балким шундай деб одамларни ишонтирмоқни истарсиз? Ҳаётга кўзимизни очиб қарайлик. Шу пайтгачаям, бундан кейин ҳам бу усул билан жамият ўзгармаган, ўзгармайди, нафақат ўзгармайди, биз вақтдан ютқазамиз, холос. Бундай тадбирларнинг “юз йиллик” “эксперт”ларига бир боқинг. Баъзилари коммунистик партия ғояларини ҳам тарғиб қилган, вақтида!

Одам уларнинг орасида кучли салоҳиятга эга бўлган психологлар, файласуфлар, илм-фан намоёндалари, адабиётнинг нуктадон билимдонлари бўлишини истайди. Қаёқда дейсиз? Маънавиятнинг оёғини кишанлаб келганларнинг баъзилари ҳам ҳали минбарлардан тушгани йўқ! Нима қиламиз яшириб?

Ахир бугун ижтимоий тармоқларнинг очиқ информация­ларига тобора тўйиниб бораётган жамоатчиликка расмий маърузалардан бир жўяли таъсир қила олишига ишониш нодонликдан бошқа нарса эмас.

Иккинчи жиҳат, аҳли жамоанинг бош объекти маҳалла, тўғрими? Хўш, маҳаллада ҳозир маърифатнинг ўрни қандай? Янаям аниқроқ қўямиз масалани: Ўзбекистонда бугун қанча фоиз маҳаллага зиёлилар раислик қилмоқда? “Зиёли” дегани жуда қўпол айтганда, диктант ёзса хато қилмайдиган одам дейлик. Назаримда, бу саволга Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг ўзи ҳам жўяли жавоб бера олмайди. Чунки бунақа реал маълумот унда йўқ эканлигига аминман.

Хўш, маҳаллага давлат томонидан қўйилаётган вазифалар қайси йўл билан етиб бораяпти? Мажлисларда, дўқ-пўписа билан! Тўғри! Аммо бу раиснинг ўзига борадиган топшириқлар. Аммо маърифий информацияларчи? Биз кўп ҳолларда ҳокимларнинг дунёқараши ва раъйидан келиб чиқиб сайланган маҳалла раисларининг салоҳиятига ишонамиз. Ишонмайлик! Бу тўғри йўл эмас. Улар газета ўқимаса, лоақал “Ахборот”ни кўрмаса, қанақа қилиб давлатнинг манфаатини ўйлайди. Ўйлайди эмас, аввало тушуниши, билиши керак-ку ахир! Ҳозир амалда улар фақат ҳокимнинг берган топшириғини бажариш ва мажлисда гап эшитмаслик ҳақида ўйлайди.

Ахир вазирлик ва қўмиталар, агентликлар бугунги замон талаби билан ишламоқчи бўлса, аҳоли, жамоатчилик, ҳеч қурса, ўзининг тасарруфидаги ташкилотларга ўзи ҳақида, йўналишдаги ислоҳотлар ҳақида муфассал ахборот етказиб туриши шарт-ку! Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг сайтига кириб, сиз ўзингизни соҳага монанд қизиқтирган саволларга жавоб излаб кўрингчи, “қорнингиз тўяр”микан?

Шунча гапдан кейин…“Оила ва жамият” газетаси “ўлди”! Мен яна бир худди шу тақдир билан рўбарў бўлиб турган бош­қа бир нашр ҳақида ўйлаб қоламан. Бу бевосита маҳалла фаолиятига ихтисос­лашган “Маҳалла” газетасидир. Унинг бир-иккита сонидаги мақолаларнинг сарлавҳаларини келтираман: “Маҳалла раисига суиқасд қилинди”, “Қорин ғами ҳал этилса, бас. Бугун дард-у ташвишимиз шу”, “Оғир аҳволдаги мактаб­ларнинг таъмирига неча йил керак?”, “Амалдорлар болаларини ахлоқсиз қилиб тар¬бия­лаяптими?”, “Ичкиликни қоралаймиз, аммо нега дўконлар кўпаймоқда?”, “Ишсиз фуқароларга иш қидириб кунимиз ўтяпти”, “Ҳар ким ўз вазифасини бажарса бўлгани”… сарлавҳаларнинг ҳеч бири маҳалла мутасаддисига бегона эмас, уларда кўтарилган мавзулар шубҳасиз оқсоқоллар, раисларнинг дунёқарашини оширишга бел боғлаб турибди. Айтинг, бундай маърифий қувватни яна қаердан олади улар?

Бугунги кунда ҳафтасига 24 саҳифа чиқаётган “Маҳалла” Россиянинг “АиФ” нашри услубида, ниҳоятда долзарб ва ўқишли чиқмоқда. Вазир аслида тарғибот нуқтаи назаридан ўзи учун бундан кучлироқ суянчиқ, ёрдамчи тополмаслиги аниқ. Яна бир ҳақиқат шуки, газета ҳозирда ҳар қандай босма нашрга ҳам услуб, ҳам талқин, таҳрир ва ҳам чиройли безак даражасида баланд­лик қиламан, дейдиган нашр. Шундай экан, соҳа раҳбарияти бу катта тирговучни нега ўзидан итаряпти? Ахир, газетанинг бу қадар керакли дўст эканини англаш учун нима етишмаяпти? Бундай нашрларни кучли мутахассислар, муҳаррирлар-у, дизайнерлар чиқара олади. Иккиланмай айта оламанки, “Маҳалла”нинг ҳар қандай сонида берилган материаллар тўплами ҳам даражаси, ҳам долзарблиги ва ҳам кўлами ва сони жиҳатидан мана-ман деган сайтни орқада қолдиришга қодир. Мана, парадокс!

Вазир эса бу ҳақиқатни тан ҳам олмайди, бунга эътибор ҳам қаратмоқчи эмас. Хўп, газеталарни илгари ўқимас эдик, рости “тез ўқиладиган” эди кўпчилиги. Лекин бугун бундай эмас-ку! Бугун одамларни ўйлантирадиган, муайян мавзуларга омманинг тўғри фикрини шакллантира оладиган кучга эга бўлиб қолганида таҳририятлар фаолиятига бу қадар совуқ муносабатнинг боиси нимада? Ваҳоланки, газета вазирга керак бўлмаса, маҳаллалардаги оқсоқолларга, миллионлаб юрт ишқида ёнаётганларга керак-ку! Ҳеч қурса шуни тушуниш наҳотки мумкин эмас?

Яна битта аччиқ ҳақиқат шуки, агар вазирлик бугунги бутун девони билан ҳаракат қилса ҳам бир ҳафтада шу газетанинг таъсир кучичалик таҳлилий иш, таъсирли маърифат, ўқишли илм тайёрлаши даргумон! Мен бунинг аксини исботловчи раддияни тинг­лашга, ўқишга ва агар исботи бўлса, мардларча қўл кўтаришгаям тайёрман!

Тўғриси, мен ҳозирги Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирини шахсан танимайман, унга ҳеч қандай хусуматим ва давоим ҳам йўқ. Фақат бир пайтлар маҳалла фаолиятини изчил ёритган журналист сифатида тизимнинг бундай маҳдуд ахборий аҳволига нисбатан бефарқ қолгим келмаяпти. Қолаверса, газеталардек жамиятнинг дўстларига қарши бўлган ҳар қандай раҳбарда замон сиёсатининг амалдаги ижросига, унинг оддий одамлар қалбига етиб боришига қарши бўлган шахсни кўравераман.

Шахсан ўзим мажбурий обунага қаршиман. Ҳозир бунинг барча сабабларини ёзиб ўтирмоқчи эмасман. Битта сўз билан айтганда, мажбурий обуна шу пайтга қадар бўлса, учта-тўртта газетага фойда келтиргандир. Келтирган бўлса агар! Аслида бу, энг аввало, уни ташкил қилганларни боқадиган коррупцион схема. Буни далиллаш учун узоқдаги архивларни титкилашга ҳожат йўқ, 2020 йилги ишлар ҳам яққол кўрсатиб турибди. Шундай экан, келинг, бошдан дўппини олиб бир жиддий мушоҳада қилиб кўрайлик. Нима қилсак бўлади?

Мард бўлайлик, қачонки нашр ўз муассиси талабига монанд эмас экан, унга ёрдам беришни талаб қилишнинг ўзи ортиқча. Бироқ “Маърифат”, “Оила даврасида”, “Жамият”, “Маҳалла” каби элга ҳам, соҳа зиёлиларига ҳам маъқул ва керак бўлган нашрларни вазирлик ва идоралар муассис сифатида сақлаб қолишлари, нафақат сақлаш, балки шу юрт равнақи учун, жамиятда тўғрилик, адолат тамойилларининг барқарор бўлишига хайрихоҳ бўлиб ривожлантириш, кенг омманинг арзон кўмакчисига айлантиришлари зарур ва шарт деб ўйлайман.

Мисол учун, “Маҳалла” нашри таҳририятини вазирлик бюджетига ўтказиб, уни барча маҳаллаларга ўз вақтида етказиб бериш тизими яратилса, муаммо ўз ечимини топади. Унинг адади қанча кўп бўлса, газетанинг таннархи ҳам тобора арзонлашиб боради. Бу барчага маълум. Кези келганда, бир гап. Халқ таълими вазирлиги, олайлик, “Гулхан” журналининг ҳеч бўлмаганда ҳар бир синфга бир донадан етиб боришини режалаштирганида эди, унинг бир донаси, йўқ, бир йиллик баҳоси эллик минг сўмдан ошмас экан. Мен бу рақамни балким озгина муболаға билан ёзаётгандирман, аммо 30 кишилик битта синфга 300 минг сўмлик обуна ҳам ҳар бир болага 10 минг сўмга айланар эди. Хўш, бу билан ким ютар эди? Жавоби аниқ!

Қолаверса, журналистлар вазир ёки раиснинг эмас, соҳанинг дўстларидир. Вазирлик тизим сифатида катта ишларни зиммасига олган тузилма. Нашрлар бу тузилма мутасаддиларининг кўзини очишга, хатоларини тўғрилашга ёрдам беради. Аслида рост гапни айтиб турадиган асл дўсти кўп раҳбар камроқ адашиши ҳам ҳақиқат эмасми? Бу жуда кўп изоҳ ва тушунтириш талаб этмайдиган ҳақиқат. Кимки, журналистларга очиқ юз билан қарашни истамас экан, у раҳбар ҳақиқатдан қўрқадиган одамдир.

Дарвоқе, гап келганда, тўхтатиб ўтирмадим. Бизга Америка-ю, Европани тарғиб қилаётган баъзи замонавий раҳбарларимизга эса савол бор, ҳақиқатга тик қаролмайдиган раҳбарлар Америкада қандай йўл тутишади, Европада жамоатчилик олдида обрўси бўлмаган вазирнинг қарори қандай бўлади? Биз биламизки — Истеъфо!

Нега унда бу қоидага риоя этмайсиз?

Эҳҳҳ…

Майли, бу энди бутунлай бошқа мавзунинг бошламаси…

Ҳусан ЭРМАТОВ