May 8, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Қисматни нарироқ суриб бўлмайди

 264 total views,  2 views today

Абдулла Орипов фалсафий фикр ҳамиша эътибор топиши, бу жиҳатдан чин шоирнинг сўзи алоҳида салмоқ касб этиши, шу боис шон-шуҳрат бобида ҳеч ким шоирга тенг келолмаслиги, бу ҳодиса ўтмиш замонларда қолиб кетмагани, у ҳозирги илмий-техника даврида ҳам шундай эканини амалда намоён қилиб яшади. У мамлакатимизда эмас, қардош ўлкаларда ҳам ғоят машҳур эди.

Кўпчилик ўзи яшаётган туман ёки вилоят ҳокимининг, вазирнинг исмини, фамилиясини билмасдан юраверади. Лекин ҳамма Абдулла Ориповни танир эди, “шоир” деганда барча дастлаб уни тасаввур қилар эди, миллионлаб кишилар унинг мухлиси, шеъриятининг шайдоси эди, минг-минглаб одамлар унинг шеърларини ёддан биларди ва ҳалиям билишади, мамлакат миқёсидаги расмий тадбирларда, Мустақиллик байрами, Наврўз тантаналарида, муассасалар, корхоналар, хонадонлардаги йиғинларда, албатта, унинг шеърлари ўқиларди, ҳозир ҳам халқаро спорт мусобақалари, Олимпия ўйинларида, давлат раҳбарларининг расмий ташрифи чоғида Ўзбекистон мадҳияси янграганида ҳамма беихтиёр ҳаяжонга тушади. Мамлакатимиз мадҳиясининг сўзларини Абдулла Орипов ёзганини эса боғча болалари ҳам билади. Ўзбекис­тон мадҳияси дунёдаги энг маънодор, энг жарангдор, энг таъсирчан мадҳия эканини хорижликлар ҳам эътироф этишади.

Абдулла Орипов файласуф шоир сифатида эл эътиборини қозонди. У Фитрат, Чўлпон, Ҳамза, Ғафур Ғулом, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Мақсуд Шайхзода, Миртемир сингари салафларникидан бошқачароқ, уларникидан баландроқ шеърият тақдим этиб, ҳақиқий шоир файласуф, донишманд бўлишини намоён қилди.

Ўтган давр мобайнида Абдулла Орипов шеърлари ҳеч кимни эътиборсиз қолдирмади. Улар дарҳол барчанинг диққатини жалб қилди, баҳс-мунозара қўзғатди, шоирнинг шеърларига тош отганлар бирданига бадном бўлиб, уларнинг ҳасадгўйлиги, нияти бузуқлиги яққол сезилиб қолди. Шоирнинг ҳар бир шеъри ўқувчиларга сўзларнинг аввал сезилмаган тароватини очиб, унинг янги маъно қирраларини тақдим қилди. Шунинг учун мамлакат раҳбарлари ҳам, турли даражадаги амалдорлар ҳам, оддий одамлар ҳам, дунёни кезганлар ҳам, қишлоғи, овулидан нарига чиқмаганлар ҳам унинг ижодига, шахсий ҳаётига қизиқиш, алоҳида эътибор билан қаради. Шу боис кўпчиликнинг ғам-ташвиши билан яшайдиган тадбиркорлар, шахсий манфаати йўлида дунёга ўт қўйишдан тоймайдиган худбин шуҳратпарастлар, имон-эътиқод, қиёмат, жаннат ва дўзах, ҳақиқат ва адолат тўғрисида ваъз айтгани ҳолда, масжиднинг пулини еб кетган қаллоблар, порахўрлик, тамагирлик қилишдан уялмайдиган очкўзлар, турли тоифадаги хулқи бузуқлар шоирнинг шон-шуҳрати соясига ўзини урди. Шоир эса атрофида ўралашганларнинг гап-сўзи, ҳолатини шеъри учун мавзу қилиб олди. Бу унинг шеъриятига ҳаётийлик ва ранг-баранглик бағишлади.

Абдулла Ориповнинг исталган шеъри у файласуф шоир эканига исбот, далил бўла олади. Масалан, унинг “Қисмат” шеърида:

“Қисматни нарироқ суриб бўлмайди,

Билмайсан, йўлингни қай вақт тўсишин.

Кўз билан ҳеч қачон кўриб бўлмайди

Дарахт ва тирноқнинг қандай ўсишин.

Нафрат ҳам улғаяр секин қатма-қат,

Эзгу ҳисларингга бермай қўяр эрк.

Болам, сен уни ҳам этгин назорат,

Дарахт ва тирноқни қайчилагандек” дейилади.

Шоирнинг аксарият шеърларида зорланиш, нолиш оҳанги устунлик қилади. Аммо бу тушкунлик, умидсизликдан эмас, ҳаётсеварликдан, одамларни ёмон кўрганликдан эмас, балки шоирнинг айрим кимсалар ҳасадгўйлиги, такаббурлиги, носамимийлиги, феъл-атвори, хулқидаги яна бошқа иллатлардан тўйганлиги, азобланганидан келиб чиққани билиниб туради.

Абдулла Ориповнинг “Бу дунёга келиб, ҳаётда кўп нарсадан кўнглим қолди. Сабаби, адолат деган нарсанинг нисбий эканлигини кўрдим. “Чархи кажрафторнинг бир шевасидан доғман” деган нарсаларни кўрдим. Ҳолбуки, мен бугунги кундан, Мустақилликни қўлга киритганимиздан жуда ҳам миннатдорман. Халқимиз мени қадрлади, Қаҳрамон даражасига чиқарди. Бу – жуда муҳим гаплар. Лекин маънавий жиҳатдан қараганингизда ёмғир атроф­дан уриб ётган бўлса, мен зонтикнинг тагида бўлсам, бу ҳаммаёқ қуруқ дегани эмас-ку? Ҳали ҳам улуғ ишларимизга соя солиб турадиган, ўз халқига яхшилик тиламайдиган, ҳамиша ўзини ўйлайдиганлар бор-ку!.. Бирорта одамнинг иши бирор идорада порасиз битмаса, атрофда ошна-оғайнигарчилик, таниш-билишчилик, маҳаллийчилик… Шундоқ бўлгандан ке­йин қонингиз қайнайдими, йўқми? Қандай қилиб ундайларни халқим деб атайсиз?! Улар халқ эмас, халқнинг номидан мен халқман деб юрган кимсалардир. Халқининг куйдирги яралари булар. Мен буларни кўрсам, ёниб кетаман. “Халқим-халқим” дейди, амал курсисига ўтиргандан кейин ўша халқни талайди. Лицензияли ўғрига айланади. Халқ далада, халқ меҳнатда, лекин оломончилик кайфиятидагилар ҳануз пайкалнинг четида” деган сўзлари унинг шеърларидаги изтироб, дардга тўла оҳангларнинг сабаби изоҳи бўлиб туюлади.

Шоир шеърларида у ўзининг таъсирчан қалбидаги дард-алам, изтиробларни, талаб ва истакларини изҳор қилгани яққол билинади. Ана шундай хусусият шоир ижодининг умумий мундарижасини белгилайди. “Ажабо” тўртлиги бунга бир мисол бўла олади:

“Дейсан, майда гапга қилмагин парво,

Улардан баландда юргил доимо

 Баланд бўлавериб бунинг баридан,

 Айланиб кетди-ку бошим ажабо!”

“Суҳбатдош” шеъри ҳам мазкур фикрни янада мустаҳкамлайди:

“Қанийди учраса шундай бир одам:

Сен ёқа бўлганда у ҳам енг бўлса.

 Ёши, мартабаси тенг бўлмаса ҳам,

Албатта сен билан кўнгли тенг бўлса.

Қанийди учраса шундайин бир зот,

Гаплашсак жайдари ёронларга хос.

Дейлик: юлдузларда бормикин ҳаёт,

Қайси дармондори қайсимизга мос.

Қанийди учраса шундай суҳбатдош,

Бир-бирин асабин арралашмаса.

Бири кўз бўлганда, бири бўлса қош,

Суҳбатга ғийбат ҳеч аралашмаса”.

Шуғулланадиган ишини меъёрига етказиб адо этиш ҳар бир кишига чексиз завқ бағишлайди. Абдулла Орипов эса шеърни қойилмақом қилиб ёзади. Бундай шоирлар адабиёт майдонида жуда кам учрайди. Уларнинг шеърлари шакл ва мазмун жиҳатидан ғоят пишиқ-пухталиги боис ҳеч ким улардан камчилик, нуқсон тополмайди. Абдулла Ориповнинг шеърларидан камчилик, нуқсон, кемтиклик қидирган киши ўзини беҳуда қийнаб, азобда қолади. Аксарият қаламкашларнинг айрим асарлари анчайин дуруст бўлади ва бу уларнинг ижодидаги муваффақият саналади. Абдулла Ориповнинг шеърлари эса нафақат унинг, балки бутун адабиётнинг муваффақияти бўлиб ярқираб туради. “Она сайёра”, “Юзма-юз”, “Муножот”ни тинглаб…”, “Йиллар армони”, “Юртим шамоли”, “Баҳор”, “Сароб” (“Ўйларим”) сингари шеърларини бошқа шоирларнинг шеърлари билан ёнма-ён қўйиб ўқиган киши, албатта, шундай хулоса чиқаради.

Ажабланарлиси шундаки, “Митти юлдуз” тўплами муаллифининг шеър­ларидаги қайсидир сўзлар, иборалар кишига жуда ёқиб қолади, айниқса, якунловчи сўнгги сатр кутилмаган хулоса сифатида одамни ҳайратга солади. Бу шоирнинг шеърларидаги хулоса ўзга қаламкашларникидан фарқли ҳолда, худди дабдурустдан содир бўлган ПОРТЛАШ каби диққатни бирдан жалб қилади. Шу боис унда бўлакча бир тароват кўринади. Бу сатр мунг, изтиробга тўла бўлса-да, у негадир кишига хуш ёқади, одам ўзини аллақандай янгиликни топгандай ҳис қилади. Ўшанда беихтиёр кўнгилдан ўтган кунлар, ойлар, йиллардан нима қолди, деган савол кечади, ёдда қолган кунлар жуда ҳам кам эканлиги, умрнинг кўп қисми лоқайдлик домида маънисиз тушдек ўтгани кишига алам қилади.

Айтиш мумкинки, шеър, шоир мавзусига ўзбек адабиётида ҳеч бир ижодкор Абдулла Ориповчалик кўп мурожаат қилмаган. Унинг бу хусусда ёзганлари шеър ёзиш унинг учун худди нафас олишдай табиий эҳтиёжга айлангани, у шеър ёзмаган пайтларида ҳолаватини йўқотиб қўйган, эсига тушган воқеаларни, эшитган, кўрган, кузатган ҳодисаларини қаламга олганида эса дили яйраб, ҳовуридан тушгани, бу донишманд шоир ҳаётнинг ҳар қандай манзарасини, кишиларнинг исталган ҳолати, гап-сўзини таъсирчан шеърга айлантира оладиган фавқулодда истеъдод соҳиби бўлганини билдиради.

Шоир шеърларининг бунчалик салмоқ касб этиши у сўзнинг илоҳийлигини, унинг сеҳри, жозибасини чуқур ҳис қилганини, ҳаёти, бутун борлиғини шеъриятга бағишлаганини билдиради. “Абдулла Орипов – шеърият куйчиси” дейиш муболаға ҳисобланмайди. Негаки унинг шоир, шеър, шеърият тўғрисидаги шеърлари ҳам бошқа мавзудаги шеърлари сингари теран фикрга, бир-бири билан туташиб кетган тиниқ ташбеҳларга асосланади. “Онажоним шеърият” ёки “ҳазил” дея изоҳланган “Шоирнинг яратилиши”ни шеъриятни чуқур ҳис қилган, шеърсиз ҳаётини тасаввур қилолмайдиган ижодкоргина ёза олади. Абдулла Орипов айни мавзудаги шеърларида шеърият учун жўшиб ёнишини жуда таъсирчан изҳор қилган. Бу шеърларда шоир билан шеър орасида одамларнинг ақли етмайдиган, мантиқий мушоҳада юритиш орқали тушунтириб бўлмайдиган боғлиқлик борлигига ишора этилган.

Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳор, Абдулла Орипов турмушдаги иллатларни кимнидир ёмон кўргани, кимдандир нафратланганидан эмас, балки улардан қутулишни мақсад қилганидан очиб ташлаган. Улар одамларнинг хулқи, феъл-атвори, ўзаро муносабатларида ҳукм сураётган салбий ҳолатларни тас­вирлашда ватанпарвар, инсонпарвар ижодкор сифатида тўғри йўл тутган. Бу улуғ ижодкорларнинг асарларида илгари сурилган ғоялар илғор фикрли, виж­донли кишилар ҳамиша ҳаёт бунда-да яхши бўлиши, одамлар бир-бирига меҳрибон, бир-бирига ҳамкор, ҳамнафас бўлиб яшашини исташидан дарак беради.

Шоирнинг ҳаёт воқелиги зиддиятларини теран бадиий таҳлил қилишга асос­ланган бетакрор шеърияти у ўз ҳаётини адабиётга бағишлагани, инсон, унинг қалбини адабиётнинг асосий объекти, бош мавзуси деб қараганини билдиради. Шу боис бу донишманд шоирнинг ижоди халқимиз ҳаётидаги муҳим тарихий ҳодисалар сирасига киради. Ўзбек адабиёти Абдулла Орипов шеърияти билан узоқ замонллар фахрланади. Чунки унинг ҳикматга йўғрилган гўзал шеърияти шу пайтгача у ҳақида айтилган мақтов, эътирофлардан беҳад баланд туради.

Абдулла УЛУҒОВ,

 Алишер Навоий номидаги

Тошкент давлат ўзбек тили ва

адабиёти университети доценти,

филология фанлари номзоди