May 8, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Тарихга ҳеч ким қизиқмай қўйди…

 41 total views,  2 views today

Иш қидираман. Пул учун эмас. Бундан роппа-роса икки йил бурун, шу кеча-кундузларда ярим тунлари уйғониб кетиб китобимни қўлга олганча ухлаб қолмаслик учун, ҳатто, ўтиришга-да қўрқиб, совуқ ҳавода йўрғалай-йўрғалай ўқиганларим учун. Улар аста-секин ёдимдан кўтарилиб бораётгани тинчлик бермагани учун, бир ноҳақликдай ичимни тирнаётгани учун иш қидираман…

Ёдингдан кўтарилса, ётиб такрорла дерсиз? Йўқ. Устозларимнинг бизга ўтган дарс­ларига бўлган чексиз ҳавасим мени ётиб такрорлашга ҳам қўймайди!

Деярли ҳар қадамда учрайдиган ўқув марказларига бош суқарканман, ҳайратланарлиси, бир хил жавоб эшитаман: “Тарихми? Афсус, умуман ўқувчи йўқ. Тарихга ҳеч ким келмай қўйди. Битта-иккита йиғилганда ҳам сизга ўхшаганларни жон деб чақириб олардик…”

Айниқса, бугун дуч келган одам роса тўлиб ўтирган эканми, мени рўпарасига ўтирғизди-ю, куйина-куйина чамаси ярим соат гапирди: “Ҳозир ҳамма тил ўрганишга ўтиб кетди. Фақат Ielts, sifer, topik даражалари учун кўп келишяпти. Тарих тугул, она тилини ҳам ўқув режаларининг хотимасига ёзиб қўйишган. “Ҳозир чет тилини зўр ўзлаштиришим керак. Она тилини имтиҳонга яқин тезроқ ўқиб оламан”, дейишади… Шунақа гаплар, сингил» — дейди кулимсираб.

“Она тилини тез ўзлаштириб олишади, тарихни ғирт таваккал “босиб” чиқаверишади…” .

Бу гаплардан кейин менам “тарки дунё” қилиб, тил ўрганишга ўтиб кетай деб турганимда яна бир ҳодиса бўлди-ю тарки дунёчиликка бурилаётган бошимни олиб қўлимга тутқазишгандек бўлди.

Айни вақтда, Тошкентда, опамникида тураман. Поччам ниҳоятда хушчақчақ, хушмуомала, яхши инсон. Сиёсий мақомдаги “яхши” ишда, ўзига яраша лавозимда ишлайди. “Бизда, сиёсатда” дея гапираётган вақтлари у кишига  ҳавас қилган, фахрланган вақтларим кўп бўлган.

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда эълон қилинган бир танлов учун қоғоз қоралаётгандим. Шарт бўйича рўйхатда берилган китоблардан хоҳлагани ҳақида ёзиш керак эди. Албатта, китобни ўқиган ҳолда. Мен “Тарихнинг номаълум саҳифалари” китобида тўхтадим. Уни топдим. Китоб энг шармандали, англаб-англанмаган давримиз — 1937-38 йиллар қатағони ҳақида эди. Китоб ҳақида ёзаётганимдан поччамнинг хабари бор экан шекилли, “якунлаган бўлсангиз обкелингчи, бир ўқийлик. Менам кунора вазирларга хат битадиган одамман. Жумлаларингизни бир таҳрир қилиб кўрамиз, студент”, деди. Сиё­сат ичида юрган, кап-катта одамнинг таҳриридан бироз ҳайиқиб, ёзганларимни кўрсатдим.

“Тарихнинг номаълум саҳифалари”да тилимизнинг “ёввойилар тили” дея камситилган жойига дуч келиб, ғазабланганим учун ёзганларимни бироз ҳазрат Навоийнинг таърифи билан бошлагандим. Поччам бир муддат ўқидилару савол бердилар: “тарих ҳақида ёзибсизми, ёзибсиз… Нега энди Амир Темурдек, Бобурдек буюк инсонлар бир четда қолиб, Навоий билан бошлайсиз? Эҳ-ҳе-е, Амир Темурлар олдида Навоий нима деган гап-а?!”. Очиқ кўриниб турган мантиқдан қандай қилиб бу хулоса чиққанига тушунолмай танг қолдим. Гарчи, ўқиган бўлса-да, гап тил ҳақида кетаётганини яна бир қур тушунтиришга уриндим… Аммо поччам барибир ўз фикрида қолди. Опамнинг “ўзингни бос”, деган ишоравий таскини билан бақрайганча, бир боғдан, бир тоғдан келаётган саволларга бардош бериб ўтирарканман, ўқиб бўлди чоғи, китобни келтиришни буюрди. Умид билан югуриб бориб китобни олиб келдим. Китобнинг дастлабки саҳифалари Н.Каримовнинг “Ойбек 1937 йилда” номли мақоласи билан бошланганди. Поччам сарлавҳага кўзи тушдию сўради: “Нега энди етмишинчи, саксонинчи, тўқсонинчи йилмас? У йилларга нима қилган?” Йиғлаб юборай дейман. Хаёлимда Ойбекнинг 37 йил савол-жавобдаги ҳолати қайта-қайта жонланади:

“Савол. Сизнинг Аъзам Аюбий, Азимов, Худойқул Ҳакимқул билан “гап”ларингиз бор эди. Шу “гап”ларнинг моҳиятини айтиб беринг.

Ойбек. Энг кейинги “гап” 1933-34 йилларда бўлган эди. Шунда анча шоирлар бор эди. Инженерлар бор эди. Шу “гап”, оддий “гап” эди. 1935 йилда бўлмаган.

Савол. Нима гаплар?

Ойбек. Ичиш, бошқалар бўлган.

Савол. Сизда “Жўра гапи” деган асар бор. Шунда “Жўра гапи”га нимага қизиққансиз?

Ойбек. Менга чиройли туюлган.

Савол. Сиз Уйғуннинг “Ой билан суҳбати”га розимисиз?    

……………………………………..

Ҳозирги ҳолатимдан келиб чиқиб, Ойбекнинг ўша савол-жавобдаёқ ғирт соқов бўлиб қолмаганига қойил қоламан…

Поччамнинг нав­батдаги зарбаси келиб тушади: “Сиз адабиётчиларга қойил қолиш керак. Аниқ фактлар бир четда қолиб, кимларнингдир гапига таяниб, фикр юритиб кетаверасизлар. Шахсан мен, 50 йиллар қатағон бўлганлигини биламан. 37 йиллар  ҳеч нарса бўлмаган!”

Дод деб юборгинг келади. Бунисига чидаб бўлмайди…

Ахир, болалигингдан кўп бора эшитган, тарихий ва бадиий адабиётларда ўзгачалиги билан яққол бўй кўрсатиб турган бу йиллар фожиаларини ҳурмат қилган, ҳавас қилган бир одаминг кимларнингдир гапига йўйиб ўтирса…!

Ўша вақтда ўзимда куч топиб нималарнидир тушунтиришга уринганимни ўйласам, сабримга қойил қоламан.

Нималар бўляпти? Қаёққа қараб кетяпмиз ўзи? Худди Людовик XI: “Давлат бу — мен” дегандек, “бизда, сиёсатда…”, дея гап бошлайдиган сиёсатдонларимизнинг маънавий олами қайси харобага қараб йўл олган? Тарихсиз, тилсиз ҳам бирор манзилни кўзлаш мумкинми?

Айтганча, яна бир мақтансам, мақтана қолай. Менинг поччам, рус, инглиз яна, турк тилини ҳам қойиллатади!          

Гулранг УБАЕВА