May 8, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Пул турганда савияга йўл бўлсин!

 320 total views,  2 views today

Бугун маҳсулотга бўлган талабни ошириш мақсадида эфирга узатилаётган баъзи рек­ламалар ахлоқсизликни ҳам тарғиб қилаётгандек. Тўғри, реклама бизнеснинг даромадли тури, у томошабинда айнан ўша маҳсулотни сотиб олиш учун қизиқиш уйғота олиши керак. Аммо ўзимизда кўрсатилаётган ғарб мамалакатларининг рекламалари биргина шу вазифани бажаряптимикин?!

Ёшларимизнинг юриш-туриши, кийиниш услубларига мана шундай рекламалар салбий таъсир қилиши мумкинлигини ҳеч ўйлаганмисиз? Шу каби рекламаларда кўринаётган ярим яланғоч йигит-қизларга-ю, тайини йўқ рақсларга ёш авлод тақлид қилмайди деб, ким кафолат беради? Ачинарлиси, эндиликда ўзимизда ҳам маъносиз ва тушунарсиз рекламалар авж олмоқда. Мисол учун, WF, Блисс каби ичимлик­ларнинг баъзи рекламаларини кўриб, таъбингиз хира бўлиши аниқ. Наҳотки, маҳсулот сотилиши, инсон маънавиятидан устун бўлса? Рекламаларни кўраётган ҳар бир томошабин, аввало, ундан бирор маъно қидиради. Тушунарсиз қилиқлар билан ўйнаётганларни кўриб эса уларнинг ўзбеклигига ҳам ишонмайсиз.

Баъзилар: «Болажон» телеканалида бундай рекламалар йўқ-ку, қолган каналларни болалар кўрмасин», дея эътироз билдириши мумкин. Аммо тарбия, ҳаё ёш танламайди. Ҳар қандай инсон ёши нечада бўлмасин, юқоридаги рекламаларда кўрсатилаётган ахлоқсизликлардан кўзлари ва қулоқларини  беркитади.

Муҳаддислар султони Имом ал-Бухорийнинг «Ал-адаб ал-муфрад» китобида шундай ҳадис келтириб ўтилган: «Абдуллоҳ ибн Умар (р.а) дан ривоят қилинди : «Ҳаё ва имон тенг ва бир бутундир, бири кўтарилса, иккинчиси (ўз- ўзидан) кўтарилади». Одобсизликларни бемалол ойнаи жаҳонда томоша қилиб, ҳаёсини ҳам, имонини ҳам йўқотиб бораётган рекламаларни «бу бизнес», деб  ёқлайдиган кимсалар пулни ҳар қандай нарсадан устун кўрувчилардир.

Моҳим ТОПИЛОВА,

ЎЗЖОКУ талабаси