May 8, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Газета сотаман, нос ҳам бор!

 385 total views,  6 views today

Сигарет, нос, совун, тиш пастаси, соқол оладиган устара, ҳожатхона қоғози каби кундалик юмушда фаол ишлатиладиган турли маиший воситаларнинг қаерда сотилишини жуда яхши биласиз-а? Ўйлайсизки, улар бозорда, дўкон ёки супермаркетда сотилади? Адашасиз, булар матбуот дўкони (киоск)ларда сотилади.

Гапимга ишонмасангиз, қуйидаги суратларга боқинг! Ушбу суратларни кўриб, ўзимизга ўзимиз қарши чиқаётган бўлсак, ажаб эмас…

Янги йил арафаси. Дам олиш куни бўлгани учун оилавий байрам дастурхонига тайёргарлик кўришни режалаштирдик. Ширинликларга буюртма берилган. Уни олиб келиш эса менга юклатилди. Ширинликлар тайёрлайдиган дўконга борганимда бизга ўхшаб олдиндан буюртма берганлар анчагина экан. Кутишга тўғри келди. Зерикмаслик учун ўзимга тенгдош йигит билан мулоқoтга тутиндик.

Уларнинг оилавий газета мутолаа қилиши қанчалик хурсанд қилган бўлса,  матбуот дўконлари хусусида айтган гапларидан кўнглим хира тортди. Тенгдошимнинг фикрларини тўла-тўкис қоғозга туширишга ҳаракат қилдим:  “Ҳафталик, ойлик газета ва журналлар сотиладиган матбуот дўконлари деярли ҳамма автобус бекатлари атрофида мавжуд. Бу билан юртдошларимизнинг ҳар куни ОАВ, яъни газета ва журналлар билан танишиши, юртимизда кечаётган сиёсий, иқтисодий ўзгаришлардан хабардор бўлиши кўзда тутилган. Лекин бугунги кунга келиб, матбуот дўконларида газета ва журналлар турадиган ўринларни умуман ОАВ материалларига алоқасиз бошқа нарсалар эгаллаётгани ҳам бор гап. Бу ишга бизнес қилишга жой тополмаётган “тадбиркор”лар қўл уряптими, деган савол туғилиши табиийдир. Айниқса, “тадбиркор”ларимизнинг, янги йил байрами арафасида “бозори” жуда чаққон бўлади. Чунки бизга қадрдон газета ва журналлар ўрнини арча ўйинчоқлари, қорбобо совғалари эгаллаган бўлади-да. Ҳатто, баъзи ёшларимизнинг хаёлига матбуот дўконлари деганда сигарет, нос, совун, тиш пастаси, соқол оладиган устара, ҳожатхона қоғози каби кундалик юмушда фаол ишлатиладиган турли анжомлар сотиладиган шинамгина “супермаркетча” келса, ажаб эмас. Афсуски, бу фикримиз ҳақиқатга яқин. Аммо бундай тартибга мустасно ҳолатга йўл қўймай, ўз ишини аъло даражада бажараётган матбуот дўконлари ҳам жуда кўпчиликни ташкил қилади. Баъзи матбуот дўконлари улардан қай тартибда иш тутишни ўрганса, менимча, мақсадга мувофиқ бўларди. Ўзимиз учун қадрдон дўстларнинг ўрнини бошқа “дўст”ларимизга текинга бериб қўяверайликми?”

“Агар темир ишлатилмаса, занглайди. Агар сув ҳаракатланиб турмаса, айнийди. Агар киши китоб, газета ўқиб, фикрламаса, ақлда ҳам шундай ҳолат юз беради”, дейди Леонардо да Винчи.

Тенгдошимнинг фикрларини мушоҳада қилиб кўрдим. Кўз олдимда матбуот дўконлари деганда маърифат улашувчи маскан намоён бўларди. Аммо…

Мурод РАҲМАТ