May 8, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Эҳтиёт бўлинг, “тик ток”

 157 total views,  2 views today

XXI техника асрида интернет инсоният ҳаё­тининг муҳим қисмларидан бўлиб улгурди. Бугунги кунда Telegram, imo, whats app, wiber, twitter, instagram каби ижтимоий тармоқлардан доимий тарзда фойдаланувчилар бир неча миллиард нафардан ортиқ.

Бироқ яна бир шундай дас­тур борки, унинг ташкил этилганига кўп бўлмаса-да, юқорида тилга олиб ўтилган мессенжерлардан фарқли равишда тезлик билан оммалашди. Бу ҳам бўлса, интернет оламининг “кенжатойларидан” бири “Тик Ток”дир.

Яқинда бир нечта синфдош ўртоқларим қандайдир қўшиққа рақсга тушаётганини кўриб, ҳайрон бўлдим. Ёнларига бориб, нима қилаётганларини сўрасам, “буни “Тик Ток”ка қўямиз, кейин “звезда” бўлиб кетамиз”, деб хандон отиб кулишди. Тўғриси, бу жараёндан ҳайратда эдим. Боиси, тадбирларга зўр-базўр иштирок этадиган дўстларимнинг шундай “қобилиятлари” борлигини энди кўрдим.  Қизиқ, бу ўзи қандай тармоқ? У қандай қилиб инсоният ҳаётидан бунчалик тез ўрин олди?

“Тик Ток” интернет тармоғи 2018 йилда Хитойнинг “Byte Dance” компанияси томонидан яратилган бўлиб, асосан, қисқа видеоларни яратиш ва кўриш учун мўлжалланган. Ташкил этилганига унча кўп бўлмаган халқаро тармоқ ҳозирга келиб, қисқа видеороликлар тақдим этиш бўйича  нафақат Хитойда, балки бутун дунёда етакчилардан бири бўлиб улгурди, десак, хато бўлмайди. Статистикага назар ташлар эканмиз, ушбу дастурни 150 дан ортиқ мамлакатдан 2 миллиардга яқин қатлам юклаб олганига гувоҳ бўламиз.  Дастур барча мамлакатларда “Тик Ток” номи билан машҳурлик чўққисига чиққан бўлишига қарамай, “дунёга келган” юртда уни “Duoyin” номи билан аташади. “Duoyin” ҳамда “Тик Ток” аслида ишлаш тизими жиҳатидан бир хил бўлса-да, чин мамлакатида ушбу платформадаги давлат цензурасини бузадиган жиҳатлари тақиқлаб қўйилган.  Бугунги кунда тармоқнинг Лос-Анжелес, Нью-Йорк, Лондон, Париж, Берлин, Жакарта, Сеул ва Токио каби ривожланган шаҳарларда ўз офислари мавжуд.

Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, ушбу интернет тармоқларидаги “кичкинтой”нинг дунё юзини кўрганига эндигина 2 йилдан ошди. Шу сабаб бўлса керак, “Тик Ток”дан фойдаланувчиларнинг асосий қисмини ёшлар ташкил қилади. Масалан, Хитойда фойдаланувчиларнинг 60 фоизи 25-44 ёш оралиғидагилар бўлса, бошқа мамлакатларда бу кўрсаткич 43 фоиздан иборат. Россиялик мутахассислар 2019 йилда ушбу тармоқнинг мамлакатда қай даражада машҳурлиги ҳақида изланиш­лар олиб борди. Натижалар эса кишини ҳайратлантирмай қолмасди: ҳар бир ойда фойдаланувчилар ўртача 16 миллиарддан ортиқ видеони томоша қилган. 21 миллионга яқин видеони тармоққа жойлаштирган. Бундан ташқари, “Тик Ток”дан ўрин олган 23 миллиондан зиёд видеороликни бошқа  ижтимоий тармоқларга бўлишишган ҳамда 2 миллиардга яқинига “лайк” босишган.

Дастурнинг бир қанча афзаллик томонлари ҳам бор. Хусусан, у барча халқларни  бирлаштириш, ўзларидаги қобилиятни оммага кўрсатиш каби жабҳаларда қойилмақом кўприк вазифасини бажариб келмоқда. Бу жуда ҳам яхши, албатта. Ахир, иқтидорли инсон ўз маҳоратини бутун дунё билишини жуда ҳам хоҳлайди, шундай эмасми?

    Бироқ “ҳар яхшининг бир ёмони бўлади” деганларидек, ушбу платформада яхши роликлар билан бир қаторда, киши дилини ғаш қиладиган, бачкана хатти-ҳаракатларни ўзида жамлаган видеолар асосий ўринга чиқиб кетган. Бунда фойдаланувчилар кўпроқ томошабин йиғиш мақсадида ҳар нега тайёрлигини жойлаган махсус видеороликлардан билиш қийин эмас. Чамаси, бундан бир қанча вақт муқаддам айнан ушбу программа бир ўсмирнинг умрига зомин бўлган. Хориж мамлакатларидан бирида бола “Тик Ток” учун махсус видеоролик қиламан деган мақсадда машинаси билан турли хилдаги “трюк”лар қилмоқчи бўлади. У автомобилни максимал тезликка олиб чиқади ва тўсатдан тормозни босиб рулни буради. Натижада автомобиль бир неча маротаба “оёғи осмондан бўлиб”, йўл чеккасидаги симёғочга урилади. Оқибатда “Тик Ток”да машҳур бўламан деган “қаҳрамон” бу дунёни тарк этади.

Бу бизга маълум бўлган бир мисол холос. Яна бир ачинарли далил: аксарият ёшлар вақтини шу дастурда ўтказмоқда. Келажак ёшлари шундай бўлса, юртимиз тақдири қандай бўларкан деб ўйлаб қоласан киши…

Майли, ҳозирда замон билан ҳамнафас бўлиш давр талаби. Ундан орқада қолдингми, демак, қолоқ тоифа вакиллари қаторидан жой оласан. Лекин ҳар нарсада меъёр деган бўлишини унутмаслик лозим. Шундагина келиб чиқадиган муаммолар анчагина камаяди ҳамда жиддий оқибатларни етаклаб келмайди. Агар бунинг акси бўлгудек бўлса борми…

Фарангиз  АСЛОНОВА,

Ангрен шаҳри 46 умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси