May 8, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Тўй ҳам коррупциями?

 196 total views,  2 views today

— Умуман, ҳалиги умуман тўйдаги бўладиган харжлар тўғрисида гаплашиб олсак…

— Ҳеч нарсанинг кераги йўқ. Ҳамма нарса тайёр. Худога шукр, биз унақанги «эски» одамларданмасмиз.

— Бодомгача олиб қўйганмиз, ҳа-а!

— …У берамиз, бу берамиз деган гап­ларни ҳожати йўқ, менимча.

— …Бир кунлик тўй, ўтади-кетади.

Ушбу сўзлар қулоғингизга таниш туйилаётгани аниқ. Топ­дингиз, бу ўша, сиз яхши билган «Учрашув» бадиий фильмидан парча. Томошабинлар эътиборига ҳавола этилганига ярим аср бўлишига қарамай, ундаги масалалар ҳозир ҳам ўз долзарблигини заррача йўқотган эмас.

Бугун дугонам Мадина қўнғироқ қилганди. Бир ҳафтадан кейин тўйи. Шунга таклиф қилиш учун келибди. Кўришмаганимизга анча бўлганди, суҳбатимиз жуда қизиди. Гап орасида тўй харажатлари уларни анча қийнаб қўйганини, куёв томон қилинажак мебел-у, олинажак сарпо-суруғнинг рўйхатини бадастир қилинганини айтиб қолди.

Орзу-ҳавас билан тўй қилаётганини пеш қилган қайнонанинг гапларига “қойил” қолмасдан илож йўқ. Нима эмиш, келин энди шу уйнинг эгаси, уч хонани чет элнинг мебеллари билан тўлдириши, ҳар бир хона деворларининг рангларига мослаб, юрса оёғи тўпиғигача ботадиган гиламларни пояндоз, ўзи очилиб-ёпиладиган «Жалюзи» пардаларининг ял-ял товланажак хилларини муҳайё қилиши, қайнотаю қайнонанинг деярли барча уруғ-аймоғини сарпо-суруқ билан таъмин этиши керак экан. Етмаганига ошхонани янги мебеллар билан, янги рўзғор буюмлари билан жиҳозлаш ҳозирги кунда урф эканлигини айтибди. Дугонамнинг гап­ларини эшитиб, тўғриси, ҳайратдан қотгандим. Бор товоқ, кел товоқларни-ку айтмасак ҳам бўлар…

Бундай тўйларни ўтказишга қанча сарф-харажат қилинади ва уни ким қандай тўлайди? Албатта, қилинажак харажатлар қайси томоннинг гарданига  юклатилса, ўша томон қарз-қавола қилади-да. Тўйга казо-казоларнинг қадамранжида қилишида бирор маъно борми? Қайнона хўжакўрсинга деб, қариндош-уруғ, маҳалла-кўй олдида ўзини бообрў кўрсатиб, қуда томонни мушкул аҳволга солса, қиз томон ҳам борган жойи­да тиниб-тинчисин деб, барча айтилган нарсаларни муҳайё қилса, кўз-кўзга тушади, уялиб қолмайлик, дея тизгинсиз хоҳиш-истакларларини қондирса, бу бахтни кафолатловчи омил саналадими?

Бу борада жамоатчилик фикри кўп бора ўрганилган. Шу билан бирга 2018 йил 4 мартда Президентимиз дабдабали тўй-маросимларни ва давлат амалдорларининг уларга ташриф буюришини танқид қилар экан, «Тошкентда тўрт қизи бор одам ўзини осиши керак, тўй қилиш учун. Оилали, бюджетдан ойлик оладиган оддий одамнинг бундан  ўзга чораси йўқ.  Нимага?! Ҳеч қандай имконияти йўқ, барибир бечора қарз олади, ўзига қарамайди, дўхтирга бормайди, фақат шу тўйга йиғади. Кимга керак бу тўй? Бўлди, биз олдин ташвиқот қилиб кўрдик, бундан натижа бўлмади. Хиёнат қиляпмиз халқимизга, тўйларни агар жойига қўйсак, коррупция бўлмайди, адолат пайдо бўлади. Ҳамма бир хил тўй қилади… » мазмунидаги фикрларни илгари сурганди. Таълим тизими дейсизми, соғлиқни сақлаш дейсизми, йўл қурилиши, хуллас, барча соҳалардаги коррупцион ҳолатларни кўрар эканмиз, тўйларимиздаги очиқ-ойдин коррупцияни наҳотки илғай билмасак, англамасак?

Том маънодаги коррупцион вазият мана шу тўйларда, оилаларда шаклланмаяптими? Куёв томонидан бўшатиб берилган хоналарни тўлдириш учун ота-оналар нималар қилмайди? Келинга қараб: “унинг кам, бунинг кам” де­йиш ҳам коррупция эмасми? Тинч яшаши учун келин-куёв томоннинг барча айтганларини бажариши, бунинг учун ота-онаси, ака-укаларида борини бериши, камлик қилса, чет элга ишлашга кетиши коррупция эмасми? Буларнинг баридан кўз юмиб бўладими? 

Бу шиддатли замонда кўп ҳам ортиқча ҳавасга берилиб кетмасдан, аксинча, ота-она­лар  келажакда ўзларидан ке­йин фарзандларининг жамиятда ўз ўрнини топиб кета олишларини кўпроқ ўйлашлари керак. Зеро, ҳеч қандай қимматбаҳо буюм ўз меҳнатинг эвазига келганидек қадрли бўла олмайди. Шундай экан, қурилажак янги оиланинг бахтини ўз қаричингиз билан ўлчамоққа асло шошилманг! 

Ҳа, айтганча, мабодо сахийлигингиз тутиб, мени ҳам тўйга айтсангиз, бу ёғини усти очиқ машинада тарақа-туруқ умбадан-қарс қилиб, бораверамиз-да, айланай.

Қирмизой ҲАКИМОВА,

“Жамият” маҳорат мактаби тингловчиси